Месси «Барселона» билан судлашмайди ва клубда яна бир йил қолади

21:38 05 Сентябр 2020 Спорт
463 0

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси "Goal.com" нашрига эксклюзив интервью бериб, сўнгги кунлардаги ҳиссиётлари борасида гапирди.

«Мен «Барселона»ни тарк этишга қарор қилганим ҳақида хотиним ва болаларимга айтганимда, ҳақиқий драма юзага келди. Бутун оилам йиғлади. Фарзандларим Барселонадан кетишни, бошқа мактабга ўтишни исташмади.

Аммо мен юқори савияда ўйин намойиш этадиган жамоада тўп тепишни, совринлар ютишни, Чемпионлар лигасида рақобатбардош жамоада ўйнашни истадим. Бу мусобақада ғалаба қозониш ёки ютқазиш мумкин. Чунки, бу қийин турнир, аммо рақобатлашиш керак. Ҳеч бўлмаса, шарманда бўлмаслик учун ҳам курашиш керак. Рим, Ливерпул, Лиссабондаги воқеалар эса... Буларнинг барчаси мени ўз қарорим борасида ўйлаб кўришга мажбур қилди.

Жамоадан хотиржам кета олишим мумкинлигига ишончим комил эди. Президент менга ҳамиша мавсум сўнгида кетиш ёки қолиш масаласини ўзим ҳал қилишим мумкинлигини таъкидлаб келди. Энди эса улар 10 июнь санасига ёпишиб олишди. Бу пайтда эса биз Ла лигада иштирок этаётган эдик. Коронавирус пандемияси бутун мавсумни ўзгартириб юборди.

Шунинг учун мен клубда қолмоқчиман. Президент менга клубдан кетишнинг ягона йўли 700 миллион евро тўлаш керак эканини айтди. Бунинг эса иложи йўқ.

Жамоадан кетишнинг яна бир йўли мавжуд эди — клуб устидан судга мурожаат қилиш. Аммо мен ҳеч қачон бундай қилмайман. Чунки мен бу клубни севаман. У менга кўп нарса берган. Бу клуб — менинг ҳаётим, десам ҳам бўлади. Мен бу ерда ўз ҳаётимни йўлга қўйдим. «Барса» менга барча нарсани берди, мен клубга боримни бердим. «Барселона» устидан судга шикоят қилиш фикри ҳеч қачон хаёлимга келмаган.

Фарзандларининг муносабати ҳақида

"Матео ҳали ёш. У бошқа жойга кўчиб кетиб, бошқа мамлакатда яшаш нима эканини тушунмайди.

Тяго — каттароқ. У телевизор орқали баъзи хабарларни эшитгани учун мендан сўради. Мен унинг билишини истамагандим. У эса менга кескин оҳангда «Ҳеч қаёққа кетмаймиз», деди. Такрорлайман, бу оғир бўлди.

Мен Барселонани яхши кўраман. Бу ердан яхшироқ жойни топа олмайман. Шунга қарамай, мен қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгаман. Янги мақсадлар сари интилмоқчи эдим. Кейинчалик эса яшаш учун Барселонага қайтишим мумкин эди. Бунинг учун менда барча шароит бор эди.

Оилам, фарзандларим бу ерда улғайишмоқда. Кетиш истагидан ёмонроқ ҳиссиёт йўқ. Ўйлашимча, бу нарса менга, клубга ва барчага яхши бўларди. Хотиним қалбда оғриқ билан мени қўллаб-қувватлади", — дея ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди Лео.

Аргентиналик футболчи энди Роналд Куман бошчилигидаги жамоа машғулотларига қўшилади ва янги мавсумга тайёргарликни бошлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?