Мақсад — назорат эмас, кўмаклашиш

11:22 14 Октябр 2020 Сиёсат
337 0

Куз фасли – айни пишиқчилик мавсуми. Деҳқону боғбонлар, чорвадору соҳибкорлар йил давомида пешона тери билан етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олишга киришган.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқлари ҳисобланган пахта ва ғаллачиликда ҳам ҳал қилувчи мавсум ҳозир. Пахтакорлар 6 ойлик заҳматли меҳнати эвазига етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинга қолмай йиғиб-териб олиш ҳаракатида бўлса, ғаллакорлар келгуси йил ҳосили учун ерга барака уруғи сочяпти.

Бу жараён Самарқанд вилоятида ҳам қизғин давом этмоқда. Хусусан, вилоятдаги 9 та пахтачилик кластери ва 2120 та фермер хўжалиги 75 минг 580 гектар майдонда етиштирилган пахтадан 215 минг 500 тонналик хирмон кўтариш ниятида йиғим-терим ишларини жадал давом эттирмоқда. Бунинг учун меҳнатга лаёқатли, иш билан банд бўлмаган аҳоли ҳамда фермер хўжаликлари аъзоларидан иборат 2019 та отряд ташкил этилган. Шунингдек, кластерлар томонидан харид қилинган 40 га яқин замонавий пахта териш машиналаридан унумли фойдаланилмоқда. Вилоятдаги 27 та пахта қабул қилиш масканида келтирилган ҳосил белгиланган сифат кўрсаткичига қараб, хирмон қилинмоқда.

Ушбу жараённинг бориши билан яқиндан танишиш, пахта далаларида теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароити яратиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда. Аниқ айтадиган бўлсак, вилоятнинг пахта етиштиришга ихтисослашган 9 туманида бўлиб, йиғим-терим ишларининг боришини кузатиб боряпмиз.

Бугун далаларда қийғос очилиб турган ҳосилнинг ўз эгаси бор — фермер, кластер корхоналари меҳнати самарасини ҳам ўз вақтида, сифатли йиғиштириб олишни истайди. Лекин барибир пахта йиғим-теримида маҳалла аҳолиси, мавсумий ишчилар меҳнатидан фойдаланишга тўғри келиши турган гап. Эндиликда бу жараённи аввалгидек одамларни ёппасига далага чиқариш билан амалга ошириш мумкин эмас. Бу борада тегишли ҳуқуқий асослар яратилган, яъни мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Биз ҳам жойларда бўлганимизда бу ҳақда теримчилар ва фермерлар билан суҳбатлашяпмиз. Теримчиларга кунлик ҳақ тўланаётгани, даланинг ўзида иссиқ овқат ва бошқа шароитлар яратилгани туфайли аҳолининг ўзи кўнгилли равишда чиқиб, даромад қилаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Масалан, Нуробод туманида бўлганимизда 31 фермер хўжалиги 632 гектар майдонда ғўза парваришлаб, етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олмоқда. Бу туманнинг вилоятдаги улуши энг кам. Шунга қарамай мавсумга пухта ҳозирлик кўрилган. Маҳаллаларда истиқомат қилувчи 1200 нафардан ортиқ ишсиз, меҳнатга лаёқатли фуқаролар билан шартнома тузилиб, 14 та терим отряди тузилган. Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан теримчиларга ҳақ-ҳуқуқлари, меҳнатга оид муносабатлар юзасидан батафсил тушунтириш берилган. Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича маҳалла раисларлари ҳам, фермерлар ҳам огоҳлантирилган. Туманнинг пахта хом ашёси “Самарқанд камалак инвест” кластер корхонаси томонидан қабул қилиб олинмоқда.

Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи, Пастдарғом, Иштихон туманларида бўлганимизда ҳам терим ишлари рисоладагидек ташкил этилганлигига амин бўлдик. Бугунги кунга келиб вилоятдаги кўплаб фермерлар биринчи теримдаёқ кластер билан тузилган шартномада белгиланган ҳосилни йиғиштириб, юзи ёруғ бўлганлигидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Зеро, териб олинаётган бир ҳовуч пахта ҳам хонадонларимизга барака бўлиб кириб келади.

Шунингдек, жойларда теримчилар учун барча шароитлар яратиш чораси кўрилаётир. Масалан, Иштихондаги “Домла Аброрий” фермер хўжалигига борганимизда бу ерда тушлик пайтида туман ҳокимлиги, “Мароқанд сифат текстиль” кластер корхонаси томонидан теримчилар учун ташкил этилган маданий дастур устидан чиқдик.

Туман илғорларидан бўлган ушбу фермер хўжалигининг далаларида айни пайтда Халқобод ва Чайжовул маҳаллаларининг 200 нафардан ортиқ теримчилари фермерга ёрдамлашяпти. Фермер Мафтуна Бердиқулованинг айтишича, умумий ер майдонининг 43 гектарида пахта етиштирган. Фермернинг нияти – ҳар гектардан 45 центнердан ҳосил олиш. Биринчи теримдаёқ бу натижа кўзга ташланяпти.

Тўғри, жойлардаги ўрганишлар давомида теримчиларга зарур шароит яратиш, бугунги вазиятдан келиб чиқиб, санитария қоидаларига риоя этиш бобида айрим камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳам кузатилди. Аммо бу муаммолар туман ҳокимликлари, кластерлар ва тиббиёт бирлашмалари, бандликка кўмаклашиш марказлари масъуллари билан биргаликда жойида ҳал этилмоқда. Зеро, бизнинг мақсадимиз терим жараёнини назорат қилиш эмас, аксинча кўмаклашишдан иборат.

Фарҳод БОҚИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
ишчи гуруҳ раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?