“Мажбурият ҳиссини биласизми?” ёки масъулиятсиз фермернинг талаблари нечоғли ўринли

01:53 17 Март 2019 Жамият
618 0

Иллюстратив фото

Пискент туманидаги собиқ “Аброржон — Дурдона” фермер хўжалиги раҳбари Абдулазиз Абдусатторовнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган, давлатимиз раҳбари номига йўллаган мурожаатини тинглаб, менда шундай савол туғилди. Агар фермер Президентимизга мурожаат қилмоқчи экан, бунинг учун ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларга, ҳеч бўлмаганда, “Ишонч телефони”га ёки давлатимиз раҳбарининг ҳар бир туман, шаҳарда мавжуд бўлган Халқ қабулхонасига мурожаат этиши мумкин эди-ку.

Келинг, энди холислик учун видеомурожаатни бир таҳлил қилиб кўрайлик. Фермернинг таъкидлашича, у сурункасига 4 йилдан буён давлатга пахта тайёрлаш бўйича контрактация шартномаларини бажармай келаётган экан. Ваҳолонки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарорининг 4-иловасида ер участкасидан фойдаланишда ижарага олиш шартномасида кўрсатилган талаблар ва қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш шартлари бузилганда ҳамда мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланилмаганда узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор бўлиши белгиланган. Фермер эса 4 йил давомида давлатнинг 39,6 гектар майдондаги норматив қиймати 286 миллион 197 минг сўм бўлган мулкидан фойдаланиб келган.

Шу йиллар ичида контрактация шартномаларининг бажарилмагани оқибатида 158,9 тонна 228 миллион 844 минг сўмлик пахта хом ашёси етказиб берилмаган. Бу эса, давлатга ўртача ҳисобда (55,6 тонна тола, 103,3 тонна чигитдан олинадиган 33 тонна ўсимлик ёғи, 36,1 тонна шелуха, 34,1 тонна шрот) 80 минг 100 АҚШ долларилик миқдорда тола, 380,6 миллион сўмлик ёғ, 111 миллион сўмлик омихта ем маҳсулотлари етказиб берилмади, деганидир.

Мутахассислар тақдим этган маълумотга кўра, фермер фаолият олиб борган вақт давомида давлатга солиқ тўловларидан жами 39 миллион 500 минг сўм қарздорлиги мавжуд.

Мана шу рақамларнинг ўзиёқ унинг бу соҳада тажрибаси етарли эмаслигини кўрсатяпти. Таажжубки, ҳар йили давлат ҳисобига зарар билан чиққан фермер — ўзининг таъкидлашича — “фермер хўжалигининг фойдасидан” 37 бош қорамол, 40 бош қўй сотиб олган. Молхона қуришга кетган харажатлар ҳам хўжаликнинг фойдасидан бўлиши керак, чунки оиланинг бошқа ҳеч қандай даромади йўқ. Мавжуд томорқаларда фақат чорва учун озуқа етиштирилади. Молхонада яна 30 бош молга мўлжалланган жой бўш турган экан. “Агар, озуқа манбаи бўлса, яна кўпайтирардим”, дейди фермер мурожаатда...

Аммо афсуски, у “Агар менда яна озгина имкон бўлса, ўтган йиллар давомида солиқдан тўламай келган қарзларимни тўлар эдим”, демаяпти.

Кейинги йилларда айрим тоифа одамлар “мурожаат” ҳуқуқини яхши ўзлаштирдилар-у, “масъулият” сўзини ва энг асосийси, мажбурият ҳиссини унутиб юбордилар.

“Фермер хўжалиги ерида сув танқислиги сабабли пахтачиликдан яхши даромад олишнинг имкони йўқ”, деяётган мурожаатчи биз билан мулоқотда “Бу ерларга сув чиқариш учун ҳов анави симёғочга битта тармоқ электр сими тортилиб, битта насос ўрнатилса, муаммо ҳал”, деди. “Нима учун ўша биттагина электр симини тортишга маблағ сарфламагансиз?!” деган саволимизга эса тайинли жавоб ололмадик.

Аммо таъкидлаш жоизки, мурожаатчи айтган чорвачилик озуқаси экини учун ғўзага нисбатан кўпроқ сув талаб қилинади. Ирригация бўлими томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, охирги 3 йил мобайнида хўжалик ерларига жами 1,38 миллион куб метр сув сарфланган. Бу миқдор 39,39 гектар экин майдонини суғориш учун етади. Кўриниб турибдики, фермер ҳатто белгиланган лимитдагидан ҳам ортиқча сув сарфлаган.

“Аброржон — Дурдона” фермер хўжалиги ер майдонига электр энергияси таъминоти учун шартнома “Акбаршоҳ — Сайёра” фермер хўжалиги орқали тузилган. Ушбу суғориш насоси ҳудуддаги 5 та фермер хўжалигининг жами 270 гектар ер майдонига хизмат кўрсатади. 2018 йилда электр энергияси харажати 14 миллион сўмни ташкил этган, шундан 9,6 миллион сўми Вазирлар Маҳкамасининг 320-сонли қарорига асосан, Давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилган. Ҳозирга кунда мурожаатчининг электр энергиясидан қарздорлиги 4,5 миллион сўмликни ташкил этмоқда.

“Оиламизда 9 киши шу хўжаликда иш билан банд эди, улар ҳам энди ишсиз қолди”, дейди собиқ фермер мурожаатда. Оила аъзолари хўжаликда иш билан банд бўлганига шак-шубҳа йўқ, лекин собиқ фермер ўз яқинларининг келажакдаги ижтимоий таъминоти масаласига бефарқ бўлганини қандай изоҳлаш мумкин?

Эҳтимол у солиқларни тўламай, ўзининг айтишича “йиғиб қўйган маблағи”га ишонаётгандир. “Шуни олиб, наслли молни кўпайтириб”, эмас, сизнинг ўрнингизда бўлганимда, “Шуни олиб, солиқлардан қарзимни тўлаб қўйган бўлардим”, дегим келди унга.

Илгари “эр бермоқ — жон бермоқ”, деган мақол қулоққа чалинарди. Ҳозир халқ ўртасида, айниқса, фермерлар орасида бу мақолнинг янги талқини кўп учраяпти: “ер бермоқ — жон бермоқ”. Абдулазиз Абдусатторов 2013 йилдан 2018 йилгача бўлган давр мобайнида фақат бир мартагина шартномавий режани бажарган.

Мурожаатчининг “Менинг хабарим йўқ эди”, дейиши нечоғли ёлғон маълумот эканлиги туман ҳокимлигига ер майдонини қайтаришларини сўраб жами 3 марта ва бир марта вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига ҳам мурожаат қилганидан кўриниб турибди.

12 март куни ишчи гуруҳ мурожаатни ўрганиш учун Абдусатторов кўрсатган, аслида отаси ва укаси яшайдиган хонадонга борганида, жами 0,8085 гектар ер майдони, шундай 60 сотихга яқини томорқа сифатида фойдаланилган. Айрим хонадонларда бу пайтда полиэтилен остига экилган биринчи мавсум экинлар йиғиштириб олинаётган эди. Лекин мазкур хонадонда ҳали экин-тикин юмушларига тайёргарлик умуман кўринмади. Абдусатторовларнинг 4 нафар ўғли, шулардан 2 таси фермер хўжалигига эга бўлган. Маҳалла фуқаролар йиғини берган маълумотга кўра, ҳар бирининг ўз ҳовли-жойи, рўзғори бўлак. “Менинг молхонам”, дейилган тасвирдаги молхона эса кичик укаси Абдусатторов Абдуллага тегишли. Молхона жойлашган ҳовли жами 80 сотихни ташкил этади.

Солиқ инспекциясидан тақдим қилинган маълумотга кўра, тасвирдаги 80 сотихдан ортиқ майдондаги ҳовли-жойнинг бор-йўғи 20 сотихи ҳужжатда кўрсатилган, аммо шугина қисми ҳам хонадон бошлиғи ногиронлиги бўлган шахс экани учун ер солиғидан озод қилинган.

Мурожаатчининг ўзи яшайдиган хонадон 15 сотих, 2018 йил учун ер солиғидан 357 минг сўм, мулк солиғидан 372 минг сўм, жами 729 минг сўм қарздорлиги мавжуд.

Ушбу рақамлардан мурожаатчи Абдулазиз Абдусатторовнинг фуқаролик мажбуриятларига муносабати ҳам яққол кўриниб турибди. Молхона қурилган уй-жойнинг на кадастр ҳужжати, на қарори ва на бошқа бирорта ҳужжати расмийлаштирилган. Дарвоқе, фермер 4 йиллик фаолияти давомида туман ҳокимлиги билан муносабатларни шакллантирувчи тегишли шартномаларни ҳам имзоламаган.

Демак, 4 йилдан буён шартнома режаларини мунтазам бажармай келгани, ўзи, отаси ва укалари яшаб турган уй-жойларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмагани, агротехника тадбирлари борасида етарли малакаси йўқ, ер майдонига ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилмалар (50х9 ўлчамдаги молхона) қуриб олгани учун тегишли тартибда чора кўриш ўрнига унга мукофот тариқасида ер майдони, яна давлат буюртмаси асосида пахта эмас, шахсий буюртмаси асосида чорвачиликка ажратиб берилиши қайси қонун талабларига мос келади? Бунда инсон ҳуқуқлари бузиляптими ёки давлат манфаатларига моддий зарар етказиляптими?

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида сўз юритаётганлар масаланинг бу жиҳатига нега эътибор беришмаётган экан? Айрим матбуот воситаларининг юртимиздаги қонунларга зид талаблар билан чиқаётган фуқароларга хайрихоҳлик билдираётгани, уларни қўллаб-қувватлаётгани замирида қандай манфаатлар ётади? Ўзимиз мамлакатимизда амалда бўлган қонунларга зид иш қила туриб, яна ва яна ўз ҳуқуқларимиз ҳимояси борасида айрим оммавий ахборот воситаларида бонг уришимиз нечоғли адолатдан бўлмоқда?

Энг аввало, бу қонунлар бизнинг ҳуқуқларимиз ҳимояси учун қабул қилинган. Шундай экан, қонунларни ҳурмат қилмасликнинг ўзи масъулиятсизликни ифодаламайдими? “Менинг муаммоларим ечилмаяпти”, дейишдан олдин бу муаммоларни ўзимиз келтириб чиқараётганимизни билармиканмиз? Мурожаатчининг давлатимиз раҳбарига йўллаган мурожаати ҳам худди топширилган вазифани бажармаган болакайнинг ноўрин хархашасига ўхшайди. “Мен 4 йил шартнома шартларини бажармадим, лекин менга яна ер берилишини истайман”, деган талабда қанчалик адолат бор? Йиллаб фақат ўз манфаатини давлат ва халқ манфаатларидан устун қўйиб, олдидаги режаларни бажармай келган фермерга қандай ишонч билдириш мумкин? Агар ўша ер майдонида экин етиштириш шунчалик қийин экан, нима учун собиқ фермер ерни топширишга тиш-тирноғи билан қаршилик қиляпти? Мажбурият ҳисси қаерда қолди?

Шоира Раджабова, халқ депутатлари Пискент тумани Кенгаши депутати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019