“Мақом” китоб-альбоми халқимизнинг маданий меросини янада бойитишга хизмат қилади

11:21 28 Ноябрь 2018 Маданият
383 0

Мақом дилларни дилларга боғловчи, инсон онги ҳамда тафаккурига маънавий озуқа берувчи санъатдир.

Юртимизда ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ижодкорларга кўтаринки руҳ ва илҳом бағишламоқда. Президентимиз ташаббуси билан яқинда “Мақом” китоб-альбомининг босмадан чиқарилиши нафақат санъаткорлар, балки бутун халқимизни хурсанд қилди. Улардан айримларининг фикр-мулоҳазаларини тақдим этамиз.

Баҳодир ЙЎЛДОШЕВ, 
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, режиссёр:

— Мақом — илоҳий санъат. Уни идрок қилиш учун инсонда, аввало, қалб, илм, билим керак. Уни борлигича идрок этишни мақсад қилган инсон китобга, ўзбек адабиёти ва тарихига мурожаат этиши лозим.

Биз, санъат аҳли, халқимизнинг илғор зиёлилари ёшларда мақом санъатига тўғри муносабатни шакллантириш учун ушбу маданий меросимизнинг сеҳрли кучини, жозибасини, улуғворлигини уларнинг онгу қалбига етказиб бера олишимиз керак.

Давлатимиз раҳбарининг мақом санъатини ривожлантиришга қаратилган қарори қабул қилинишидан тортиб, шу йил 6 — 10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманининг ўтказилиши аждодларимиздан бизгача етиб келган нодир мусиқий меросни тарғиб қилиш, уни жаҳон миқёсида тараннум этишга имконият яратди. Юртбошимиз ташаббуси билан “Мақом” китоб-альбомининг нашр қилиниши эса халқимизнинг нодир санъатини янада оммалаштиришга қаратилганмуҳим бир қадамдир.

Ушбу китоб-альбомда ўзбек миллий мақом санъати йўллари, ривожланиш тарихи батафсил тасвирланган. Жумладан, Бухоро мақоми, Хоразм мақоми, Фарғона — Тошкент мақоми тарихи, миллий нота ёзувининг кашф этилиши, унинг воситасида яратилган Олти мақомнинг ноталаштирилиши, мақом ижрочилигида кенг қўлланиладиган созларни ясашнинг ўзига хос хусусиятлари ва технологияларига доир маълумотлар ўқувчида кенг тасаввур ҳосил қилади. Ушбу китоб-альбом халқимизга, айниқса, ёшларга ўзбек миллий мақом санъатини янада яқинлаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Матлуба ДАДАБОЕВА, 
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти:

— Ҳақиқатан ҳам, “Мақом” китоб-альбомининг нашр этилиши барчамизни ниҳоятда қувонтирди. Китобда халқимизнинг маданий тараққиётига, жумладан, мақом санъати ривожига катта ҳисса қўшган Абу Наср Форобий бобомиздан тортиб, Ибн Сино, Мароғий, Кавкабий каби алломаларимиз, атоқли инсонларнинг ҳаёт ва ижод йўлига доир маълумотлар келтирилган. Улар санъат ихлосмандларини, ёшларни ўзига бир зумда жалб қилиши табиий. Зеро, мақом куйларида илоҳийлик, унга пайванд бўлган ғазалларда ўзгача тароват бор.

Президентимиз томонидан халқимизнинг маънавий бойлигини асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлардан илҳомланиб, “Устоз — шогирд” мактаби анъаналари асосида ушбу санъатни янада равнақ топтиришга, ёшлар онгига унинг умуминсоний мазмун-моҳиятини теран сингдиришга бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга интиламиз.

Рашидахон ҲАСАНОВА
ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019