Мариам Лахши : “Давлат ишбилармонлик ривожига устувор аҳамият қаратиши керак, хусусий сектор ислоҳотлар ташаббускорига айланмоғи лозим”

14:56 14 Июнь 2019 Жамият
356 0

Тошкентда “Марказий Осиё, Мўғулистон, Кавказ ва Афғонистон” (“КАМКА”) VI минтақавий форуми давом этяпти. Унда 20 дан ортиқ давлатдан 80дан зиёд экспертлар ва 160 та етакчи компания иштирок этмоқда. Тадбир формати фикр ва тажриба алмашиш, минтақада рўй бераётган жараёнлар ҳақида яхши тушунча ҳосил қилиш учун ноёб имконият тақдим этмоқда.

Ташкилотчиларнинг фикрича, форум қандайдир сиёсий мақсадни кўзламайди, балки минтақавий аҳамиятга эга бўлган, шу жумладан, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ижтимоий-иқтисодий тараққиёти масалалари бўйича мулоқотга кўмак бериш учун тузилган.

Жорий йилги форум “КАМКА”: умумий манфаатлар, умумий интилишлар” мавзусига бағишланди. У ялпи мажлислар, асосий маърузалар ва минтақавий савдо-сотиқ, транспорт ҳамда транзит, инвестицияларни жалб қилиш, минтақавий иқтисодий ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, КАМКА мамлакатларида тадбиркорлик ва инновациялар, инсон капитали ва таълим, туризм ва оммавий ахборот воситалари каби мавзуларни ўз ичига олади.

Тадбирда Грузиядан ҳам етакчи экспертлар ва турли соҳа мутахассислари қатнашмоқда. Чунончи, Грузия Инновациялар ва технологиялар агентлиги раиси ўринбосари Мариам Лахши ҳам ўз фикрлари ҳамда тажрибаси билан ўртоқлашди.

— Форум Марказий Осиё юрагида бўлиб ўтаётгани диққатга сазовор, — дейди М.Лахши. — Тадбир платформаси минтақа мамлакатлари ўртасида мулоқотни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзаро бу каби алоқалар Буюк Ипак йўли давридан бошланганини шу ўринда алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Фикримча, мазкур алоқаларни рақамли дунё, хусусан, аниқ чегараси йўқ рақамли иқтисодиёт жадал равнақ топаётган йигирма биринчи асрда ҳам қайта тиклаш мақсадга мувофиқ. Менинг чиқишим ҳам рақамли иқтисодиёт ва ушбу соҳадаги ҳамкорликка бағишланди. Зеро, бу жабҳа нафақат давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, балки мулоқотлар шаффофлиги ва очиқлиги ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида рақамли технологиялар интеграциясини таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Грузияда ахборот технологияларини яратиш ва уларни амалиётга жорий этишда етарли тажриба тўпланган. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам тараққиётнинг ушбу йўлидан жадал кетяпти. Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилди ва муваффақиятли фаолият юритаётир. Бугун биз инновацияларга техник кўмак сифатида эмас, балки мамлакат иқтисодий тараққиёти учун имконият сифатида қарамоқдамиз. Бинобарин, Ўзбекистоннинг соҳавий вазирлиги билан яқиндан алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма меморандум имзолаш бўйича келишиб олиш биз учун муҳимдир.

Айни пайтда Грузия блокчейн тизимини татбиқ этиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Бу мамлакат иқтисодий юксалишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бундай ислоҳотларни олиб бориш эса интеграция жараёнларини тезлаштирмоқда ва рад этиб бўлмас устунликларга эга. Бу жараёнларнинг ҳимояланганлиги, шаффофлиги, марказлашишни бартараф этиш ва қоғозбозлик ҳамда воситачиларнинг йўқ бўлишидир. Шу маънода тажрибамиз билан ўртоқлашиш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.

Мамлакат ривожида бизнеснинг роли ҳақида гап кетганда, бу борада давлат-хусусий шерикчиликни таъминлаш муҳим эканлигини таъкидлаш даркор. Бу ишбилармонлик доиралари қандай ислоҳотларни рўёбга чиқариш зарурлиги, бозорга чиқишда қандай усуллар кераклигини яхши тушунишлари учун долзарбдир. Бинобарин, давлат тадбиркорлик ривожига устувор аҳамият қаратиши, хусусий сектор ислоҳотлар ташаббускорига айланмоғи лозим. Грузияда давлат ва хусусий шериклик тараққиётига катта эътибор қаратилмоқда, мамлакат Бош вазири раҳбарлиги остида махсус комиссия тузилган. Бундай ёндашув давлат ва хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни яхшилашга ёрдам беради. Зотан, бизнес равнақи учун собиқ иттифоқ давридан кейинги карахтлик босқичида одамларнинг дунёқарашини, уларнинг воқеа-ҳодисаларга муносабатини ўзгартириш керак. Бу ҳақда жамиятга, ёшу кексага бирдек маълумот бериш жоиз. Мазкур йўналишда бизнесни глобал бозорга олиб чиқишга сезиларли кўмак берадиган пиар ҳам алоҳида роль ўйнайди.

Грузия ва Ўзбекистон — ишончли шериклар. Мутахассисларимиз, жумладан, мамлакатларни ислоҳ этишда иштирок этаётган ЕТТБ халқаро маслаҳатчиси, Грузия собиқ Бош вазири Георгий Квирикашвили ва бошқалар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўз тажриба ҳамда билимларини бўлишишга тайёрдир.

С.Қосимжонов тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019