МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кeнгашининг мажлиси бўлиб ўтди

21:40 29 Май 2020 Сиёсат
156 0

2020 йил 29 май куни Ўзбекистон Республикаси раислиги доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилган мажлисга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислик қилди.

Тадбирда Беларус Республикаси Бош вазири Сергей Румас, Молдова Республикаси Бош вазири Ион Кику, Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин, Арманистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Қирғизистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Эркин Асрандиев, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Мажлис қатнашчилари асосий эътиборни МДҲ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига, шунингдек, коронавирус пандемияси шароитида кўрилаётган биргаликдаги чора-тадбирларга қаратди.

Муҳокамалар натижасида янги коронавирус инфекцияси “COVID-19” тарқалиши муносабати билан МДҲга аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарларининг Баёноти қабул қилинди. Кенгаш қарорига кўра, мазкур ҳужжат матни БМТ, ЖССТ ва бошқа йирик халқаро ташкилотларга ҳам тарқатилади.

Барқарор иқтисодий ривожланиш учун қулай шарт-шароит яратиш, МДҲга аъзо мамлакатлар фуқаролари турмуш тарзи ва фаровонлигини ошириш мақсадида томонлар 2030 йилгача бўлган даврда Ҳамдўстликни иқтисодий ривожлантириш стратегиясини тасдиқладилар. МДҲ мамлакатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг базавий тамойиллари ва асосий йўналишларини белгилаб берадиган ушбу ҳужжат Ҳамдўстликка аъзо давлатлар иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, ўзаро манфаатли шерикликка кўмаклашишга қаратилган.

Мулоқотлар давомида карантин чекловлари шароитида савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларида йўлга қўйилган мавжуд механизмларни, шунингдек, МДҲ ҳудудидаги эркин савдо зонасининг тўлақонли ишлашини сақлаб қолиш муҳимлиги қайд этилди.

МДҲ мамлакатлари аҳолиси ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш мақсадида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича транспорт, энергетика, қурилиш, таълим, маданият, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини, шунингдек, ёшлар сиёсатини ривожлантиришга оид жами 14 та ҳужжат имзоланди.

Томонлар МДҲ Ижроия қўмитасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши навбатдаги мажлисини жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватладилар.
ЎзА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?