Машҳур холдинг “Ўзбекистон” меҳмонхонасини сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда

15:33 15 Февраль 2019 Жамият
540 0

“Alshaya Group” халқаро компаниялар гуруҳи мамлакатимиздаги бир қатор объектлар, жумладан, “Ўзбекистон” меҳмонхонасини хусусийлаштиришга қизиқиш билдирмоқда.

Яқинда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ушбу гуруҳ ижрочи директори ҳамда Mabanee Company SAK йирик қурилиш компанияси раиси Муҳаммад ал-Шайа бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар ушбу холдинг томонидан Ўзбекистонга, жумладан, туризм соҳасига инвестиция киритиш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида ўтказилди.

Делегация, айниқса, меҳмонхона бизнесини ривожлантиришга алоҳида қизиқиш билдирди. Янги бинолар қуриш, келгусида фойдаланиш учун реконструкцияга муҳтож мавжуд объектларни хусусийлаштириш шулар жумласидандир. Мана шундай иншоотлардан бири “Ўзбекистон” меҳмонхонасидир.

Илгари хабар берганимиздек, давлат “Ўзбекистон” меҳмонхонасини 33 млн. АҚШ доллар эвазига сотувга қўйган эди. Харидор икки йил давомида унга 100 млрд. сўм инвестиция киритиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Шунингдек, “Қадимий Бухоро” туристик зонаси, “Чорвоқ” туристик зонаси ҳудудидаги тоғ чанғи курорти ва арқон йўли бўйича лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар делегация аъзолари эътиборига ҳавола этилди.

Хуллас, учрашувда ўзаро ҳамкорлик имкониятлари ҳар томонлама кўриб чиқилди.

Маълумот учун, Alshaya компаниялари гуруҳига 1890 йилда асос солинган. У чакана савдо бўйича халқаро оператор бўлиб, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Россия, Туркия ва Европада кенг тарқалган. Alshaya портфелидан 90га яқин бренд жой олган. Уларнинг ичида Starbucks, H&M, Victoriaʼs Secret кабилар бор. Либослар, косметика, озиқ-овқат, оптика, фармацевтика, уй ва ҳордиқ учун товарлар сотиладиган 4000дан ортиқ дўконларни бошқариб келади. Кўчмас мулк, қурилиш, туризм инфратузилмаси ва автомобиль савдоси ҳам ушбу холдинг активлари сирасига киради. Унда 53 мингдан зиёд ходим ишлайди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019