“Менинг ҳикматларим оламда султон...”

16:24 23 Апрель 2018 Маданият
835 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Ғишткўприк чегара постидан паспортларимизга керакли муҳр босилгач, қўшни мамлакатга ўтишимиз ҳамоно киракашлар Алмати, Чимкент, Сайрам, Туркистон ва бошқа шаҳарларга олиб боришни таклиф қилишди. Пулни ҳам шу ерда алмаштириб олиш мумкин.
Автобусда йўлга тушдик. Чимкент ва Қизилўрда трассасида йўл-йўлакай таъмирлаш ишлари кетяпти. Трассанинг ҳар 15 километрида транспортларни таъмирлаш учун чуқур йўлаклар ташкил этилган. Йўл белгиларига катта эътибор қаратилган. Ҳар бир шаҳар, қишлоқ, дарё, кўл йўл кўрсатгичида белгиланган. Йўлдаги қайрилиш, меҳмонхона, АЁҚШ, ҳожатхона ва бошқа зарурий масканларга қанча метр қолгани йўл белгилари орқали кўрсатилган. Трассадаги онлайн тезлик ўлчагич узоқдан қанча км/соат тезликда ҳаракат қилаётганингизни кўрсатиб, огоҳ этиб туради. Дарвоқе, агар шахсий машинангиз билан сафарга чиқсангиз, Қозоғистон чегарасига ўтишингиз билан кундуз куни ҳам чироқни ёқиб юринг. Акс ҳолда 10000 танга жарима тўлашингизга тўғри келаркан. Белгиланган тезликда юринг. Трасса четида ДАН ходими кўринмайди, лекин улар машиналарида айланиб юришади. Агар йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ амал қилаётган бўлсангиз, хотиржам юраверинг. Қоида бузмасангиз, тўхтатишмайди. 
Йўл-йўлакай мезбонлар бир қанча ривоят ва афсоналарни айтиб беришди. Шулардан бири Нуҳ пайғамбар билан боғлиқ. Эмишки, Нуҳ тўфонидан кейин пайғамбарнинг кемаси Чимкент атрофида тўхтаган. Ушбу ривоят асосида рамзий ясалган кема макетини суратда кўриб турибсиз. 

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Буюк соҳибқирон Амир Темур Хитойга юриши пайтида Ўтрорда бир муддат тўхтаган, қаҳратон қиш совуғи забтига олгач, шу ерда касалликка чалинган ва вафот этган. Ул зот айнан қайси манзилда вафот этганлари хусусида аниқ маълумотлар йўқ, аммо Ўтрор эканлиги тарихий манбалардан маълум. Шу боис Ўтрордан ўтаётганимизда бутун дунёга донг таратган, салтанатда адолат тарозисини маҳкам ўрнатган бобокалонимизни эслаб, ғурурландик, ҳақларига дуойи фотиҳалар қилдик. 
Биз дастлаб Чимкент марказида жойлашган ўзбек миллий драма театри ижодкорлари билан учрашдик. 480 томошабинга мўлжалланган ушбу маънавият маскани жорий йилда ўтказилган театрлар фестивалида 2-ўринни эгаллабди. Ижодкорлар 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши муносабати билан жуда кўплаб маданий тадбирлар ўтказилаётганини таъкидлар экан, бундай эзгу муносабатларга йўл очиб берган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевга миннатдорлик сўзларини изҳор этишди. Ушбу самимий тилакларга қўшилган ҳолда Сайрам шаҳрига жўнадик. У ерда Аҳмад Яссавийнинг падари бузруквори Иброҳим ота ҳамда волидаси Мусо Шайхнинг қизи Ойша хотун (Уни Қорасоч момо ҳам дейдилар)нинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди. 

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбоб мақбарасига бордик. Мақбара Туркистондан 70 километр узоқликда, дашт ичида жойлашган. Арслонбоб ҳақида халқ оғзаки ижодида бир қанча афсоналар мавжуд. Улардан бирида айтилишича, Амир Темур Аҳмад Яссавий мақбарасини қураркан, пойдевор йиқилаверади. Сўнг Темурнинг тушига Хожа Аҳмад Яссавий кириб, “Аввал устозим Арслонбобни обод қил” дейди. Амир Темур Арслонбобга мақбара тиклаганидан сўнг, Туркистондаги мажмуани қуришни бошлайди.
Соҳибқирон Темур тиклаган мақбара сақланиб қолмаган. Ҳозирги мақбара 1909 йили барпо этилган. Мақбара ичида Арслонбоб, унинг шогирдлари Қарғабоб ва Лочинбоб қабрлари жойлашган. Мақбара айвонининг ўнг тарафида масжид бор. Мақбара атрофи қабристон бўлиб, у ерда ҳам янги-янги мақбаралар пайдо бўлган. Яссавий сўфийларидан Қурбон ота (1620-1710) ва партия ва давлат арбоби Ўзбекали Жонибек (1931-1998) мақбаралари шулар жумласидандир.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Туркистон шаҳридан 35 киломерт шимолда Уккоша ота зиёратгоҳи жойлашган. Ўтган асрнинг 90-йилларигача бу ерда мақбара бўлмаган. 1990 йили мақбара тикланган. Маҳаллий аҳоли 22,5 метрли қабр эгаси саҳоба Уккоша бўлганлигига ишонади. Афсоналарга кўра, Уккоша ота жудаям ботир бўлган, унга қилич ҳам, ўқ ҳам таъсир қилмаган эмиш. Фақатгина бомдод намози вақтида унинг ёнида ҳеч ким бўлмас экан. Уккошанинг душманлари уни бомдод намозини адо этаётган вақтида калласини олиб, масхара қилмоқчи бўлганда калла пастга юмалаб бир чуқурга тушиб кетганмиш. Шу ердан булоқ отилиб чиққан эмиш. Бу булоқ ерости йўллари орқали Маккаи мукаррамадаги Зам-зам булоғига туташармиш. 
Қудуқ устига ўтовга ўхшаган бино қурилган. Қудуқнинг чуқурлиги 22-25 метр. Қудуқ билан ҳам боғлиқ бир қанча афсоналар мавжуд. Қудуқда доим ҳам сув бўлавермайди. Эмишки, кимки гуноҳсиз бўлса, у ташлаган челак сув билан чиқаркан, гуноҳи бўлса, сув чиқмас экан.
Ва, ниҳоят Аҳмад Яссавий мажмуасидамиз. 

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Хожа Аҳмад Яссавий (Ясси яқинидаги Сайрам шаҳри, тахм. XI асрнинг иккинчи ярми — 1166) — тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири. Отаси Шайх Иброҳим жавонмардлик тариқатига мансуб нуфузли зотлардан бўлган. Яссавий туғилгач, кўп ўтмай онаси вафот этади. 7 ёшида отасидан ҳам ажралади. Яссавий тарбияси билан опаси Гавҳар Шаҳноз машғул бўлади. Яссавий опаси билан Яссига кўчиб боргач, биринчи устози Арслонбоб билан учрашади ва ундан таҳсил олади («Етти ёшда Арслон бобом излаб топдим...»). Яссавий Яссида ботин илми сирларини мукаммал ўзлаштирган. Ўша замонларда илм-маърифатнинг Мовароуннаҳрдаги марказларидан бўлган Бухорода Туркистоннинг турли томонларидан толиби илмлар йиғилишган. Арслонбоб кўрсатмаси билан Яссавий ҳам Бухорога боради. Даврнинг энг пешқадам олими ва суфийси Шайх Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга мурид тушади.
Бухорода у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганади. Форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб, Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олади. 
Алишер Навоий Яссавий тўғрисида «Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва ашоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш», дейди. Бу фикр Яссавийнинг Яссига қайтиб келиб, янги бир тариқатга асос солган муршид сифатида шуҳрат топган даврларига тегишлидир. Яссавий туркий халқларни исломга янада кенгроқ жалб қилиш ва тасаввуф ғояларини омма кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеъриятдан ҳам фойдаланган. Унинг ҳикматларини халқимиз севиб ўқийди. Ул зот бир ҳикматида шундай ёзади: 
Менинг ҳикматларим оламда султон,
Қилур бир лаҳзада чўлни гулистон.
Менинг ҳикматларим дардсизга айтманг, 
Баҳосиз гавҳарим нодонга сотманг.

Айтишларича, Яссавийнинг ўзи «Девони ҳикмат» номи билан бирон бир китоб яратмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан тартиб берилган. 
Яссавийга атаб қурилган мажмуанинг кириш қисми меҳроби баландлиги 37,5 метр, деворининг қалинлиги 2 метр. Хонақоҳ девори қалинлиги 3 метр. Асосий гумбазнинг баландлиги 44 метр, диаметри – 20 метр. Мажмуа ичида мақбара, масжид, кутубхона, катта ва кичик сарой, 35 та ҳужра, қудуқхона, ошхона мавжуд. Мажмуа хонақоҳига улкан той-қозон ўрнатилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Бу улкан қозон Амир Темур буйруғи билан табризлик уста Абдулазиз ибн Шарафиддин томонидан 1399 йили Туркистон яқинидаги Қарноқ қишлоғида қуйилган. Қозоннинг вазни 2 тонна, сиғими 3000 литр, диаметри 242 см, баландлиги 162 см. Қозонни тайёрлашда мис, рух, олтин, кумуш, бронза, қўрғошин ва темир металларидан фойдаланилган. Той-қозоннинг ичида ҳеч қандай ёзув йўқ. Ташқи қисмига Қуръони каримдан оятлар, ҳадиси шариф, қозоннинг Амир Темур буйруғи билан Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси учун қуйдирилгани ҳақида ёзув ва устанинг исми ёзилган. Тарихий манбаларда келишича, ушбу улкан қозонда ҳафтада икки марта ҳалим пиширилган, у илм толиблари, бева-бечораларга тарқатилган. Той-қозон 1935 йили Ленинграддаги Эрмитаж музейига олиб кетилган, 1989 йили Туркистонга қайтарилган. 

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Яссавий мақбараси атрофида яна бир қанча ёдгорлик мақбаралари ўрнатилган. Улардан бири Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия султон бегимга тегишли.  
“Юрган дарё, ўтирган бўйра” дейди халқимиз. Дарҳақиқат, сайру саёҳатнинг завқи ўзгача, айниқса, улуғларни зиёрат қилиш руҳга қувват, кўнгилга таскин бахш этади. Бундай манзилларда дунёнинг ўткинчи эканлиги, инсон эса фақат яхши ном, эзгу амаллар билангина эсланишини ўйлайсиз, ўзингизга тегишли хулосалар чиқарасиз.      

Мақсуд ЖОНИХОНОВ
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар