Мессининг «Барселона»даги издоши ёхуд отаси энди ўлимдан қўрқмайдиган футболчи ҳақида нималарни биласиз?

08:49 12 Октябр 2020 Спорт
499 0

17 ёшидаёқ Ансу Фати ўндан зиёд рекордни янгилашга муваффақ бўлди. У 17 ёшу 311 кунлигида гол киритиб, Испания терма жамоаси тарихида шундай натижага эришган энг ёш футболчига айланди. 17 ёшу 94 кунлигида испан Ла Лигасида дублга эришиб, рекорд ўрнатди. 17 ёшу 40 кунлигида Европа Чемпионлар Лигасида рақиб дарвозасини ишғол этиб, бу нуфузли турнир тарихида гол киритган энг ёш футболчи номини олди.”Кам Ноу”да гол киритган энг ёш (16 ёшу 318 кун) футболчи ҳам Ансу Фати бўлиб турибди.

Бу каби далиллар футбол жамоатчилиги эътиборини дарҳол Лионел Мессидан Ансу Фатига қаратилишига олиб келди. Кўплар унга “Мессининг «Барселона»даги издоши”, дея таъриф бера бошлашди.

Шуниси муҳимки, Фати майдонда ўзини бутун бўй-басти билан кўрсатгани сайин унинг ташқарисида камтар, камгаплигича қоляпти. Мабодо, гапирганида ҳам Месси билан ёнма-ён ўйнашидан, Испания терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётганидан, «Камп Ноу»да гол киритишидан фахрланишини айтиш билан чекланади. Табиийки, келажаги ёрқин бўлиши кутилаётган бу ёш иқтидор эгаси ҳақида «миллионлар ўйини», хусусан, «Барселона» мухлисларининг кўпроқ билгилари келади. Зеро, Ўзбекистонда «Барса»га ишқибозлик қиладиганлар оз эмас.

2003 йилда Гвинея-Бисауда фуқаролар уруши бошланди. Ўшанда Ансу бир ёшда эди. Отаси Бори Фати оиласи билан Португалияга кўчиб келди. Бори бир неча йил давомида шу мамлакатнинг қуйи дивизиони клубларида тўп сурди. Айтарли ютуқларга эриша билмади. Кейин эса ишсиз қолди. Хонадон соҳиби «Қандай қилиб қора қозонни қайнатсам экан», деган ўйлар гирдобида юрган чоғида Мариналеда қишлоғи ҳақида эшитиб қолди. Бу испан қишлоғида 2,5 минг аҳоли яшарди. Унда қадимий осори атиқалардан асар ҳам кўринмас, сайёҳларни ўзига жалб этадиган пляжлар ҳам йўқ эди. Аммо бир жиҳат мигрантларни оҳанрабодек ўзига тортади. Гап шундаки, ўтган асрнинг 70-йилларида бир гуруҳ ёлланма ишчилар иш шароитларидан норози бўлиб қўлларига қурол олишади ва зайтун дарахтлари бениҳоя кўп ушбу қишлоқни эгаллашади. Зайтун плантациялари асрлар оша у ёки бу аристократ оилага тегишли эди. Ишчилар эгаллаган плантациялар аристократ Албалар оиласи мулки эди. Иш судгача бориб етди. Норозиликлар, иш ташлашлар бесамар кетмади. Албалар оиласи охири кўринмайдиган судлашувлардан чарчади ва 1200 гектар ерни намойишчиларга топширмоқдан бўлак чора топмади. Бизнинг тил билан айтганда, қишлоқ оқсоқоли хусусий мулк ўрнида кооператив ташкил этди. Шундан буён бу қишлоқ аҳолиси зайтун ёғи экспорти билан шуғулланади. Қизиғи, бу ерда уйни ҳашар йўли билан қуришади. Уй тўлови ойига 15 еврони ташкил этади. Ансу Фатининг отаси Бори айнан шу қишлоққа келиб, ўзига мос иш топди. Юк машинаси ҳайдовчиси бўлди. Рўзғор ташвиши енгиллашгач, ота ўз ўғлини футболга қўйиш вақти келганини англаб етди.

Эррерада «Пелотерос» номли кичик футбол академияси бор. Ота тўнғич ўғли Браим ва кичиги Ансуни шу ерга олиб борди. Маҳаллий мураббий Хосе Луис Перес Менанинг бир қарорга келиши учун икки дақиқа кифоя қилди. Браим ҳам дуруст эди, аммо Ансу мураббийни чинакамига ҳайратлантирди. ”Мен 50 йилдан бери футболдаман. Аммо боланинг бунақанги ўйнашини ҳеч қачон кўрган эмасман. Биз унга спорт кийими ва бутси сотиб олдик. Лекин футбол ўйнаш нуқтаи-назаридан унга ҳеч нимани ўргата олмасдик,”, дея илк таассуротларини ўртоқлашганди мураббий. Бу икки иқтидор дарагини эшитган «Севилья» уларни дарҳол ўз мактабига қабул қилди. Лекин Перес Минанинг кўнгли хотиржам эмасди. У Фати «Севиля» учун ҳаддан зиёд яхши”, деб ҳисоблаётганди. Шу боисдан «Барселона» академиясининг ўша пайтдаги директори Альберт Пучга қўнғироқ қилиб, Ансунинг таърифини келтирди. Ўз навбатида Альберт Пуч ҳар иккала боланинг ўйинини ўз кўзи билан кўрди. Мана унинг сўзлари: ”Иккаласи ҳам яхши эди. Аммо Фатининг таланти шундоқ кўзга ташланарди. Нимадир қилиш керак эди. Уларни «Севилья»га қабул қилишганди. Лекин мен уларнинг отаси билан бир неча бор учрашдим. Оиланинг қандай яшаётганини кўрдим. Ҳатто қишлоқ оқсоқоли билан ҳам гаплашдим. Мен боланинг отасига ўғли «Барса»да нафақат футбол ўйнаш, балки идеал шароитларда ўсиб-улғайиш имконига эга бўлишини тушунтирдим”.

Охир-оқибат Бори Фати рози бўлди. Бу нафақат «Севилья», балки «Реал»га ҳам ёқмади. Мадрид клуби ҳам боланинг дарагини эшитиб, Бори билан музокаралар ўтказаётганди. Тўғри, «Реал» катта пул таклиф қилди, аммо Борига боласининг яшаши учун яратиладиган шарт-шароит маъқул келмади. Бу орада «Севилья» ҳам тинч турмади. Ўз академиясининг Ансу Фати билан тузган шартномасини футбол федерациясига тақдим қилди. Оқибатда болани бир йил давомида бошқа клубда ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум этишди.

Алберт Пучнинг эслашича, бу тақиқ ёш футболчининг фойдасига «ишлаган». ”У академиямизга аҳён-аҳёнда келар, асосан уйда бўларди. Ота-онаси уни тартиб-интизомга ўргатишди. Ансу шу тариқа аста-секин муҳитга мослашди. Адаптация билан боғлиқ муаммоларни четлаб ўтди. Бунақаси жуда кам учрайди”, дейди А. Пуч.

Ансунинг агенти аввалига Хосе Мингелла бўлди. Лекин янги шартнома тузиш масаласида қийинчиликлар юзага келгач, Ансунинг отаси Бори Родриго Мессига мурожаат қилди. Леонинг акаси ва агенти саналган бу инсон воситачилигида тезда келишувга эришилди. Агар гап-сўзларга ишониладиган бўлса, янги шартнома ўйинчидан кўра, «Барса» учун қулайроқ. Унга кўра, Ансунинг йиллик маоши ҳар йили 250 минг еврога ошиб бориши шарти билан 700 минг еврони ташкил этади. ”Барса”нинг асосий жамоасида ўйнай бошлаши билан бу миқдор 1 миллион еврога етади ва 250 минг еврога ошиб бориши шарти кучда қолади. Шартнома 2022 йилгача амал қилади. Бироқ клуб бу келишувни бир томонлама тарзда яна икки йил муддатга узайтириш ҳуқуқини сақлаб қолди.

Ўтган мавсум давомида «Барселона»га Фати бўйича бир нечта таклиф тушгани маълум бўлди. Жумладан, «Манчестер Юнайтед» бу иқтидор эгаси учун 100 миллион евро таклиф қилди. Лекин футболчининг отаси “Мен ўғлимни «Барселона»дан бошқа клубда тасаввур ҳам этолмайман. Ансу «Барса»нинг асосий жамоасида ўйнамоқда. Энди ўлим ҳам мен учун қўрқинчли эмас”, дея бу гап-сўзларга узил-кесил нуқта қўйди.

Ҳали жуда ёшлиги боис Ансу ғалати ҳолатларга ҳам дуч келяпти. Масалан, яқинда «Виляреал»га қарши ўйинда у иккита гол киритиб, Месси учун пенальти ҳам ишлаб берди ва ҳақли тарзда учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Аммо унга совринни топширишмади. Гап шундаки, Ла Лига пиво ишлаб чиқарувчи компания билан ҳамкорлик қилади. Айнан шу компания у ёки бу учрашувнинг энг кучли футболчисига совринни топширади. Ансу эса ҳали вояга етган эмас. Шу боисдан ташкилотчилар ноқулай аҳволда қолишди. Охир-оқибат соврин Жорди Албага берилди.

Маош масаласига келсак, унинг нисбатан камлиги Ансуни умуман қизиқтиргани йўқ. Агар сермаҳсул футбол намойиш этишда давом қилса, даромади ўз-ўзидан оша боришини у яхши билади. Бошқача айтганда, пулнинг ўзи уни излаб келади. Жамоадоши Лионел Мессининг фаолияти бунга яққол мисолдир. Дарвоқе, Месси Ансунинг иқтидорига юксак баҳо бераяпти. Унинг чўққиларни аста-секинлик билан забт этишини истамоқда.Чунки Мессининг ўзи ҳам худди шундай йўлни босиб ўтди. Айтмоқчи, Месси Фати билан тушган суратини инстраграмда эълон қилгач, Ансунинг обуначилари сони 55 мингдан 870 мингтага кўпайди. Айрим маълумотларга қараганда, ҳозир улар сони 3 миллион нафарга етган. Ансунинг бевосита футболчилик фаолиятига қайтадиган бўлсак, «Барселона»да уни вақти келиб жамоанинг Мессига ўхшаган буюк футболчиларига қиёслаш умидидалар. Каталония клубининг яқин ўтмишдаги афсонавий футболчиси, «Бунёдкор»даги ўйинлари билан ҳам бизга яхши таниш Ривалдо буни алоҳида таъкидлаб, клуб Ансуни Месси даражасига кўтарилишига умид боғлаётганини айтди. Буёғини вақт кўрсатади, албатта. Дарвоқе, айни дамда Ансу Фатининг товон пули 400 миллион евро этиб белгиланган.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?