Марказий Осиёда экстремизм хуружлари: мифлар ва реалликлар ҳақида

15:49 29 Май 2018 Сиёсат
336 0
Фото: stolicaonego.ru

Май ойи бошида “Rusvesna.su” интернет сайтида “Осиёда уруш яқинлашмоқда: Ўзбекистонда ИШИДнинг 5000 жангариси” номли қўрқинчли сарлавҳада мақола чоп этилди. Унда гўёки Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари А. Абдувохитовнинг АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига юборган мактубининг “асл” нусхаси келтириб ўтилади. 
Мазкур “ҳужжат”да Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон махсус хизматлари томонидан террорчилик гуруҳларининг Марказий Осиё давлатларига кириб келишига қарши олиб борилган фаол кураш оқибатида Сурия ва Ироқдаги жангарилар Ўзбекистонга кириб келгани қайд этилади. 
Сурхондарё вилояти ҳудудида 5 мингга яқин жангари борлиги, Афғонистон билан чегарадош вилоятда криминоген вазият даражаси ошгани ҳақидаги умуман асоссиз бўҳтон бунга тасдиқ сифатида келтириб ўтилади. 

Унда Ўзбекистонда, Марказий Осиёдаги энг “нозик” давлатда келиб чиқадиган барча ёқимсиз унсурлари билан қонли жанглар бошланиши ҳақида ёзилар экан, Ўзбекистон ва АҚШ махсус хизматлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик параметрларини энг юқори даражада аниқлаштириши Ўзбекистон раҳбарияти обрўсини ва минтақада барқарорликни сақлаб қолишнинг деярли ягона имконияти эканлигига “урғу” берилади. 
Мазкур материал айрим “нуфузли” интернет ресурслари томонидан ошкорасига катта мамнуният билан кўчириб олинди. Улар шу “асос”да “республика махсус хизматлари мамлакат хавфсизлигини террорчилик фаоллашувидан ҳимоя қилишга қодир эмас”, “мамлакат ҳудудида урушнинг кенг имкониятлари билан радикал ислом халифатини тузишга тайёргарлик кўрилаяпти” қабилида хулосалар ясаган кўйи Ўзбекистоннинг қўрқинчли келажагини тасвирлай бошлади.
Маълумки, кимлар учундан қулай бўлган “фактлар”дан иборат бундай сафсаталар ҳақида шундай дейиш мумкин: “реалликнинг чегараси бўлади, тасаввур эса чегара билмайди”.

Агар мазкур “ўхшамаган” сохтакорликка бошқа тарафдан, соғлом фикр билан, агар хоҳласангиз аниқ далилларга асосланган ҳолда қарасак-чи?
Шунда мазкур мақола ўз муаллифи (ёки буюртмачиси) кутган шов-шувли самара келтирмаган таги пуч, сохта (замонавий тил билан айтганда “фейк”) нарса эканлиги янада ойдинлашади. Айтишади-ку, “бировга чоҳ қазисанг ўзинг тушасан” деб ёки “ит ҳурар карвон ўтар” ҳам дейишади.
Бундай муносабат ҳар томонлама мантиққа тўғри. Чунки Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда энг кучли армияга ҳамда ваколатли махсус хизматларга эга давлат эканлигидан хабардор бўлган ҳар бир инсон ушбу республика чегарасидан ҳатто бир нафар бўлса ҳам қуролланган жангарини ўтиши(бундай ҳолат охирги 28 йилда бир марта ҳам рўй бермаган)га умуман ишонмайди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар Россияда 2017 йилда бўлиб ўтган охирги армия ўйинлари якуни бўйича (минтақа бўйича қўшниларидан фарқли равишда) етакчилар ўнталигидан жой олгани фонида юқоридаги материалда қилинган хулоса янада ғайритабиий, ғалати кўринади.

Қолаверса, “ўзбеклар мурожаати” шу даражада сохта ва тўқиб чиқарилганки, профессионал дипломатлар ва юқори даражадаги экспертларни бир чеккага қўйиб турайлик, ҳатто тор фикрлайдиган ўқувчи ҳам унинг мазмунига, ҳақиқийлигига ишонмайди. Бинобарин, Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси ва хориж давлатларининг Тошкентдаги дипломатик миссиялари томонидан бунга қандайдир реакция билдирилмаганидан ажабланмаса ҳам бўлади. 
Якунда шу каби “тўқима асарлар” муаллифининг мақсади нима дея ўйлашга мажбур бўласан киши. Аёнки, бу ишнинг “ғоявий раҳнамоси” ҳамма жойда ва ҳар доим қарама-қаршиликларни, биродаркушлик урушларини, “оммавий тартибсизликлар” авж олишини кўришни ҳамда у ерда ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайдиган муаммоларни ўйлаб чиқаришни хоҳлайди.

Якуний сўз ўрнида... Шу каби сохта маълумотларни шарҳлаш зерикарли ва одамни чарчатади. Бу вақт ва куч ҳам сарфлашга арзимайди. Лекин, бошқа томондан, билдирилган далил-исботлар ёлғон ғоялар ва тўқималар сабабчиларига аниқ ва тушунарли тарзда таъсир қилишига, уларни Ўзбекистонда бугун ҳақиқатан ҳам мавжуд реалликларни англаб етиши учун қайтаришига ишонишни истайсан.

Саид ҚАҲҲОРОВ,
мустақил сиёсатшунос.

Манба: podrobno.uz
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар