Марғилонда “Атлас байрами” миллий матолар фестивали бошланди (Фото)

16:16 11 Сентябр 2018 Маданият
199 0
Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Элёржон Эҳсонов/Фарғона. Марғилон шаҳрида анъанавий “Атлас байрами” миллий матолар фестивали бошланди. Мазкур фестиваль юртимизнинг иқтидорли ҳунармандлари, санъат усталарини, хорижлик эксперт ва сайёҳларни кўҳна шаҳар бағрида тўпламоқда.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси, “Ҳунарманд” уюшмаси, вилоят ҳамда Марғилон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган “Атлас байрами” тўртинчи миллий матолар фестивалида қирққа яқин давлат вакиллари иштирок этмоқда.

Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

Ушбу фестивал муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Дандев Бадарч, бангладешлик таниқли дизайнер Биби Рассел ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Айтиб ўтилганидек, мазкур фестиваль Марғилон ипакчилигининг довруғи дунёга танитишга, ҳунар ва санъатга меҳри баланд инсонларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига муҳим ўрин тутади.

“Ташкилотимизнинг асосий мақсадларидан бири номоддий-маданий меросни сақлаб қолишдан иборат. Мазкур байрам ана шу эзгу ишни янада кенгайтиришга, халқаро мутахассисларнинг миллий анъаналарга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда. Атлас байрамининг йилдан йилга мазмунан бойиб бораётганини унинг халқаро миқёсдаги қамрови ортаётганидан ҳам сезиш мумкин. Чунки бу йил унда иштирок этаётган давлатлар сони ҳам 38 тага етди. Бир сўз билан айтганда, фестиваль унинг иштирокчиларига авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий мерос, бебаҳо атласнинг яратилиш тарихидан тортиб бугунги тараққиёт босқичи ҳақида батафсил маълумот беради”, – дейди Дандев Бадарч.

Марғилон шаҳридаги миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида “Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивали доирасида каштачилик, кигиз тўқимачилиги, анъанавий каштачилик, мода дизайни, молиявий саводхонлик ва тадбиркорлик бўйича 60 яқин ёшларга маҳорат сабоқлари бошланди.

Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

“Анъанавий ҳунармандчиликни сақлаб қолиш, оммалаштириш ва ривожлантириш бутун Марказий Осиё минтақаси ва Европа учун ҳам муҳимдир. Шу муносабат билан ушбу фестивал ўз географик чегараларини кенгайтириб бораяпти. Испания, Қозоғистон, Хитой, Монголия Тожикистон, Россия, Франция мамлакатларининг усталари, рассомлари ва мутахассисларининг иштироки фестивални янада мазмунан бойитади”, – дейди таниқли бангладешлик дизайнер Биби Рассел.

12-13 сентябр кунлари фестивал доирасида “Буюк ипак йўли бўйлаб ЮНЕСКОнинг интерактив атласи” лойиҳаси доирасида Буюк ипак йўли анъанавий тўқимачилиги мавзусида экспертлар кенгаши ўтказилади. 14 сентябрда эса фестивалнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар