“Mening yurtim” телеканалида “Хонадон” номли қозоқ сериали премьераси бўлиб ўтади ​

09:11 16 Апрель 2020 Маданият
2780 0

Қозоқ ижодкорлари сўнгги пайтларда ажойиб сериаллар ишлашмоқда. Шулардан бири “Қара шанырақ”. “Шанырақ” деганда қозоқ халқининг ўтови тепасидаги мўрисимон туйнук тушунилади. Бундан ташқари, “шанырақ” сўзи қозоқ халқида хонадон, оилани англатади.

Ушбу сериал “Mening yurtim” (My5) телеканали орқали 2020 йил 20 апрель соат 22.00 дан бошлаб, “Хонадон” номи билан эфирга узатилиши режалаштирилган.
 

“Хонадон” сюжети марказида уч ака-ука тақдири ётади. Улар бир ота-она фарзанди, бир хонадонда улғайган бўлишига қарамай, ўз ҳаёт йўлини излаб, уч томонга кетишган. Тўнғич ўғил — Алишер бизнесмен, омадли топ-менежер бўлиб, карьера пиллапояларидан одимлаб кетарди. Шахсий ҳаётида у бир дарёнинг икки қирғоғи орасида сузаётган кемага ўхшарди. У муҳаббат ва меҳрибонлик орасида қай томонга ўтишни билмай иккиланарди. Бир томонда собиқ рафиқаси, севган инсони, иккинчи томонда ҳамкасб аёл ва унинг қизалоғи турарди. Аслида, Алишер ҳамкасбининг қизига боғланиб қолган эди, аёлга нисбатан эса фақат ҳурмат ҳиссини туярди. Лекин ҳамкасби Каринанинг бу борадаги фикрлари буткул бошқача.

Ўртанча ўғил — Даулет бўйдоқ, бироз қўрс, ғурурли собиқ спортчи, эндиликда бокс бўйича мураббий. Шу билан бир қаторда бир дам олиш масканини ижарага олиб, сайёҳлик бизнесини ҳам йўлга қўйишга ҳаракат қиляпти. Мана шу оромгоҳга тасодифан келиб қолган қўшиқчи қиз Линда унинг ҳаётга бўлган нигоҳини ўзгартириб юборади. У бир ерда туриб қолмай, доим изланиш ва олдинга интилиш кераклигини тушунади.

Кенжа ўғил — Мади эса ота-онаси билан бирга яшайди, уйланган 2 фарзанди бор. У фермер хўжалигини бошқариб, отасининг ишини давом эттиради. Аммо унинг ҳаёт йўлида учраган турли одамларнинг таъсири ҳам бўлади. Масалан, ҳарбий хизматни бирга ўтаган дўсти Талъат уни турли шубҳали бизнесга торта бошлайди. Мади отасининг назоратитдан халос бўлишни истагани учун ҳам турли таклифларга рози бўлади. 

Шуни айтиб ўтиш жоизки, мазкур фильмда ота-она ва фарзандлар, ва дўсту биродарлар орасидаги муносабат, оила қадри ва урф-одатлар, инсонларнинг бойликка бўлган қизиқиши ҳамда адолат ҳисси бизнинг халқимиз ҳаётига жуда яқин. Бу сериал маънавий жиҳатдан халқимизга мос бўлгани учун воқеаларнинг қизғин ривожи манзур келади, деган умиддамиз.

Сериал бир оила ҳаёти, муаммолари ва ўзаро муносабатлари ҳақида бўлса-да, унда ҳар бир одам ўзи ёки атрофидагиларини кўриши мумкин. Фильм намойиш этаётган вазиятлар ҳар бир одамни хулоса чиқариш, фикрлашга ундайди, ёш авлодга эса оила ва қадриятларни улуғлаш, қадрлашни ўргатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?