Мавсумга тайёргарлик жараёнида Навоий вилоятида 1493 хонадоннинг табиий газ таъминоти яхшиланди

13:16 15 Июль 2020 Жамият
179 0

Пандемия пандемия билану бироқ ҳаёт давом этмоқда. Мамлакатимиз раҳбари ҳам куни кечаги йиғилишда, эртанги кун умидида халқнинг ризқини етиштираётган, одамларнинг фаровонлиги ва иссиқ совуғини ўйлаб меҳнат қилаётган кишиларнинг фидокорона заҳматини алоҳида эътироф этди.

Чунончи, айни шароитда кўпгина соҳалар қатори газ таъминоти тизимида ҳам истиқболдаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Асосий мақсад газ тақсимлаш пунктлари ва қувурларининг соз ҳолатда бўлиши ва қишнинг изғиринли кунларида табиий газ таъминотида муаммо юзага келмаслигини таъминлашдан иборатдир.

– “Ҳозирда вилоят бўйича 3970,9 километр ер ости ва ер усти газ қувурлари мавжуд. Жорий йилнинг 10 июль ҳолатига қадар белгиланган 0,4 километр газ қувурининг 0,2 километри мукаммал таъмирланди, - дейди «Ҳудудгаз Навоий» МЧЖнинг эксплуатация бўлими етакчи муҳандиси Маҳмуд Жумаев. - Шунингдек, 3,5 километр газ қувурини реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, 1,9 километрида белгиланган ишлар якунига етказилди. 8 дона газ тақсимлаш пунктларининг мукаммал таъмирлаш ишлари кўзда тутилиб, бу 6 тасида тўлиқ тугатилди. Уларни техник тафтишдан ўтказиш эса режада 3349 километр белгиланган бўлиб, ҳозиргача 2146 километрида ушбу тадбирлар амалга ошириб бўлинди.

Таъкидлаш жоиз, жамиятга қарашли 439.6 километр ер ости газ қувурининг 99,5 километрини прибор усули билан текшириш режалаштирилган. Бугунги кунда бу амалда 47,8 километрга бажарилиб, ер ости газ қувурларида газ сизиб чиқиш ҳолатларининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги мутахассислар томонидан синовдан ўтказилди. Вилоятнинг Кармана туманида 8,2 км, Қизилтепа туманида 10,1 км, Навоий шаҳрида эса 17,2 км. ер ости газ қувурлари прибор билан текширилиб, газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланган ҳудудларда филиал ходимлари томонидан носозликлар жойида бартараф этилди. Бундан ташқари, вилоят бўйича 55,9 километр газ қувурини босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилиб, бу борада белгиланган режа тўлиқ амалга оширилиши арафасида.

- Олиб борилаётган мавсумга тайёргарлик ишлари жараёнларида вилоятдаги табиий газ етиб бориши қийин бўлган 1493 та аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти янада яхшиланади, - дейди «Ҳудудгаз Навоий» МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. – Албатта, бу аҳоли кайфиятини белгилайдиган омиллардан бири.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?