Марказий Осиёдаги энг баланд бино Ўзбекистонда барпо этилади

11:46 26 Июль 2018 Жамият
1334 0
Фото: Tashkent City

Дунёга машҳур The Ritz-Carlton Hotel Company люкс классидаги меҳмонхоналар халқаро тармоғи пойтахтимиз марказида барпо этилаётган Tashkent City ишбилармонлар маркази лойиҳаларидан бирида иштирок этади. Бу ҳақида марказ дирекцияси ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Халқаро компания меҳмонхона бошқаруви ва хизматлар кўрсатиш жараёнларини ўз зиммасига олиши мўлжалланяпти.

“Кўп функцияли мажмуа ўз ичига “А+” тоифасидаги бизнес марказлар, Ritz Carlton беш юлдузли меҳмонхонаси, Ritz Carltonдан премиум класс сервис хизматлари кўрсатиладиган хоналар, дунёга машҳур брендлар дўконлари галереясини қамраб олади”, - дейилади хабарда.

Мазкур лойиҳа учун 1,5 гектардан зиёд ҳудуд ажратилган. 200 метрлик бино нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг баланд иншоотга айланади.

Қурилиш ишлари билан Murad Buildings компанияси шуғулланса,Япониянинг Nihin Sekkei ташкилоти конструкция ишларини ўз зиммасига олади.

Қурилиш жараёнлари, харажатлар ва муддатлар, сифат назорати, экология, хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси эса Франциянинг Bureau Veritas компаниясига ишониб топширилган.

Кўп функцияли мажмуа ташқи қиёфаси ва дизайни билан DP Architects халқаро архитектура бюроси шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, The Ritz-Carlton – люкс тоифасидаги меҳмонхоналарнинг халқаро тармоғи бўлиб, The Ritz-Carlton Hotel Company компанияси томонидан бошқарилади. Маъмурий биноси АҚШнинг Мэриленд штатида жойлашган ва айни пайтда дунё шаҳарларидаги 90 дан зиёд меҳмонхоналарга эга.

Ўз навбатида, у дунёдаги энг йирик меҳмонхона холдинги Marriott шўъба компанияси ҳисобланади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар