Дилларни дилларга, элларни элларга пайванд этадиган санъат

21:55 06 Сентябр 2018 Маданият
445 0
Фото: ЎзА

Шаҳрисабз шаҳрида 6 сентябрь куни Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 август кунимамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда инсон тафаккурини юксалтириш, айниқса, ёшлар қалбида эзгу фазилатларни шакллантиришда санъатнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлаган эди. Бинобарин, халқимизнинг бой маданий мероси, кўз-кўз этса арзигулик урф-одатлари, санъати борки, улар билан чексиз фахрланамиз.

Шу боис бугун аждодлар анъанасини давом эттириш, тарғиб этиш, санъат орқали тинчлик, дўстлик, аҳиллик, қардошлик каби фазилатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари айнан ўша учрашувда “Биз халқимизнинг ноёб мероси бўлган мақом санъатини нафақат юртимизда, балки бутун дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш, керак бўлса, халқаро миқёсда мақом танловларини ташкил этиш устида ишлашимиз керак”, дея қайд этган эди.

Ҳар икки йилда бир марта Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилишига асос солинган Халқаро мақом санъати анжумани ана шу йўлдаги эзгу ниятларнинг амалий ифодасидир. Зеро, Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари ўзбек мумтоз мусиқаси тарихида янги даврни бошлаб берди. Мазкур ҳужжатларда мақом санъатини янада ривожлантириш ва унинг бутун дунё бўйлаб тан олинишига имкон яратиш борасида муҳим вазифалар белгиланган.

Шаҳрисабзда 6 сентябрь куни Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан “яшил шаҳар” дея эътироф қилинадиган Шаҳрисабз янада жозибакасб этган. Санъат анжумани одамлар кайфиятига ҳам таъсир қилган. Ҳамма хурсанд, шод. Анжуманга кўрилган пухта тайёргарлик ҳудудга ўзгача файз бахш этган. Сўлим боғ ва хиёбонлар, нурафшон кўчалар таровати, турфа гуллар ифори ҳар қандай кишига янада кўтаринкилик бағишлайди. Жаҳоннинг турли минтақаларидан келган одамлар чеҳрасидаги мамнунлик, ўзаро самимий муносабат Шаҳрисабзда катта байрам бошланаётганидан дарак беради.

Афсонавий Оқсарой майдони меҳмонлар билан гавжум. Озарбайжондан ташриф буюрган машҳур хонанда Соҳиб Пошшозодани ҳам шу ерда учратдик.

— Соҳибқирон Амир Темур қурдирган мана шу маҳобатли иморатга термилиб ҳайратланяпман, — дейди у. — Бу афсонавий шаҳар ҳақида эшитгандим. Лекин бу ерда олган таассуротларим бир олам. Эшитгандан кўра, кўрган афзал, деганлари ростлигига яна бир бор амин бўлдим. Президент Шавкат Мирзиёевга раҳмат. У кишининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу анжуман туфайли дунёнинг машҳур санъаткорларини кўриш бахтига мушарраф бўлдим. Шундай тадбирда иштирок этаётганимдан фахрланаман.

Амир Темурнинг маҳобатли ҳайкали савлат тўкиб турган Оқсарой майдони ҳудудида ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий урф-одат ва анъаналари, тарихий обидаларини акс эттирувчи намуналар ўрнатилган. Халқаро мақом санъати анжуманида 73 давлатдан 300 га яқин санъаткорлар иштирок этиш истагини билдирган. Маҳаллий электрон ва босма ОАВ вакилларидан ташқари, кўплаб чет эл оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам мазкур нуфузли тадбирни ёритиш учун аккредитациядан ўтган.

— Анжуманни юксак савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилган, — дейди “Россия 24” телеканали мухбири Роберт Францев. — Оқсарой ҳудудида мамлакат вилоят ва шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари, миллий урф-одат ва анъаналаридан намуналар ташкил этилгани анжуманга ўзига хос мазмун бағишлаган. Улар менда катта таассурот қолдирди. Мақом санъати Ўзбекистоннинг миллий бренди сифатида дунёга танилиши, шубҳасиз.

Халқаро мақом анжуманининг ўтказилиши, шунингдек, “Қарши — Шаҳрисабз” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электр поездининг қатнови йўлга қўйилгани сайёҳликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

2018 йил, 6 сентябрь, соат 19.00. Шаҳрисабз, Оқсарой майдони.

Майдон Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросимига йиғилган томошабинлар билан гавжум. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.

Фестиваль қатнашчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилади.

Давлатимиз раҳбари Халқаро мақом санъати анжумани иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, илк бор ўтказилаётган мазкур тадбирнинг чуқур инсонпарварлик руҳи ва фалсафаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни ривожлантириш, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди, фестиваль ишига муваффақият тилади.

Халқаро мақом санъати анжуманининг очилишига бағишланган театрлаштирилган концерт дастури бошланади. Майдон узра сеҳрли куй таралади. Оҳанг секин-аста бутун вужудингизга сингиб боради. Сеҳрли оҳанг таъсирида илиқ хотиралар ёдга тушади, баъзан умрингиз бино бўлиб бормаган масканларни тасаввурингизда гавдалантиради. Бу куй сеҳри, оҳанг завқи, мусиқа қудратидир.

Мустақиллик йилларида миллий мусиқа санъатини чуқур ўрганиш ва янада ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. “Шашмақом”, “Катта ашула” инсониятнинг энг дурдона кашфиётлари сифатида ЮНЕСКОнинг Жаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистон давлат консерваторияси, ўнлаб театр ва маданият саройлари, санъат йўналишидаги замонавий таълим муассасалари барпо этилди. Қатор кўрик-танлов ва фестиваллар ёш истеъдодларни кашф этиш, улар маҳоратини ошириш ҳамда янги марраларга руҳлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Маросим қизғин давом этмоқда. Мумтоз ашулалар, фольклор намуналари, рақслар дилларни жўштиради. Шўх куй-қўшиқлардан завқланган томошабинлар санъаткорларга жўр бўлади.

— Келганимга икки кун бўлди, аммо ҳануз ҳаяжондаман, — дейди Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган яккахон хонанда Гулзира Аблат. —Маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва самимияти, санъатни улуғлаши, биринчи марта кўришиб турган бўлсак-да, худди азалдан танишдек уйларига таклиф қилишларидан лол қолдим. Бундай оқибатли, эътиборли халқнинг қадимий обидалари ҳам беқиёс экан. Ушбу анжуман эса халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Бу юртингизда маданият ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганидан яққол далолат беради.

Санъат байрами қатнашчилари Оқсарой майдонидаги асосий саҳнадан ташқари, қатор маданий-маърифий муассасаларда ҳам концерт дастурлари намойиш этишади. Шаҳардаги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, театрлар, маҳалла гузарлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида учрашувлар ўтказилади, миллий таомлар кўргазмасидан баҳраманд бўлишади. Меҳмонлар Қашқадарёнинг ноёб тарихий обидаларини зиёрат қилиш, она диёримизда етиштирилган турфа ноз-неъматлар билан тўла бозорларимизни кўриш, истиқлол йилларида халқимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган улкан ютуқ ва марралар, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш имкониятига эга бўлишади.

Дунёда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги ўта мураккаб замонда миллати, тили ҳамда дини турлича бўлган миллионлаб одамларни ҳеч қандай таржимонсиз дўст қиладиган, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган мусиқа санъатининг ўрни ҳамда таъсири тобора ортиб бормоқда.

10 сентябрга қадар давом этадиган санъат анжуманида 29 давлат вакиллари мақомнинг турли йўналишларида ўзаро баҳслашади. Халқаро ҳайъат иштирокчиларни “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” номинациялари бўйича баҳолайди.

Бундан олти юз йил муқаддам — буюк Амир Темур замонида ҳам етти иқлимдан энг моҳир созанда ва хонандалар йиғилиб, гўзал анжуманлар ўтказганлари тарихий манбалардан яхши маълум.Орадан шунча йиллар, асрлар ўтиб, Ер юзининг донг таратган мусиқа усталари Шаҳрисабзда тўплангани беқиёс аҳамиятга эга.

Буларнинг барчаси меҳмонларнинг мамлакатимиз ва халқимиз ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиради, улар учун ижод ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар