Масъулиятни барча ҳис қилиши керак

11:03 31 Июль 2018 Жамият
139 0
Архив фото

Жорий йилнинг 27 июль куни Президентимиз Шавкат  Мирзиёев раислигида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган муаммолар барчани ҳушёр торттирди.

Сабаби унда таъкидланганидек, 2017 йилда мамлакатимизда жиноятлар 2016 йилдагига нисбатан 16 фоиз, жорий йилнинг 6 ойида эса, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 39 фоиз камайган бўлса-да, жиноятчиликнинг айрим турлари, жумладан, қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик каби жиноятлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда. 

Ўзингиз  айтинг: бу ҳолат юрт равнақини ўйлаган кишини ташвишга солмайдими? 

Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, бу — барчамизга тегишли муаммо. Бу борада барча кучларни бирлаштириб, жиноятчиликнинг туб илдизларига етиб боришимиз, жиноятчиликнинг оқибатлари билан эмас, балки унинг келиб чиқиш сабаблари билан кўпроқ шуғулланишимиз талаб этилади. Ушбу жараёнда асосий эътиборни маҳалла, ички ишлар, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва оилалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни қоғозда эмас, балки ҳаётда, амалда тубдан яхшилашимиз лозим. Масалага бепарволик билан қараб, ўзибўларчиликка ташлаб қўйиш мутлақо мумкин эмас. Тушунтириш ва тарғибот ишларини янада кучайтириш тақозо этилади. 

Энг асосийси, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, илдизига етиш ва жиноят учун жазо муқаррарлигини халқимиз онгига етказишимиз, таълим муассасаларидан тортиб, барча оилаларда, жамоат ташкилотларида, маҳалла ва кенг жамоатчилик орасида жамиятимиз учун жиддий хавф бўлган бундай иллатга қарши курашиш керак бўлади. Айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ўқимаётган, ишламаётган, уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тубдан такомиллаштириш лозим. Биз, депутатлар ҳам жойларда аҳоли билан ўтказаётган турли тадбирлар давомида, буни чуқур таҳлил қилган ҳолда, ишларимизни олиб боришимиз даркор. 

Бугун ички ишлар тизимида эскича ишлаш қолипидан чиқолмаётган айрим ходимлар ҳам учраб тургани, одамларнинг дарду ташвишини ҳис қилмаслик, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни олдиндан кўра олмаслик кабилар тизим ишининг боришига салбий таъсир ўтказмоқда. Шунингдек, видеоселектор йиғилишида тезкор ва холис қарор қабул қилиш борасида соҳанинг баъзи ходимларида малака ва тажриба, билим етишмаётгани ҳам кўзланган натижага эришишда салбий таъсир кўрсатаётгани бежиз таъкидланмади. Қолаверса, соҳа ҳали-ҳануз эскича ишлаш тизимидан воз кечолмагани ҳам ривожланишга тўсиқ бўлиб турибди. 

Шу жиҳатдан йиғилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш амалиёти авж олгани танқид остига олинди. Шу сабабли энди жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланган бутунлай янгича тизимда ташкил этилиши қайд қилинди. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Бу, жиноятлар сонининг сезиларли даражада камайишига имкон яратади.

Албатта, бу борада ҳеч қайси давлат идораси, жамоат ташкилоти четда турмаслиги лозим. Қўмитамиз, ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг мазкур йиғилишда билдирган барча фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли, самарали ташкил этиш борасида таълим муассасалари, ички ишлар идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни белгилаб олди.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар