“Менга таянч нуқтасини кўрсатинг, Ер шарини қўлимда кўтара оламан”

17:38 06 Август 2018 Жамият
413 0
Иллюстратив фото

Буюк файласуф Архимедга тегишли ушбу ибора барчага маълум. Аллома шу ўринда таянч нуқтаси сифатида мажозий маънода қонунни назарда тутган, деб ҳам қабул қилсак бўлади. Зеро, инсоннинг қонунга таянган ҳолда қиладиган хатти-ҳаракати қудратли, энг муҳими, тўғри, асосли ва адолатли бўлади. Шу боис мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотнинг, туб ўзгаришнинг ниҳоятда пишиқ, халқчил ва одилона қонун ҳужжатларига асосланган бўлиши ҳаётий заруратдир. Бунинг учун эса миллий қонунчилигимизни доимо таҳлил ва тадқиқ қилиб бориш, унинг яхлит ва мустаҳкам ҳуқуқий майдонга айланишини таъминлаш талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ўтказилган “Ҳуқуқий сиёсат — давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши” мавзусидаги матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди. “Яқинда Президентининг Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг тузилиши улкан ҳуқуқий воқеа бўлди. Мазкур тузилма ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, жамиятда ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онгни оширишга қаратилган тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади”, — дейди профессор И. Насриев.

Хўш институт нима билан шуғулланади? Унинг аҳамияти нималардан иборат? Тадқиқот институтига миллий қонунчиликни ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, жамият тараққиётига ҳамоҳанг келадиган илмий концепциялар яратиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг инновацион усулларини, суд-ҳуқуқ соҳасида қонун ҳужжатлари қўлланилиш амалиётини таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш вазифалари юклатилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар