“Марҳум қайнонанг учун ҳам тўлайсан!” ёки яна ўқитувчилар, “Сувоқова“ ДУК ва МИБ машмашаси...

11:04 09 Февраль 2019 Жамият
884 0

Иллюстратив фото

“Халқ сўзи ONLINE”. Элёржон Эҳсонов/Фарғона. Бир неча кун аввал интернет сайтлари орқали Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги 49-мактаб ўқитувчиларининг банк пластик карталари Мажбурий ижро бюроси томонидан блоклаб қўйилганлиги кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилганди. Бугун сизлар билан ана шу мавзуда айрим мулоҳазаларни ўртоқлашмоқчимиз.

Ўзбекистон тумани “Сувоқова” ДУКнинг 18 минг кишилик абонентлар базасидаги қарздорлик ва ҳақдорлик маълумотларига тумандаги аксарият аҳоли ишонмайди. Чунки бу “база” деганлари чалкашликлар, ноаниқликлар, тахминларга тўла. Туман “Сувоқова” ДУКнинг МИБга юборган, лекин асосланмаган қарздорлар рўйхати сабаб ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ҳамда мунозараларга сабаб бўлган бу машмашалар ана шундай бошланди.

Хулосани ўзингиз чиқаринг!

Рустамжон Ҳакимов, 49-мактаб директори:

— 25 январь куни юмушлар билан Қўқон шаҳрида эдим. Уйдан телефон қилишиб дори-дармон олиб келишимни сўрашди. Дорихонадан 42 минг сўмлик савдо қилдим. Пластик картам ишламаётганлигини айтишди. Нақд пулим камроқ эди. Шундай хижолат бўлдимки, ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим. Фуқаролик паспортимни гаровга қолдириб сотиб олганларимни насияга олиб келдим. Суриштирсам, 78 нафар ўқитувчимизнинг аксариятини пластик карталари коммунал тўловлардан қарзи борлиги учун МИБнинг талабномасига асосан банк томонидан блоклаб қўйилибди.

Мактабимизда икки сменада 100 нафардан ортиқ ўқитувчилар фаолият олиб боришади. 30 нафари Фурқат, Бешариқ тумани ҳамда Қўқон шаҳридан қатнаб ишлайди. Уларнинг айримлариники ҳам блокланган. Шундан сўнг оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Ўқитувчиларимиз 3-4 кун мобайнида банк пластик карталарини блокдан чиқариш учун МИБ, банк, “Сувоқова” ДУК, туман электр тармоқлари, “Газтаъминот” УК туман бўлимлари, ободонлаштириш бошқармалари орасида бўзчининг мокисидек роса сарсон бўлишди. Орадан бир неча кун ўтгач, (интернет сайтларида материал эълон қилингандан сўнг) 5 февраль куни 15:00 да туманимиз прокурори, МИБ туман бўлими раҳбари бошчилигида ходимлар келиб, жамоамиз билан очиқ мулоқот ўтказишди ва ҳар икки томондан йўл қўйилган камчиликлар масаласида фикр алмашилди, мавзуга оид масалалар ҳамда коммунал тўловлар ҳақида савол-жавоблар ўтказишди. Очиқ мулоқотнинг эртасига “Сувоқова” ДУКдан яна бир рўйхат олдик. Унда 78 нафар қарздор ўқитувчининг 30 нафари қарздорликни бартараф этганлиги айтилган ва рўйхат янгидан шакллантирилган. Туман “Сувоқова” ДУК бу рўйхати билан яна бир “қовун туширди”! Янгиланган рўйхатдаги 48 нафар қарздор муаллимнинг 14 нафари мактабдан ўз аризасига кўра, 1-2 йил аввал бўшаб кетган. Бунисига нима дейсиз?! Улар бунақанги рўйхатларни қаердан олишяпти?

Маҳфуза Эргашева, 49-мактаб рус тили фани ўқитувчиси, “Бозоряйпан” МФЙ, Ғазалхон кўчаси.

— Табиатан жуда тартиблиман, айниқса, коммунал тўловларида. Янги сув ҳисоблагич ўрнатганмиз. Олдиндан 100 минг сўм тўлаб ҳам қўйган эдик. “Қорарўйхат”да эса 148 минг сўм қарз бор, деб ёзиб қўйишибди. Суриштириб, қайта ҳисоблатгандим, ҳақ бўлиб чиқдим. Коммунал тўловларни қандай ҳисоблашяпти, ҳайронман...

Маҳмуда Пўлатова, технология фани ўқитувчиси, Яйпан шаҳри, Дадажон Йўлдошев кўчаси.

— Келиним билан 49-мактабда бирга ишлаймиз, бир хонадонда истиқомат қиламиз. Энг кулгили жиҳати, туман “Сувоқова” ДУК рўйхатида менга 170 минг сўм, келинимга 150 минг сўм қарз чиқариб беришибди. Бир хонадонда истиқомат қилиб, бир сув ресурсидан фойдаланиб, иккимизга икки ҳил қарз пули чиқадими? Менимча, МИБга қарздорлик рўйхати кўр-кўрона, асоссиз тақдим этилган.

Ирода Турсунова, бошланғич таълим ўқитувчиси, Қулибек қишлоғи, Болтабоев кўчаси.

— Оилада ҳозир 4 киши истиқомат қиламиз. МИБ рўйхатида бизга 110 минг сўм қарз ёзилган. “Сувоқова” ДУКда эса “375 минг сўм қарзингиз бор”, деб айтишди. 5 жон бошига ҳисоблашаётган эмиш. Қайнонам 2016 йилнинг ноябрь ойида оламдан ўтганлигини айтдим. Ўлими ҳақида гувоҳномани олиб келмаганимиз учун марҳум қайнонам учун ҳам сув пули тўлар эмишман. Ахир “Сувоқова”дагилар МФЙ билан солиштирма (сверка) қилишмайдими?

Умида Мирзаакбарова, ўқитувчи, “Туркистон МФЙ”, Туркистон кўчаси.

— Тақдим этилган рўйхатга кўра, оиламизнинг ичимлик сувидан 148 минг сўмлик қарздорлиги бор экан. Лекин турмуш ўртоғим коммунал тўловларга жуда ҳушёр бўлганлиги боис олдиндан 100 минг сўм тўлаб қўйган эдик. Биз маҳалламизда кўчанинг нариги томонидаги боғ ичидан чиқадиган булоқ сувидан истеъмол қиламиз.Ёз ойларида у ҳам қуриб қолади. Сувнинг қаттиқлик даражаси жуда юқори. Аслида артезиан сувига ва унга кетган харажатлар учун тўлов қилмаймизми. Лекин шундай бўлса-да яна қўшимча тарзда 48 минг сўм тўлаб келдим. Сувсиз қолмаганимизга шукр қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 май кунги ПФ-5059-сонли Фармони 4-банди, биринчи хатбошисида жисмоний ва юридик шахсларга энергия ресурслари учун қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш кўзда тутилган. МИБ мутасаддилари нега энг биринчи навбатда ходимларининг хонадонларига айнан шу белгиланган тартибда талабнома юборишмади? Ёки иккинчи муқобил вариант — худди шу банднинг учинчи хатбошисида белгилаб қўйилган энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим — истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш тартибида қўлланилмади. Соддароқ айтганда, мактаб директори номига шу мазмунда хат расмий тарзда почта орқали жўнатилмади. Вазият чигаллашиб, мактаб раҳбарияти ва ходимлари талабномаларга ҳамда мавжуд қарздорликка бефарқ муносабатда бўлганларида эди, охирги чора — пластик карталарни блоклаш “усул”и қўлланилиши керак эмасмиди?!

Ўзбекистон тумани МИБ раҳбарияти нега охирги “усул”ни бошидаёқ қўллашди?! Устига-устак, нима учун туман “Сувоқова” ДУК тақдим этган қарздорлик рўйхатининг ишончлилик даражаси ҳам текшириб кўрилмади?!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февраль кунги ПФ-5343-сонли “Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги Фармонининг 8-банд, 2-хатбошисида “...маълумотлар базасига киритиладиган қарздор жисмоний ва юридик шахслар йирик битимларни амалга ошириш, алоҳида турдаги молия-кредит хизматлари, халқаро йўловчи ташиш хизматлари, шунингдек давлат хизматларидан фойдалана олмайдилар”, дейилган. Бу айни ҳақиқат! Бироқ қонунда назарда тутилган бирламчи чоралар қўлланилмасдан туриб, тўғридан-тўғри фуқароларнинг банк пластик карталари блоклаб қўйилиши тўғрими? Ахир ўқитувчилар чет элларга қочиб кетишгани ёки коммунал тўловларни тўлашдан бўйин товлаётганлари йўқ-ку? Бунинг устига, “Сувоқова” ташкилотининг қарздорлар бўйича берган маълумотларининг аксарияти нотўғри, текширилмаган, чалкаш бўлиб чиқса-чи? Биргина асоссиз маълумотни МИБга тақдим этган, 78 нафар ўқитувчининг уч кунлаб вақти увол қилинишига сабаб бўлган ташкилотнинг ҳам қонунчиликда кўзда тутилган жавобгарлиги борми?!

“Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” деган шиор ҳаммамиз учун таниқли ва машҳур. Нега шу воқеликлар доирасида тегишли банк маъмурияти ўз мижозлари — ўқитувчиларни ҳимоя қилмади?! Бу банкка нисбатан ишончсизликни юзага келтирмайдими? Жилла қурса, мактаб маъмуриятига хабар бериб, вазиятга ойдинлик киритиш орқали уларни муҳофаза қилишга уриниб ҳам кўришмади. Энг қизиғи, мижоз ва банк ўртасида тузиладиган шартнома шартларида бу каби ҳолатлар умуман ҳисобга олинмаган. Туман халқ таълими бўлими юрист-консультантини-ку, бу воқеалардан умуман хабари йўқ эди. Суҳбат жараёнида юрист оддийгина қилиб “хабарим йўқ экан”, деб қутула қолди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ўзбекистон тумани Кенгаши оғзаки ҳамда шунчаки ўзаро телефонда муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилган бўлса-да, расмий тарзда бирор чора-тадбирларга қўл урмади. Нега? Халқ таълими вазирлиги бу воқеалар доирасида туман халқ таълими бўлими мудиридан тушунтириш хати олган бир пайтда Ўзбекистон туманида ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиш-тирноғи билан ҳимоя қиладиган нодавлат ташкилотлари, идоралар қолмадими? Афсуски, бу каби берадиган саволларимиз жуда кўп. Мутасаддилардан эса сабрсизлик билан жавоб кутамиз.

Сўнгсўз ўрнида: Сайтимиз орқали жорий йилнинг 4 февраль куни эълон қилинган “ДУК тахмин қилади, МИБ ўрганмайди, оқибатда аҳоли жабр кўради... Қачонгача?!” мақоласи ҳам айни шу мавзуга алоқадор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрь кунги Фармонининг учинчи ва бешинчи хатбошисида “сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш, сарфлаш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш тизимининг амалда мавжуд эмаслиги, оқибатда унинг етказиб берилиши, тўловлар ўтказилиши ва ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилиги таъминланмаяпти, водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари ходимларининг касбга тайёргарлик даражаси паст, малакали кадрлар тизимдан чиқиб кетган, ушбу соҳадаги ходимлар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари мавжуд”, дейилган. Бу айни ҳақиқат. Бизнингча, бундан олдинги мақоламизда баён қилган хулосамизни яна эслатамиз: аҳолининг тўлов қобилияти ва маданиятини шакллантиришда, энг аввало, барча туманларда “Сувоқова” ДУКнинг ўзини ислоҳ қилиш керак. Улар фаолиятини зудлик билан белгиланган тартибда қонунга мувофиқлаштириш зарур. Қолаверса, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тез фурсатларда барча туман ва шаҳарларимизда фаолият кўрсатаётган “Сувоқова” давлат унитар корхоналари фаолиятига қонуний баҳо берилиши керак.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019