Масъулиятсизлик оқибати

13:15 30 Октябр 2020 Жамият
405 0

Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан туманимизнинг Қораянтоқ қишлоғида яшовчи А. Носировнинг мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи ўз мурожаатида электр таъминоти корхонаси томонидан фойдаланилган электр энергияси учун 512 600 (беш юз ўн икки минг олти юз) сўм қарздорлик ҳисобланаётгани, ушбу қарздорликни тўғри ёки нотўғрилигига аниқлик киритилишида ёрдам сўраган.

Мурожаатни тўлақонли ўрганиб чиқилишини таъминлаш мақсадида ўрганиш ишларига соҳа мутахассислари ҳам жалб қилинди. Ўрганув давомида туман электр таъминоти корхонаси электр ҳисоб дастуридан А. Носировнинг шахсий абонент рақами кўздан кечирилганда, истеъмолчи хонадонидаги эски ҳисоблагични 2018 йил 1 март кунида янги электрон (картали) ҳисоблагичга алмаштирилганлиги, ўша пайтда ҳудудни назоратини олиб борган МИБ инспектори эса истеъмолчи хонадонига бормай туриб, 2018 йил 10 май кунида ҳисоблагич кўрсаткичини 1635 тарзида, яъни нотўғри кўрсаткич (обход) киритганлиги ва бунинг натижасида истеъмолчи ҳисобига 439 000 (тўрт юз ўттиз тўққиз минг) сўм қарздорлик юзага келганлиги маълум бўлди. Нотўғри киритилган кўрсаткич ҳисобига 2018-2020 йиллар давомида истеъмолчининг қарздорлиги ошиб борган ва қарздорлик учун ҳисобланган устама қўшилиб, истеъмолчининг қарздорлиги 2020 йил 10 июль кунидаги МИБ инспектори томонидан яна бир бор нотўғри киритилган 1842 кўрсаткич (обход)га нисбатан 512 600 сўмни ташкил қилган. Истеъмолчи эса бу вақт давомида ҳисоблагич картасига вақти-вақти билан юклаган киловаттларини ишлатиб юраверган.   

Юқоридагиларга асосан А. Носиров номидан шахсий абонент рақамига ҳисобланган асоссиз қарздорликни хатлов қилиш учун ариза киритилди, шунингдек, у эски ҳисоблагични янги электрон ҳисоблагичга алмаштириш жараёнида қолган 46500 (қирқ олти минг беш юз) сўм тўловни амалга оширди.

Ҳар бир соҳа ходими ўз вазифасига виждонан ва сидқидилдан ёндашмас экан юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқаверади. Лекин бугунги кунда мамлакатимизда электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви истеъмолини ҳисобини юритиш ишларига рақамли технологияларнинг кенг миқёсда жорий этиб борилаётганлиги ҳамда инсон омилининг таъсирини тизимли равишда камайтириб борилаётганлиги юқоридаги каби салбий ҳолатларни бартараф этилишида ўз ижобий таъсирини кўрсатишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни жоиз, деб биламиз.

Шу ўринда сотувчи, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчиларга «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддаси иккинчи қисмидаги қонунчилик нормасини яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб ҳисоблаймиз:
Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.

Наргизахон ШEРАЛИЕВА,
Учкўприк тумани ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?