“Мақом” китоб-альбоми нашрдан чиқди

18:00 20 Ноябрь 2018 Сиёсат
549 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида “Мақом” номли китоб-альбом нашр этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбек халқининг ноёб мусиқий меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодга безавол етказишга хизмат қилувчи ушбу нашр қадимги мутафаккирлар, аллома ва шоирларнинг мақом санъатига бағишланган рисолаларига оид бўлимларни ўз ичига олган.

Китобда мазкур санъатнинг фалсафаси, Форобий, Ибн Сино, Мароғий, Кавкабий каби алломалар асарлари, турли мақом йўллари, жумладан, Бухоро Шашмақоми, Хоразм Олти ярим мақоми ва Дутор мақоми, Фарғона-Тошкент мақоми тарихига алоҳида эътибор қаратилган. “Танбур чизғилари” деб номланган миллий нота ёзувининг кашф этилиши ҳамда унинг воситасида Олти ярим мақом, Дутор мақомларининг ноталаштирилиши, шу билан бирга, ўтган аср бошларида мақомнинг илк бора перфокарталарга муҳрланиши ёритилган. Шунингдек, мақом ижрочилигида кенг қўлланиладиган созларни ясашнинг ўзига хос хусусиятлари ва технологияси баён этилиб, машҳур усталарнинг номлари келтирилган.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари маданий тараққиётида мақомнинг тутган ўрни ва мактабларини акс эттирувчи бетакрор, кенг кўламли фотокомпозициялар билан безалган нашрда мазкур йўналишдаги санъатнинг сўнгги юз йиллик тарихига оид нодир фотосуратлар ҳам ўрин олган.

Китоб-альбомга “Шашмақом. Олтин бисот” номли мультимедиа тўплами илова қилинган бўлиб, ушбу аудиоколлекция академик Юнус Ражабий бошчилигида ташкил этилган “Мақом” ансамбли томонидан 1959-1963 йиллари ижро этилган ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Олтин фондида сақланиб келмоқда.

Таъкидлаш жоиз, 2017 йил 17 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатда ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиш учун зарурий шарт-шароит яратиш, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни равнақ топтириш, мақом “олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган. Асосий вазифалар қаторида Шаҳрисабз шаҳрида анъанавий тарзда Халқаро мақом санъати форумини ўтказиш ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати маркази фаолиятини ташкил этиш белгиланган. Жорий йилда биринчи марта муваффақиятли равишда ўтказилган Халқаро форумга дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатидан санъаткорлар, мусиқашунос-олимлар ва тадқиқотчилар, халқаро экспертлар ташриф буюрдилар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019