Меҳнат билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилмоқда

11:35 07 Сентябр 2020 Жамият
171 0

Шаҳрихон туманида аҳолининг меҳнат билан банд бўлмаган қисмини касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида 110 нафар фуқаролар 11 та гуруҳ таркибида 8 та мутахассислик бўйича таҳсил олмоқдалар.

— Туманимиздаги фойдали ижтимоий меҳнат билан банд бўлмаган юртдошларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўзлаштиришлари учун барча шароитни яратдик, —​ дейди муассаса директори Гулнорахон Аҳмедова. —​ Қолаверса, туманимизда ишлаб чиқариш соҳасининг тараққиёти билимли мутахассислар тайёрлаш эҳтиёжини туғдирмоқда. Айни пайтда марказда 50 нафар мутахассис томонидан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, бухгалтерия, тикувчилик, маиший ва мобил қурилмаларни таъмирлаш, ахборот технологиялари ва веб-сайтлар яратиш, гўзаллик салони, ошпаз-қандолатчи ва сантехник каби йўналишлар бўйича тингловчиларга сабоқ берилмоқда. Келгусида кутубхоначилик иши, эркаклар сартароши, нутқ маданияти, саҳна безаги ва декларация йўналишларини ташкил этишни режалаштирганмиз.

Марказга дастлаб кам таъминланган, эҳтиёжманд, «Темир дафтар»га киритилган оила аъзолари жалб этилди. Улар 3 ой давомида ўзлари танлаган соҳа бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўладилар. Шу билан бирга ҳар ойда 223 минг сўм маблағ билан таъминланмоқдалар. Машғулотларни тамомлаганларга ўз йўналишлари бўйича доимий иш жойи тавсия этилади.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?