Менинг 500 сўмим...

20:02 04 Март 2019 Жамият
657 0

Иллюстратив фото

Қўл кўтармасимдан маршрутка ғиз этиб келиб тўхтади.

Машина эшигини очар-очмасимдан “Қаергача?” деб савол берилди. Борар манзилимни айтдим. “Ундай бўлса, 2000 сўм, — деди бамайлихотир. — Яқинроқда тушсангиз, 1500 сўм бўлади”.

“Қаергача” одатий ҳол. Ваҳолонки, Қарши шаҳрида йўлкира нархи 1500 сўм. Амалда эса 2000 сўм. Яқинроқ манзилга борувчилардан белгиланган нархни, сал узоқроққа борадиганлардан эса 2000 сўмдан олишади. “Нега, йўлкира ҳақи 1500 сўм эмасми?”, десангиз, “Нарх-наво қиммат, уюшма тўлови фалон пул, харажатлар кўп”, дея дардини санашга тушади улар ҳам.

Аслида-чи? Аслида қандай бўлиши керак? Буни ким назорат қилади? Ҳар бир йўловчидан 500 сўмдан ортиқча ҳақ олиш қанчалик тўғри? Бир кишидан 500 сўмдан бир кунга 1000 сўм. Бир ойда 30 000 сўм бўлади. Бу фақатгина йўналишли маршруткалардан кунига икки марта фойдалансангиз... Аммо иш юзасидан кунига беш-олти маротаба машинага чиқсангиз, ортиқча 2500 — 3000 сўмга бориб турибди-да. Яна бу фақат бир кишига.

Автоуловлардан эса кунига неча киши (табиийки, аҳолининг кўп қисми!) фойдаланади? Майли, 1000 сўмнинг ўзини 100 га кўпайтирсак. Битта ҳайдовчи бир кунда ортиқча 100 минг сўм топяпти шунинг ортидан. Аммо ҳайдовчиларнинг сони қанча? Аҳолининг-чи? Бунинг ортида неча 100 минглаб сўмлар турибди? Ҳисобласак, ноллар қаторлашиб кетмайдими?

Бир кун ҳисобида қанча пул ортиқча тўланяпти? Бунга масъуллар, мутасаддилар нега жим? Тўғри, улар маршруткада юришмайди-да. Лекин вазифаси-чи?

“Шу 500 сўм учун ҳайдовчи билан тортишиб ўтираманми”, деб индамай кетувчилар ҳам кўп. Аммо сиз бефарқ, биз бефарқ бўлаверсак... Аслида катта-катта муаммолар мана шундай кичкинасидан, худди шу каби “500 сўмлардан” бошланмайдими?

“Тома-тома кўл бўлар” дейди халқимиз. Назаримда, шу 100 минг сўм фақат ҳайдовчининг чўнтагидагина қолиб кетмаса керак. Йўқса, мутасадди ташкилотлар вакиллари индамай қараб туришмасди. Нима дедингиз?!

Тўғри, ҳайдовчиларнинг аҳолининг узоғини яқин қилиши, иссиқ-совуқ кунларда ўйдим-чуқур йўллардан нолимайгина (равон кўчанинг ўзи йўқ) ғизиллаб қатнаши бор гап. Бундан ҳам кўз юммаймиз. Аммо нега ортиқча 500 сўм тўлашимиз керак?! “Қайси йўналишда шундай экан”, дейсизми? Қарши шаҳридаги ҳар битта йўналишда. Бунга кўпчилик кўникиб қолди. Масъуллар-чи? Улар ҳам кўникишдими ёки кўниктиришдими?

Хуллас калом, менинг 500 сўмим алалоқибат кимларнинг чўнтагига бориб тушаётган экан? Ана шуниси кўпроқ қизиқ...

Умида Элбекова.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019