Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди

18:04 07 Сентябр 2018 Сиёсат
202 0
Иллюстратив фото

Нодавлат нотижорат ташкилотлари, умуман, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда жуда кўп ишлар қилинди. Давлат ва жамият, соддароқ айтадиган бўлсак, халқимиз ўртасидаги энг ишончли ҳамда мустаҳкам кўприкка, ўзига хос мулоқот майдонига айланиши лозим бўлган “учинчи сектор” негадир ҳали ҳам кутилганидек фаол эмас.

Бугун мамлакатимизда адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган фуқаролик жамияти институтлари сони (2018 йилнинг 1 июл ҳолатига кўра) 9 минг 478 тани ташкил этади.

Республика даражасидаги оммавий жамоат бирлашмалари – сиёсий партиялар, хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари, Ёшлар иттифоқи ва шунга ўхшаш нодавлат ташкилотларнинг катта бўлмаган гуруҳидан ташқари, ННТ аҳолининг юқори жамоатчилик ва фуқаролик иштирокини таъминлай олмаяпти.

Етарли қонунчилик базаси яратилганлигига қарамай, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик фуқароларнинг кенг кўламли ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, айниқса, ёшларнинг ташаббуслари ва замонавий ғояларини ҳақиқатда илгари суришга қаратилган ҳамкорликнинг самарали механизмига айлана олмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг биринчи мажлисида айнан шу масалалар, яъни, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини қандай тараққий эттириш керак, бунга тўсиқ бўлаётган муаммолар нималардан иборат экани атрофлича муҳокама қилинди. Фуқаролик жамияти институтлари ривожининг реал ҳолати, уларнинг кундалик ҳаётида юзага келаётган муаммолар кўриб чиқилди.

— Ўзбекистонда замонавий фуқаролик жамиятининг ривожланишида 2018 йилнинг 4 май куни тарихий сана бўлди, — дейди Маслаҳат кенгаши раҳбари Акмал Саидов. — Шу куни Президентимизнинг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур ҳужжат билан тузилган Маслаҳат кенгашининг олдига давлатимиз раҳбари жуда катта вазифаларни қўйди. Аввало, бу майдон соҳадаги бўшлиқларни аниқлаш, мавжуд муаммоларнинг самарали, амалий ечимларини топиш, давлат ва жамият ўртасида қоғозда эмас, ҳақиқий ижтимоий шерикликни ривожлантиришга хизмат қиладиган таклифларни, ташаббусларни ишлаб чиқадиган майдон бўлиши керак. Бундан ташқари, давлатнинг ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий, демократик ҳамда очиқ-ошкора майдон сифатида тизимли мулоқотини йўлга қўйишимиз талаб этилмоқда. Ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш ва миллий моделини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш устида биргалашиб иш олиб борамиз. Дастлабки мажлисимизда мазкур фаолиятга оид бир неча режалар тасдиқланди, ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Тадбирда иштирок этган кенгашнинг ҳар бир аъзоси томонидан соҳадаги ҳолат таҳлилига оид бир неча амалий таклифлар ўртага ташланди. Аввало, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишни янада жонлантириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга оид амалий ташаббуслар билдирилди.

— Нодавлат нотижорат ташкилотининг бир вакили сифатида айтишим мумкинки, биз давлатдаги ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимида фаол иштирок этишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази директори Диловар Қобулова. — Аммо, бугунги кунда кўпгина давлат органлари ННТ билан ижтимоий шериклик қилиш масаласида етарли тажрибага эга эмас, деб ўйлайман. Бу ҳамкорлик ҳар иккала томон учун ҳам жуда самарали ва фойдали. Аммо, бугун жамиятимизда бу шериклик фақат расмийлигича қолмоқда. Ўрни келганда нодавлат ташкилот масъулларининг ўзи ҳуқуқлари ва ваколатларини билмайди. ННТ барчаси ҳам давлат идоралари билан тенг равишда ижтимоий шериклик қилишга тайёр эмаслигини афсус билан қайд этиш лозим. Шу ва шунга ўхшаган муаммоларни бартараф этиш учун ННТда фаолият юритаётган кадрларнинг малакасини ошириш, махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ушбу ҳаракатлар негизида “Ўзбекистон Республикасининг 2019-2023 йилларга мўлжалланган фуқаролик секторини ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқиш тўғрисида таклиф киритдим. Фармон асосида йўлга қўйилаётган ишлар Ўзбекистонда замонавий фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, мажлисда таъкидланишича, ННТ ва бизнес тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, уни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда бу жараённинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш талаб этилмоқда. Пировард мақсад — амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига эришиш.

Бунинг учун соҳадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, жаҳоннинг илғор тажрибасини ўрганиб, миллий қадриятларимизга уйғунлаштириш назарда тутилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар