“Матбуотга эмас, юрагимга ишониб Ўзбекистонга боришга қарор қилганимдан хурсандман”

17:56 21 Июнь 2018 Жамият
596 0
Foto: Stefan Braun

Ўзининг диплом ишида “Мен дунё фуқаросиман” деган мавзуда ҳужжатли фильм тасвирга олган америкалик ёш мутахассис Стефан Браун Ўзбекистонга саёҳат қилган. Унинг таассуротлари ҳақида “Би-би-си” хабар берди.

У 23 ёшда, ҳозир АҚШдаги ширкатда реклама соҳасида фаолият юритмоқда. Стефан жаҳондаги 20 дан ортиқ мамлакатга саёҳат қилган.

Стефан Браун ўзининг ижодий ишида дунёдаги ирқчилик муаммоси, глобал дўстлик, сабр-тоқатлиликнинг аҳамиятини урғулашни истаган. У дунё бўйлаб орттирган дўстлари кўмагига таяниб, ҳужжатли фильмини тасвирга олган.

Foto: Stefan Braun

“Ушбу тажрибаларим мени фақат АҚШ фуқаросигина эмас, дунё фуқаросига айлантирди”, дейди Стефан.

У хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида салбий тасаввур мавжудлигига эътибор қаратган. Бироқ матбуот хабарларига эмас, ўз юрагига қулоқ тутиб Ўзбекистонга саёҳат қилишга қарор берганидан хурсанд эканини ёзади.

Foto: Stefan Braun

“Мен матбуотдаги сўзларга ишониш ўрнига юрагимга қулоқ солиб Ўзбекистонга келишга қарор қилганимдан жуда ҳам хурсандман. Мен бир умр ёдимдан чиқмайдиган хотиралар ва дўстларга эга бўлдим. Мени нафақат дунё фуқароси бўлишда давом этишга илҳомлантирганинг, балки ҳақиқий инсон аслида қандай бўлишини ўргатганинг учун раҳмат сенга Ўзбекистон”, деб ёзади у.

Foto: Stefan Braun

“Чунки мен ўзбекларнинг қанчалар ажойиб инсонлар эканини ўз кўзим билан кўрдим... Маҳаллий одамларнинг меҳмондўстлиги, ҳар бир инсоннинг дўстона муносабатидан мен ўзимни дунёнинг ҳар қандай жойига нисбатан ўз уйимдагидек ҳис қилдим. Ҳар куни табассум, ҳар куни янги бир дўст, ҳар куни мен ҳар қандай муаммони эсдан чиқарган ҳолда уйқудан уйғондим”, дейди Стефан.

Foto: Stefan Braun

“Ўзбекистонга саёҳатим мени нафақат глобал фуқароликка, балки инсонийлик нимани англатишига ўргатди”, дея хулоса қилган Стефан Браун.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар