МИБ олиб қўйган ускуна. Муаммо сайёр қабулда ҳал этилдими?

11:31 31 Май 2019 Жамият
362 0

Иллюстратив фото

Фуқаролар томонидан Иштихон тумани Халқ қабулхонасига жорий йилнинг 20 майига қадар 445 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 277 таси ҳудудий ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилган бўлса, 136 таси тегишлилиги бўйича юқори турувчи идораларга юборилган. 32 та аризани эса Халқ қабулхонаси ўз зиммасига олган. Маълумки, республикамиз бўйлаб вилоят, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари жойларда аҳоли билан сайёр қабуллар ўтказмоқда. Бундан мақсад одамларни қийнаётган муаммо ва мурожаатларни имкони борича жойида ҳал этишдир. 30- май куни Самарқанд вилояти прокурори, 2-сектор раҳбари Фарҳод Зуфаров томонидан Иштихон туманида сайёр қабул бўлиб ўтди.

Гулсара Пардаева тўнғич қизи Иштихон туманининг “Жўра Маҳмудов”МФЙда яшашини,иккинчи гуруҳ ногирони эканлигини, қарамоғида икки фарзанди борлигини айтади. Воқеа, шу йилнинг 2-январдан, 3-январга ўтар кечаси қизи яшаётган уйдан ток қочганми, хуллас фавқулодда ҳодиса туфайли уй бутунлай ёниб кетган. Шукрки, оила аъзоларидан ҳеч ким шикастланмаган. Оила жуда катта моддий зарар кўрган. Мутахассислар ёнғин сабабларини, электр симларидаги қисқа тўқнашув натижаси дея хулоса беришган. Опа трактор ёрдамида пойдевори нам тортиб нурай бошлаган уйни буздирган, сурдирган. Янги пойдевор учун тош тўктирган. Хайриятки, маҳалланинг фидойи одамлари қараб туришмапти. Ҳашар уюштирилган. Қавму қариндошлар етиб келишган. Оила моддий ёрдамга муҳтожлиги сайёр қабулдаги онахоннинг дарду ҳасратларидан маълум бўлди.

Сайёр қабулда мана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят прокурори ва туман ҳокими Ш. Негматов мазкур масаланинг тегишлилиги бўйича масъул раҳбарларга қатъий топшириқлар берди. Гулсара Пардаеванинг мурожаати ижроси масъуллар зиммасига тегишли муддатга бажарилиши белгилаб қўйилди.

Фарҳод Суюнов, “Дилшод бизнес сервис” ишлаб чиқариш хусусий корхонаси раҳбари:

Нон ва сутни қайта ишлаб чиқаришга мўлжалланган цехимни 2013 йилда очганман, 3 та доимий, 8 та мавсумий ишчи ходимларимга ойига ўртача саккиз юз мингдан, бир миллион сўмгача маош тайинлаганман. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келяпман. Яхши кайфиятда, бир маромда ишлаб келаётган эдим. 2019 йил 31-март куни Иштихон тумани мажбурий ижро бюроси ходимлари корхонамга келишди ва коммунал текширув сўнггида, “Электр ҳисоблагичингиз, туман электр тармоқлари электрон базасида қайд этилмаган, эканку!” деган важ билан электрни узиб, 10 миллион сўм жарима белгилашди. Кейин корхонамга тегишли музқаймоқ ишлаб чиқариш ускуналаримни ўзлари билан олиб кетишди. Мен нима бўлса ҳам зудлик билан жаримани тўлашга киришдим. Чунки мажбур қолдим. Қолаверса ёз мавсуми бошланиб, музқаймоққа кун сайин талаб ортаётган бўлса. Имконим борича у-бу жойдан амаллаб нақд 7 миллион жаримани тўладим. Энди қолган қисмини ҳам тўлайман деб турсам, ҳе йўқ, бе йўқ, “яна 28 миллион жарима тўлайсиз” деб туришибди. Бу гапни эшитиб қотиб қолдим. Фаолиятим эса тўхтаб қолган. 3 та музқаймоқ ускуналаримни “Агробанк” томонидан ажратилган 54 миллион банк кредити эвазига ясатганман. Ҳар ойда беш юзу олтмиш минг сўмдан тўлови турибди зиммамда.Мана икки ойдан бери ускуналарим МИБнингертўласида ётибди. Уларнинг қонуний талабларини бажаряпманку, ахир. Илтимос, менга ишлаб чиқариш ускуналаримни қайтаришга амалий ёрдам беринг! Ахир, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор бераётгани, биз тадбиркорларга янада куч-ғайрат бағишлаяптику, - дейди у куюнганча сайёр қабул жараёнида.

-Яқинда 2 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектимни ёпишга мажбур бўлдим, дея қўшимча қилади тадбиркор Фарҳод Суюнов. Мен бу билан уларга таъна-ю дашном қилиш фикридан йироқман. Аммо, мен дуч келаётган муаммолар ва айрим тизим раҳбарларининг ўз ишига лоқайдларча муносабати, мени шундай якуний қарор чиқаришимга сабаб бўлди.Сизлардан яна бир бор илтимос, менга ёрдам беринг.

Бу ҳолат юзасидан ўз муаммоларини батафсил айтган Фарҳод Суюновни вилоят 2-сектор раҳбари ва туман расмийлари жиддий тинглашди. Кейин бу муаммога дахлдор бўлган мажбурий ижро бюроси раҳбарига, ҳолатга ойдинлик киритиш сўралди.

Нурқўзи Ғаниев, Иштихон тумани мажбурий ижро бюроси бошлиғи: Бу масалани суд ҳал қилади. Сабаби Фарҳод Суюнов тадбиркор, фойдаланган иш ускунасини эса вилоят стандартлаштириш бошқармаси яроқсиз дея хулоса берган. Агар у текшириш жараёнларидан, белгиланган жарималардан норози бўлса, биз у шахсга нисбатан енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллай олмаймиз. У бизга ускунасини қайтариб беришимизни талаб қиляпти. Бу суднинг ҳал қилув қарорига боғлиқку. Лекин, мавжуд ҳолатни ўз назоратимга олиб имкон даражада тадбиркорга амалий ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Хуллас, Иштихонда бўлиб ўтган галдаги сайёр қабулда кўпчилик фуқароларнинг муаммолари ўз жойида ҳал этилди. Қолганлари тегишлилиги бўйича масъул мутасаддилар зиммасига маълум муддатларга юклатилди. Лекин, Фарҳод Суюновнинг музқаймоқ ишлаб чиқарадиган ускуналари қачон МИБ томонидан эгасига қайтарилади. Буни вақт кўрсатади.

Умид СОРИЕВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019