Мақсад — олимпиадага лицензияни кўпроқ қўлга киритиш

16:11 01 Ноябрь 2019 Спорт
219 0

2019 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар натижадорлиги ва бу борада амалга ошириладиган долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор мажлисида турли вазирлик ва идоралар, хусусан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги олдига ҳам аниқ вазифалар юклатилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган тадбирда бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Тадбирда вазирлик, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, олимпиадага лицензияни қўлга киритган спортчилар, Бокс бўйича миллий терма жамоа аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, видеоселектор мажлисида илгари сурилган вазифалардан келиб чиқиб, жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги барча болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан спорт таълим муассасаларининг фаолияти изчил ўрганилмоқда.

Шу билан бирга, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, олимпия спорт турлари бўйича республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолиблари (1-2-3-ўрин совриндорлари) бўлган спортчи-ўқувчиларни олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида имтиёзли равишда имтиҳон синовларисиз қабул қилиш тартиби жорий этилди.

Бунда ҳар бир олий таълим муассасасига йиллик қабул квоталаридан ташқари ғолиб спортчилар учун исталган таълим йўналишига кириш ҳуқуқи билан 15-20 тагача имтиёзли ўрин ажратилади.

Тадбирда 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган олимпиадага тайёргарлик ишлари, бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Вазирлик мутасаддиларининг таъкидлашича, мазкур олимпиада баҳсларига аввалгиларига қараганда имкони борича кўпроқ лицензияни қўлга киритиш мақсад қилинган. Бунинг учун эса имкониятлар етарли. Спортчиларимиз ҳозирча 22 та лицензия эга бўлишди. Уларнинг 15 таси олимпия, 7 таси паралимпия спорт турлари бўйича қўлга киритилди.

Тадбирда 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган олимпиадага лицензия олган спортчиларимиз ҳам сўзга чиқишди. Оммавий ахборот воситалар вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019