Машҳур оилавий “Ҳавас“ гуруҳи Наманганга нега борди?

12:40 05 Сентябр 2019 Жамият
1054 0

Жаҳон санъат оламида ўзига хос ўринга эга бўлиб улгурган оилавий “Ҳавас” гуруҳи жамоаси Мустақиллик айёми тантанали нишонланаётган кунларда Намангандаги 26-“Меҳрибонлик уйи”га ташриф буюрди.

Уйчи тумани Ўнҳаёт қишлоғида таваллуд топган рассом, санъатшунослик фанлари номзоди Рустам Эрматов ва унинг фарзандлари – оилавий “Ҳавас” гуруҳи аъзолари – “Ниҳол” мукофоти совриндори, “Дил Ҳаи Ҳиндустани” халқаро кўрик-танлови олтин диски соҳиби Қаҳрамон Ғуломжонов, халқаро мусиқий танловлар ғолиблари Достонбек Ғуломжонов ва Робия Ғуломжоновалар иштирокида ўтказилган ижодий учрашув тарбияланувчилар ёдида бир умр қоладиган бўлди.

“Меҳрибонлик уйи” ҳаваскорлик дастаси аъзолари ижросидаги қўшиқ ва рақслар билан бошланган тадбир меҳмонларнинг хиндча қўшиқлари ҳамда скрипкасидан таралган ажиб садоларга уланди. Байрам шукуҳидан завқланган болалар қўшиқларга ҳамоҳанг рақсга тушишди.

Рустам Эрматов “Сиз, болажонларнинг қобилиятингиз бизнинг гуруҳдагиларникидан қолишмайди. Ҳали кун келади, орангиздаги истеъдодлар ҳам дунё мусиқа саройларида концерт беради”, дея болаларнинг чиқишларини эътироф этди.

“Ҳавас” гуруҳи “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига 200 дан зиёд бадиий адабиётлар совға қилди.Улар орасида Қаҳрамон Ғуломжоновнинг “Парвоз завқи” деб номланган китоби ҳам бор.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?