Мавжуд бўлмаган бино учун Давлат бюджетидан 836 миллион сўм товон пули тўланди

15:55 29 Октябр 2019 Жамият
184 0

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 836 176 000,00 (саккиз юз ўттиз олти миллион бир юз етмиш олти минг) сўм товон пули (компенсация) мавжуд бўлмаган бино учун ва беасос тўланганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича расмий маълумотларга асосланган суриштирув қуйида эълон қилинади.

Охирги йилларда шаҳарлардаги бузилишлар бўйича жуда кўп хабар ҳамда янгиликлар эълон қилиниб борилмоқда ва шу билан бирга ушбу бузилишларни тартибга солиш бўйича қонунчиликнинг норматив-ҳуқуқий асосалари ҳам такомиллаштирилмоқда.

Бузилишлар бўйича тўланаётган компенсация пуллари ва уларнинг тўлаб бериш механизмлари амалда кандай ишлаётганлигини текшириш мақсадида Самарқанд шаҳри Амир Термур кўчаси 14-уйда жойлашган оддий бир қаватли бино мисолида ўрганишга ҳаракат қилдик. Айтиб ўтилган ҳужжатлар нусхалари мақола охирида илова сифатида кўрсатилган. 

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 2 майдаги №823-Қ сонли қарорига асосан (ҳужжат №1) Самарқанд Давлат Тиббиёт Институтининг 800 ўринли янги ўқув биноси қурилиши режалаштирилган ҳудуддаги 15та турар-жой ва нотурар объектларнинг бузилилиши режалаштирилган.

Ушбу 15та бузилишга тушган объектларнинг ичида биз кўрсатган Амир Термур кўчаси 14 манзилидаги бино ҳам бор. Юқоридаги ҳоким қарорининг 1-иловасидаги 4-чи тартиб рақамидаги қаторда Амир Термур кўчаси 14-уй нотурар «Офис» сифатида Самарқанд шаҳар ҳокимининг 05.08.2016 йилдаги №1122-Қ-қарорига асосан фуқаро Д.И.га тегишлилиги кўрсатилган (ҳужжат №2).    

Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги Самарқанд шаҳри бўйича ғазначилик бўлинмасининг маълумотига асосан Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 2019 йил 12 июлдаги №570500728 сонли тўлов топшириқномасига асосан Амир Термур кўчаси 14-уй эгаси фуқаро Д.И.нинг омонат ҳисоб рақамига «УЙ ЖОЙ УЧУН» 836 176 000,00 (саккиз юз ўттиз олти миллион бир юз етмиш олти минг) сўм товон пули кўчириб берилганлиги билдирилган (ҳужжат №3).

Ҳоким карорида «ОФИС» деб кўрсатилган нотурар бино (хужжат №2) тўлов топшириқномасида нимагадир «УЙ ЖОЙ» деб кўрсатилганлигини шубҳа сифатида қабул қилдик ва ушбу ҳолатни батафсил ўрганишга ҳаракат қилдик.

Биринчи навбатда товон пулини кўчириб берилишига асос бўлган мустақил баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш ҳисоботини олишга ҳаракат қилдик. Мустақил баҳоловчи ташкилот – МЧЖ «SAMARKAND IDEAL SERVIS» фуқаро Д.И.га тегишли Амир Термур кўчаси 14даги «УЙ ЖОЙ» биносини баҳолаганини тасдиқлади, аммо номаълум сабабларга кўра ушбу баҳолаш ҳисоботидан нусха тақдим эта олмаслигини билдирди (ҳужжат №4).

Шундан сўнг, товон пули тўлаш учун зарур бўлган иккинчи асосий ҳужжат - бузишга масъул – шаҳар ҳокимик комиссияси ва мулк эгаси фуқаро Д.И. иштирокидаги ДАЛОЛАТНОМАни ўрганишга ҳаракат қилдик. Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Р.Олимов томонидан имзо қўйилган хатга асосан «Фуқаро Д.И.га тегишли бўлган А.Темур кучаси 14-уй бўйича 08.07.2019 йилда тузилган Далолатнома шаҳар ҳокимлиги ҳужжатлар сақлаш архивида мавжуд эмас» (ҳужжат №5).

800 миллион сўмдан ортиқ товон пули тўлашга асос бўлган далолатнома нусхаси фақат битта шаҳар ҳокимлигида турмаслиги аниқ ва ушбу ҳужжатнинг ҳокимлик томонидан яширилиши эса мавжуд муаммони хаспўшлашга уринишдан бошқа нарса эмас. Ҳокимлик яшираётган далолатнома нусхасини ҳам олишга муваффақ бўлдик. Ушбу 08.07.2019 йилда тузилган Далолатномада Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 823-К сонли қарорига асосан (ҳужжат №1) Амир Термур кўчаси 14-манзилда жойлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 30.09.2014 йилдаги №1649-Қ-сонли қарори билан фуқаро Д.И.га тегишли 4 та яшаш хонаси, ошхона, 3та дахлиз, ҳаммом, ҳожатхона ва ертўладан иборат «УЙ-ЖОЙ» кўрсатилган (ҳужжат №6).

Самарқанд шаҳар хокимлиги ва мустақил баҳоловчи МЧЖ «SAMARKAND IDEAL SERVIS» томонидан «УЙ-ЖОЙ» лиги иддао қилинаётган Амир Термур кўчаси 14-манзилдаги бино нима сабабдан бузилиш бўйича шаҳар ҳокимлигининг 823-Қ-сонли қарорида нотурар «ОФИС» (ҳужжат №2) деб юритилганлигини текширишга ҳаракат қилдик ва бу ҳолат бизни жуда ҳайратлантирди.

Ҳақиқатдан ҳам Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 30.09.2014 йилдаги №1649-Қ-сонли қарори билан Амир Термур кўчаси 14-манзилдаги бино турар «УЙ-ЖОЙ» сифатида фуқаро Д.И.га тегишлилиги кўрсатилган (ҳужжат №7). Лекин, орадан икки йил ўтиб Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 05.08.2016 йилдаги №1122-Қ-сонли қарорига асосан Амир Термур кўчаси 14-манзилдаги УЙ-ЖОЙ нотурар жой тоифаси («Офис»)га ўтқазилган ва шунинг учун шаҳар ҳокимининг №823 қарори 1-иловасидаги бузилишга тушган объектларнинг рўйхатида Амир Термур кўчаси 14-уй ҳокимлик охирги қарорига асосан нотурар «Офис» сифатида расмийлайтирилган (ҳужжат №8).

Бу дегани, Самарқанд шаҳар қокимлиги 05.08.2016 йилда ўз кучини юқотган 30.09.2014 йилдаги №1649-Қ-сонли қарорга яъне йўқ қарор ва йўқ «уй-жой» биноси учун 836 176 000,00 (саккиз юз ўттиз олти миллион бир юз етмиш олти минг) сўм товон пули (компенсация) тўлаган.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. «Нима учун мавжуд қарорга асосан «Офис» учун эмас, балки ўз кучини юқотган қарор билан йўқ «Уй-жой» учун товон пули тўланган?» - деган ўринли савол пайдо бўлди. Бу саволга жавоб бизни суриштирувимизнинг қайнаш нуқтасига олиб келди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 йилдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 4-бандига асосан «Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан ер участкаси олиб қўйилиши ва ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин юқорида кўрсатиб ўтилган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар БОШҚА ШАХСЛАРГА БЕРИЛИШИ МУМКИН ЭМАС» деб кўрсатилган. Ушбу Низомга асосан Амир Термур кўчаси 14-уй ҳам Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 2 майдаги №823-Қ-сонли бино ва иншоотларни бузиш тўғрисидаги қароридан сўнг (ҳужжат №1) бошқа шахсларга берилиши (сотилиши ёки ҳадья этилиши) таъқиқланган. Умуман олганда Амир Термур кўчаси 14-уйнинг сотилишига таъқиқ 2016 йил июндан мавжуд бўлган (ҳужжат №9).

Таъқиқлар фақат оддий одамлар учун қабул қилганлиги каби Амир Термур кўчаси 14-уйдаги «Офис» бузилишга тушганлиги ва сотишига таъқиқ борлигига қарамасдан 01.08.2018 йилги олди-сотди шартномага асосан фуқаро Д.И. томонидан бошка бир фуқаро У.Ф.га сотилган.  Бинонинг янги эгасига Давлат кадастр хизмати томонидан «Бино, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтқазилганлиги тўғрисида №SA0151401-сонли гувоҳнома (ҳужжат №10) ва «Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтқазилганлиги тўғрисида №SA0050022-сонли гувоҳнома (ҳужжат №11) ҳужжатлари расмийлаштирилган.

Таъқиқдаги бинонинг бошқа шахсга ноқонуний расмийлаштириш натижасида ушбу Амир Термур кўчаси 14-уйдаги бинони Давлат томонидан иккинчи марта янги эгаси фуқаро У.Ф.дан ҳам сотиб олиши шарт бўлиб қолди. Яъне, Давлат битта бинони икки шахсдан икки марта сотиб олиши керак.

Кимдир бузилишга тушган ёки аллақачон бузиб ташланган шахсий мулки учун товон пули ундириш билан сарсон бўлган бир пайтда кимдир битта бино учун икки марта товон пули олаётганилиги ачинарли ҳол албатта.

Ҳолат юзасидан Давлат бюджетига масьул бўлган ташкилотлардан расмий муносабат кутиб қоламиз.

Мирзо Субханов

ҳужжат №1

ҳужжат №2

ҳужжат №3

ҳужжат №4

ҳужжат №5

ҳужжат №6

ҳужжат №7

ҳужжат №8

ҳужжат №9

ҳужжат №10

ҳужжат №11


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019