Масъулларга нисбатан интизомий чоралар кўриш тавсия этилди

10:12 01 Февраль 2019 Жамият
188 0

Иллюстратив фото

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари томонидан 2018 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастури ижроси ўрганилди. Дастурга кўра, ўтган йили 21 минг 634 та фермер хўжалиги томонидан 22 минг 986 та лойиҳани амалга ошириш эвазига 85 мингга яқин янги иш ўрнини ташкил этиш белгиланган эди. Амалда бу вазифалар қанчалик тўлиқ бажарилди? Масъуллар томонидан уларни ўз вақтида бажариш бўйича қандай чоралар кўрилди?

Тадбирда шу саволлар ўртага ташланди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган йили мазкур Дастур ижросини таъминлаш бўйича муайян ишлар бажарилган. Хусусан, 21 305 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 81 493 та янги иш ўрни ташкил этилган. Шунингдек, йилқичилик, паррандачилик, узумчилик ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш йўналишлари бўйича режалар тўлиқ бажарилган.

Шу билан бирга, ўтган йилда Дастур ижросини таъминлашда қатор камчиликлар қайд этилган. Хусусан, 372 та фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолият йўлга қўйилмаган. Сабаблари ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда, молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар қайд этиляпти. Жумладан, Дастурнинг барча бандларини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан 592 миллиард 619 миллион сўм миқдорида кредит ажратиш режалаштирилган эди. Бироқ амалда 159 миллиард 849 миллион сўм (27%) ажратилмаган. Бу жараёнда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Дастурни амалга оширишда етарлича фаоллик ва изчилликни кўрсатмаяпти. Мажлисда бу камчиликларга йўл қўяётган раҳбарларнинг фаолияти танқид остига олинди.

Мазкур масалани ҳал этишда маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари фаолиятида ҳам яққол сусткашлик кузатилмоқда. Жумладан, айрим халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари 2018 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурини ижро этиш масалаларини деярли муҳокама этмаган.

Сирдарё ва Наманган вилоятларида гўшт, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга, балиқчилик, асаларичилик ва иссиқхона хўжаликларини йўлга қўйишга доир лойиҳаларнинг катта қисми бажарилмаган.

Муҳокама якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилиниб, унда Вазирлар Маҳкамасига Дастур ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар учун айрим идоралар ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўриш тавсия этилди. Шунингдек, жорий йилги Дастурга киритилган ҳар бир лойиҳа ижроси устидан тизимли ва мунтазам мониторинг олиб бориш масъулияти белгиланди.

Мунисхон КАРИМОВА,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019