МДҲнинг саккиз давлати суверен мамлакатлар ички ишига аралашмаслик тўғрисидаги баёнотни тайёрламоқда

17:36 25 Май 2018 Сиёсат
376 0
Фото: Спутник

МДҲнинг саккиз мамлакати Беларусь ва Россия ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг суверен давлатлар ички ишларига аралашмаслик принципи йўқолиб кетишига йўл қўймасликка оид баёноти лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. 

Яқинда Минск шаҳрида шу бўйича экспертлар гуруҳи муҳокамалари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон кузатувчи сифатида иштирок этди.
Олдинроқ Минск ва Москва ташаббуси билан тайёрланаётган мазкур баёнот лойиҳаси ҳақида МДҲ Ижроқўми раҳбари Сергей Лебедев хабар берганди. 

У МДҲ давлатлари экспертлари мазкур лойиҳа устида ишни давом эттирганини айтиб ўтган. Шу муносабат билан ўтказилган мажлисда Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва кузатувчи сифатида Ўзбекистон қатнашди.
Иштирокчилар лойиҳа бўйича келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни кўриб чиқишди. Материаллар МДҲ мамлакатлари ташқи ишлар идораларига юборилади.

Ҳужжат асосида БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси сўзсиз ижро этилиши устидан назорат ҳамда уларни кенгайтирилган ҳолда талқин қилишга йўл қўймаслик, дунёдаги қарама-қаршиликларни тартибга солишга ғайриқонуний бирёқлама ва блокли ёндашувга қарши курашиш таъминланади.
“Лойиҳада тинчлик, глобал ва минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш иши, шунингдек, халқаро можароларни тинч йўл билан ечиш принципига содиқлик ўз тасдиғини топган”, дея қайд этган ушбу ташкилот матбуот хизмати.

Илгари Беларусь ТИВ раҳбари Владимир Макей юқоридаги баёнот тайёрланаётгани ҳақида маълум қилар экан, замонавий дунёда турли ёқимли баҳоналар остида кўплаб геополитик “ўйинчилар” қатор давлатларнинг ички ишларига фаол аралашаётганини таъкидлаган эди. У мисол сифатида Яқин Шарқдаги “араб баҳори” деб номланувчи, кейинчалик “араб қиши”га айланган вазият айнан давлатнинг ички ишига аралашиш оқибати эканлигини келтириб ўтган. 
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар