Меҳнат мигрантлари учун қандай енгилликлар берилади?

17:10 21 Август 2020 Сиёсат
380 0

Шу йилнинг 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага яна бир бор барчанинг эътибори қаратилди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили қарийб 200 минг кишининг бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “... Бу табиий жараён, барча ривожланаётган давлатлар шундай босқичдан ўтган. Қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилган бўлса, бандлик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпайган.

Шу ўринда хориждаги юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш борасида кейинги йилларда амалий ишлар қилинаётганлигини таъкидлаш жоиз. Хусусан, Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси борасида халқаро шартномалар имзоланди ҳамда ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Шу билан бирга, чет элларда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун махсус жамғарма ташкил этилиб, 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Шунга қарамай, четда ишлаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўплиги йиғилишда алоҳида айтиб ўтилди. Айниқса, меҳнат мигрантларимиз иш берувчи компанияларни топиш, талаб қилинадиган иш кучига мутахассисилиги бўйича талаб, тил билиш ва ўша давлатдаги меҳнат қонунчилигини ўрганиш каби муаммоларга энг кўп дуч келмоқдалар.

Шу боис йиғилишда давлатимиз раҳбари хорижда ўзбекистонлик фуқароларнинг етарли даражадаги меҳнат шароитларини таъминлаш учун иш берувчи чет эл компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаб, уларнинг талабига мос малакага эга ва тил биладиган мутахассислар тайёрлаш вазифасини тегишли давлат органлари олдига вазифа қилиб қўйди.

Шу муносабат билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларга хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқи берилиши ва филиаллар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ёрдамчиси ҳисобланиши белгиланди.

Фуқароларнинг ишга жойлашиб, меҳнат ҳақи олгунгача бўлган харажатларига маблағ топиш муаммоси ҳам ўз ечимини топди, яъни меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент олиш ҳамда ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш белгиланди.

Йиғилишда нафақат чет элга ишга кетаётган фуқароларимизни, балки уларнинг оиласидан хабар олиб, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши ва бошқа эҳтиёжларига кўмаклашиш вазифаси қўйилдики, бу ҳам меҳнат мигрантлари учун айни муддаодир.

Чет элда малака орттирган ва ватанимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар билан манзилли ишлайдиган, молиявий қўллаб-қувватлайдиган тизим яратилиши айтилди. Жумладан, уларнинг давлат рўйхатидан ўтишига кўмаклашиш, 3 ойгача ижара тўлови бўйича субсидия бериш, тадбиркорликни бошлаши учун кредит ресурслари ажратилиши ҳамда банк кредитлари таъминоти бўйича суғурта полиси харажатларининг бир қисми қоплаб берилиши, бу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан йил якунига қадар 25 миллиард сўм, кредитлар учун 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Ўз навбатида, иш стажини ҳисоблаш бўйича меҳнат мигрантлари учун яна бир ижтимоий ҳимоя — яъни ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ва меҳнат стажини ҳисоблаш тизимини мигрантлар учун ҳам татбиқ этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Умуман, видеоселекторда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар меҳнат мигрантларимиз учун қатор енгилликлар берадики, бу кези келганда оилалар тўкинлиги ва пировардида юртимиз иқтисодиётининг янада ривож топишида муҳим омил бўлади.

Эркин ГАДОЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар
масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?