Медиация: низоларни ҳал қилувчи институтга айлана олдими?

16:45 28 Август 2020 Жамият
160 0

Замон шиддати ортгани сайин мулоқотларимизга ҳам янги атамалар кириб келмоқда. Баъзилари моҳиятини англаб етмасимиздан, навбатдагиси истеъмолга киритилмоқда. Улар орасида шундайлари борки, моҳиятини англамасак, тушунмасак баъзи ҳуқуқларимиздан фойдалана олмаймиз. Медиация, медиатор шулардан бири.

Низоларни тинч йўл билан ҳал этиш — медиация амалиёти Ўзбекистон ҳуқуқ амалиёти учун янги атама. Бироқ икки томонни муросага келтириш, бунда уларнинг бирига ён босмаслик, ўзаро келиштириш тажрибаси биз учун янгилик эмас. Бу ишлар билан шу пайтга қадар маҳалла, кенг жамоатчилик шуғулланиб келган. Унга ҳуқуқий мақом берилиши ва амалиётга жорий этилиши низоларни судгача ҳал этиш имконини беради.

АҚШда 95, Германияда 90, Буюк Британияда 90-95 фоиз низоли ҳолатлар суд муҳокамасигача ҳал этилади. Хусусан, Германияда фуқаролик ва иқтисодий судларда «медиатор-судья» тоифаси шаклланган. Бунда ҳар қандай фуқаролик ёки иқтисодий даъво аризаси судга келиб тушиши билан дастлаб ариза билан медиатор-судья шуғулланиши белгиланган. Амалиётда бу тажриба ортиқча сарсонгарчиликнинг олдини олиш ва судгача бўлган жараёнда низони ҳал қилиш билан ўзини оқламоқда.

Нега ҳануз самаралар кўринмаяпти?

Боиси медиация механизмларини қўллаш, низоларни медиаторлар орқали ҳал этиш афзалликлари ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлиги паст. Шунинг учун ҳам у ҳанузгача фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўлган низоларни ҳал этувчи муқобил институтга айлана олмади.

Оилани мустаҳкамлаш, низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олишда медиация институтининг имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Жумладан, мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида профессионал медиаторлар реестрига атиги 30 га яқин медиатор киритилган.

Афсуски, мамлакатимизнинг катта қисмида медиация тартибида низоли ишларни кўриш амалиёти йўқ. Бу аксарият ҳудудларда қонун ишламаётганидан далолат беради.

Ечими борми?

Низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтиришда медиация институти ролини ошириш учун баъзи масалаларга эътибор қаратиш жоиз. Чунончи, медиация институтининг мазмун-моҳиятини ва афзалликларини аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тизимли тарғиботини олиб бориш лозим. Фуқаролик ва иқтисодий судларда «медиатор-судья» тоифасини шакллантириш вақти келди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва «Судлар тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этади. Қонунда кимлар профессионал медиатор бўлиши мумкинлигига ойдинлик киритилмаган. Шу боис унда медиаторга қўйиладиган талаблар: ёши, маълумоти, иш тажрибаси ва бошқа маълумотлар тўғрисида талаблар белгиланиши керак. Амалиётда жорий қилинган Профессионал медиаторлар реестри тўлақонли маълумотларни ўзида акс эттирмайди. Натижада, медиатив келишувга эришишни истаган шахслар медиатор танлашда уларни шахсан таниганлик мезонидан келиб чиқиб танлашга мажбур бўлади. Бу медиаторлар реестридаги маълумотларни такомиллаштириш лозимлигини кўрсатади.

Қонунда нопрофессионал медиаторлар ҳисобини юритиш масаласини ҳал қилиш, нормаларини фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчилиги нормалари билан уйғунлаштириш шарт. Оилавий, ер, уй-жой, мулк ва бошқа шу каби муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун махсус хоналар ажратиш керак. Қонунда ва халқаро амалиётда медиатор ҳуқуқшунос бўлиши шарт, деган чеклов йўқ. Шунинг учун барча олий таълим муассасаларида медиация институтини ҳуқуқ предметининг бир йўналиши сифатида ўқитиш мақсадга мувофиқ.

Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга
қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?