Қозоғистон ТИВ Каспийда ҳарбий база тўғрисидаги фикрларни инкор қилди

12:05 10 Июль 2018 Дунё
281 0
Фото: Sputnik

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг 2 июль кунги “Владимир Соловьев билан кеча” кўрсатувида россиялик расмий шахс ва экспертлар томонидан Остона билан келишилган ҳолда гўёки АҚШ “Каспийга ҳарбий база” жойлаштираётгани ҳақидаги фикрларга ўз муносабатини билдирди.

Маълумки, жорий йил 19 апрель куни Қозоғистон парламенти Афғонистонга юкларни етказиб бериш борасида АҚШ билан имзоланган шартномага киритилган ўзгартишни маъқуллади. Шундан сўнг ушбу давлат раҳбари томонидан Афғонистонни қайта тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларда АҚШ иштирок этиши муносабати билан Қозоғистон орқали юкларни олиб ўтиш тўғрисидаги протоколни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди ва 5 май куни матбуотда эълон қилинди.

“Каспийда ҳарбий база ҳақида бирорта ҳам гап йўқ … транзит фақат ноҳарбий юкларга тааллуқлидир, транзит учун нафақат Қозоғистон ҳудудлари, балки АҚШдан Афғонистонгача бўлган йўналишда жойлашган мамлакатлар ҳудудларидан ҳам фойдаланилади”, дейилади Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати изоҳида.

Хабарга кўра, бу ерда гап Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш амалиётларини давом эттиришга мўлжалланган юкларни Қозоғистон темир йўллари орқали тижорий транзити ҳақида боряпти. Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, юклар Қозоғистон миллий компаниясининг доимий ҳамроҳлигида ёпиқ ҳолда ва бирор ерда тўхтамасдан олиб ўтилади.

Қозоғистон ТИВ изоҳида таъкидланишича, шу каби транзит бундан аввал Россия томонидан ҳам таъминланган эди. Маълумотларга кўра, 2010 йилдан 2015 йилга қадар бу каби юкларнинг транзити Шимолий тақсимлаш тармоғи талабларига биноан Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали ўтган.

“Фикримизча, бу каби изоҳларнинг пайдо бўлишича, Россия ОАВ вакиллари ва экспертларининг ҳақиқий вазиятдан бехабар эканликлари, фактларни нотўғри талқин қилишлари сабаб бўлган”, — дейилади Қозоғистон ТИВ изоҳида.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар