Меҳмонхоналарда ўзбекона нонушта стандарти жорий этилиши режалаштирилмоқда

18:43 08 Ноябрь 2018 Жамият
1881 0

Ўзбекистондаги меҳмонхоналар, ҳостеллар ва меҳмон уйларида қисқа вақт ичида нонуштанинг миллий кўриниши пайдо бўлади. Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ана шундай ташаббус билан чиқди.

Гап шундаки, қаймоқ, оби нон, сомса, мавсумий мевалар ва сабзавотлар, чой, новвот, ёнғоқлар, қуруқ мевалар ва миллий ширинликлар — буларнинг барчасини “ўзбекона нонушта” стандартига киритиб, турклар, инглизлар ёки французлардаги каби ҳақиқий брендга айлантириш режалаштириляпти.

“Бизнинг инглизлар ёки турклар каби ўз анъаналаримиз бор. Қадим-қадимдан тонгда ўзбек оиласи дастурхонидан нималар жой олган — қаймоқ ва оби нон, албатта, хушбўй ширин чойи билан. Бу асос ҳисобланади. Меҳмонхоналарда “ўзбекона нонушта” стандартини жорий этиш ғояси шундан пайдо бўлди. Ҳудудлардан келиб чиқиб мазкур андоза муайян вилоятда дастурхонга қўйиладиган нон, сомса ва бошқа таом турлари ҳисобига тўлдирилиши мумкин. Масалан, Фарғона водийсида нонуштага мастава беришади. Ушбу барча ўзига хосликларни инобатга оламиз ва “ўзбекона нонушта” стандартини шакллантирамиз”, - деди Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаров.

Ҳозирча бу муҳокамалар босқичида турибди. Юртимиздаги йирик меҳмонхоналарда “ўзбекона нонушта” ягоналигича қолмайди. Яқин кунлар ичида маҳаллий меҳмонхоналарда нафақат машҳур инглизча ва французча, балки айтайлик, корейсча, испанча ёки ҳиндча нонушталар ҳам пайдо бўлади. Маҳаллий ошпазлар эса бошқа мамлакатлардан келган ҳамкасбларига “ўзбекона нонушта” сирларини очишади.

Акбар Умаров йирик меҳмонхоналарда “ўзбекона нонушта”нинг жорий этилиши ўзига хос янгиликка айланиши қаторида бюджетни тежаш имконини беришини ҳам айтди. Зеро, миллий нонушта унча қиммат бўлмаса-да, етарли даражада хуштаъм ва тўйимлидир. Айни пайтда миллий стандартни юлдузлари сонидан қатъий назар меҳмонхоналар, ҳостеллар ва меҳмон уйларига татбиқ этиш мўлжалланяпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019