Мароқли муҳаббат мадҳи

10:10 22 Май 2018 Маданият
121 0

"Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи" маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида

Шодмон Отабекнинг “Агар ошиқлигим айтсам” сарлавҳали янги китобини қўлга олганимизда Бобораҳим Машрабнинг машҳур ғазали ва “Ўтган кунлар” бадиий фильмига узукка қўйилган ёқут кўздек тушган Муроджон Аҳмедовнинг таниш қўшиғи онгу шууримизда янграгандек бўлди. Китоб ёшларнинг севги муҳаббати тўғрисидаги ҳикоялардан иборат.

Шу ҳикоялар силсиласида китобга сарлавҳа бўлган қўшиқ номи берилган битик ҳам мавжуд. Китобхонда савол туғилади: жону жаҳонни ўртайдиган муҳаббат бугун ҳам бормикан? Бирга ўқийдиган Насиба исмли қизни Шавкат зимдан севади. Талабалар пахтакорларга ҳашарга борганда йигит кўз остига бостирган қизни муттасил кузатади. Умрида шеър ёзмаган йигит дил изтиробларини шеърга солади. Бу ҳақда Шавкатнинг дўсти Асрордан бошқа ҳеч ким билмайди. Асрор дўстининг шеър дафтарини Насибага етказади. Жавоб нима бўлди, дейсизми? Қиз дил изҳори битилган шеърларга парво қилмай, уни бошқа курсдошларига кўрсатади. Ҳамма жамулжам бўлган даврада уларнинг курсдоши Айниддин “Орамизда бир шоир бор экан” деб сирни очади. Ўзининг масхара бўлганидан жаҳли чиққан Шавкат нима қилишини билмай қолади. Бунинг устига Насибани ўзига яқин тутган Ниғмат яқин кунларда бўладиган тўй таклифномасини келтирганда тоқати тоқ бўлади. Қалби бу бевафоликдан куйган, ўртанган Шавкат бу муҳитдан бош олиб чиқиб кетади.

Китобдаги “Куёвбола” ҳикояси ҳам шунга яқин мазмундаги севги тарихини баён этади. Асли исми Тоҳир бўлган йигит пахта даласида Зуҳрани яхши кўради. Бу ошиқликдан воқиф бўлган ҳамкурслар йигитга “Куёвбола” номини беришади. Ҳамма уни шу ном билан чақиради. Иттифоқо, Зуҳранинг туғилган кунини нишонлашга тўғри келади. Тоҳир қизга кимматбаҳо совға беради, тўкин дастурхон тузайди. Уларнинг курсдоши Азим эса ўша даврани бошқаради, икки ёшга бахт тилайди. Бу зоҳирий кўриниш. Аслида эса... Бир тасодиф билан куёвбола Азим ва Зуҳра ўртасида жиддий муносабат борлигини, иккалови аллақачон аҳду паймон қилганлигини билиб қолади. Демак, улар Тоҳирни масхара қилиб юришган экан. Ана шу зарба билан ҳикоя хотима топади.

“Кўнгил” ҳикояси оддий тасодифда бир-бири билан танишган йигит ва қизнинг учрашуви ҳақида. Бу воқеа саноқли дақиқаларда рўй беради. Ёзувчи уларнинг суҳбати қандай бўлса, шундайлигича тасвирлаш йўлини тутади. Ҳаммаси ҳаракатда, қисқа диалогларда ифодаланади. Улар ажиб бир кайфиятда ажралишади. Бу ҳолдан қандай хулоса чиқариш китобхонга ҳавола.
Китобни ўқиш асносида “Нима, муаллиф фақат ҳижронли муҳаббат ҳақида ҳикоялар ёзганми?” деган савол туғилиши мумкин. Йўқ, ёзувчи бу ҳикоялар орқали муҳаббат учун курашиш керак, журъатсиз, бўшанг йигитлар қуруқ қолиб кетиши мумкин, деган фикрни уқтирмоқчи деб тушундик. Шу жиҳатдан “Қайлиқ” ҳикояси китобхонга оптимистик руҳ ҳадя қилади. Ҳали тўйи бўлиб ўтмаган Тошпўлат ота-оналарининг қистовига кўра оддий қишлоқ қизи Ҳалима билан учрашишга рози бўлади. Йигитнинг кўз олдида ўта содда, нозик қизалоқ пайдо бўлади. Бу мулоқот узоқ давом этмайди. Хайрлашув онларида Ҳалима йигитга: “Энди... қачон келасиз?” деган сўзни айтади. Мана шу бир оғиз сўз Тошпўлатнинг юрагини жизиллатади. Шу қисқа каломда Ҳалима айтолмаган “Сиз менга маъқулсиз, сизни кутаман, кўп соғинтирманг” деган сўзлар мужассам эди. Буни англаган китобхоннинг руҳи тозариб, кўнгли кўтарилади.
“Япроқдаги нур” ҳикояси ҳам орзусига етолмаган йигит ҳақида. У Сайёра билан учрашиб туради. Лекин қатъий иш тутмаганлиги учун маҳбубаси аллақачон қўлдан бой берилган.

Унинг “Нега телефон қилмайсиз?” деган саволига Сайёра: “Хўжайиндан вақт ортмаяпти сира” деб жавоб қилади. Шу билан масала ҳал. Сўнгги учрашув лаҳзаларида Сайёра йигитга:
— Қаранг, қаранг, қандай чиройли! Мен нурнинг шунақа япроқлар орасида чарақлаб турганини яхши кўраман. Худди менинг туйғуларимга ўхшайди. 
Япроқдаги нур кимгадир завқ беради, кимга эса...
“Тақдир сўқмоқларида” ҳикоясини ёзувчи йигитнинг ўсмир ёшидаги укаси сўзлари орқали ифода этади. Шаҳарлик қиз нафақат Мансурни, айни пайтда маҳбубининг укасига ҳам меҳр қўяди. Болакай учун бу дунёда акасига Мунавварадан кўра муносиб келин йўқ. Акасининг дўстлари, улар орасида Мунаввара ҳам бор, қишлоққа меҳмонга келишади. Гўё бўлажак келин ота-она кўригидан ўтади. Отага меҳмон жуда маъқул бўлади. Лекин она “Шаҳарлик қиз таппи ёполмаса, сигир соғолмаса” деб таклифни рад этади. Аслида бахт фақат шулардан иборат эмас-ку. Онанинг ўжарлиги туфайли ёшлар висолга эришилмайди.
Тақдирнинг зарбаси шу қадар аёвсизки, кўҳлик, гўзал, истарали қиз бир кун келиб, шаҳар чорраҳаларида ...тиланчилик қилиб юради. Бу манзарани кўрган бола дил-дилдан изтироб чекади.

Ширмонбулоқ — Шодмон Отабекнинг кичик ватани. Ўзининг гўзал табиати билан ном қозонган бу замин қалам аҳлини ҳамиша илҳомлантириб келган. “Ширмонбулоқ оқшомлари” сарлавҳали ҳикоя ҳам бундан мустасно эмас. Шу ердаги мактабнинг юқори синфида ўқиётган Баҳром синфидаги Инобатни яхши кўради. Қизни Баҳромнинг кўзи билан кўрсангиз, юрагингиз “жиз” этиши тайин. “Ҳар бир хатти-ҳаракати, қорачалиги, юмалоқ кулча юзларию қайрилма киприклари шу қадар ўзига ярашганки, унинг сиймосини унча-мунча рассом чизолмайди, бу иш фақат Чингиз Аҳмаровнинг қўлидан келиши мумкин. Мактабни битириб, Тошкентга ўқишга борса, албатта, Чингиз ака билан танишади, унга Инобатнинг суратини кўрсатиб, йўқ, нега энди суратини, ўзини етаклаб бориб, портретини чиздиради”.

Икки ёшнинг муҳаббати шу қадар самимий, шу қадар табиийки, биргина йигит кинога таклиф қилиши, қизнинг рози бўлиши ниҳоятда таъсирли кўринишда ифодаланади. Бундай муносабатдан китобхон ҳам ич-ичидан қувонади.
Лекин... Ҳа, ҳаётда ҳамиша лекин кутилмаган оқибатларга олиб келади. Баҳром ўз режаси бўйича ўқишга кетади. Бу ёқда эса Инобатнинг уйдагилари эрга берворишади. Йигит шаҳардан уйланади. Орадан етти йил ўтгач, йигит қадрдон қишлоғига келиб, чинор олдида ўша бокира муҳаббатни эсга олади. 

Севги ҳақида дунё адабиётида не-не ҳикоялар, новеллалар, достону романлар битилган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданияти ходими Шодмон Отабек ҳам ўз қаламини шу мавзуда синашга аҳд қилибди. Бу ҳикояларни ўқир экансиз, сирли ва муаммоли ҳаётнинг турфа жиҳатларини кашф этасиз. Леон Грейчнинг бир гапи ёдимизга тушди: “Севмоқ яхшими ёки севилмоқ? Севмоқ. Шунда лоақал сизда танлаш имконияти бўлади”. “Агар ошиқлигим айтсам” китоби ҳам турфа муҳаббатнинг ўзига хос баёнидир.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган журналист.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар