Маънавият масканларига эътибор керак. Қишлоқ клублари, маданият уйлари ва кутубхоналар тақдирига ким жавобгар?

12:10 31 Май 2018 Маданият
1024 0

Ёши улуғларнинг айтишича, илгари қишлоқ ёшларининг энг севимли манзили — клуб эди. Бундай жойлар жуда гавжум бўларди. Акаларимиз, унаштирилганлар учун кинохона дийдор манзили эди. Йигит-қизлар кино баҳона бир-бирларини кўришар, ёнма-ён ўтирмасалар ҳам ўртада самимият ҳукмрон эди. Ортиқча хатти-ҳаракат қилишмас, ички истиҳола, ор-номус, уят, ғурур бунга йўл қўймасди. Шундай тозалик бор эди руҳиятда.
Қизиқ, аввал кинолар ҳам бошқача ишланган эканми ёхуд одамлар анча таъсирчанмиди, ҳар ҳолда улар фильм қаҳрамонлари тақдирига ачинишар ёки қувонишарди. Зеро, кино энг таъсирчан тарбия воситаси эканлигини мана шу мисоллар орқали ҳам билиб олиш мумкин.

Хўш, нима учун буларни эслаяпмиз? Гап шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз зиёлилари, кино соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган йиғилишларда ёшлар тарбиясида бадиий фильмларнинг ўрни ва аҳамияти, бунда қишлоқларда клублар, кинотеатрлар фаолиятини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаган эди. 2017 йил 5 июлда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонда эса барча қулайликларга, жумладан, кутубхона ҳамда китоб дўконига эга бўлган Ёшлар марказлари ва замонавий ёшлар кинотеатрларини ташкил этиш кўзда тутилгани ҳам бежиз эмас. Бинобарин, бундай марказлар фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, иқтидорларини тоблашга хизмат қилади.
Бир мисол. Илгари қишлоқ клубларида “Балли, йигитлар”, “Иқбол”, “Қувноқлар ва зукколар” сингари танловлар ўтказилар, бунда қанчадан-қанча ёшлар, мактаб ўқувчилари қатнашиб, ўз истеъдодларини намойиш этишарди. Бундан ташқари, ҳар бир қишлоқда кутубхоналар бўлар, ёшлар қўлма-қўл қилиб бадиий асар ўқир, бир-бири билан муҳокама қиларди. Бугун-чи? Ҳудудлардаги маданият уйлари, клублар, кутубхоналарнинг аҳволи қай даражада? 

— Биз тенги авлод яхши билади, авваллари ҳар бир қишлоқнинг ўз клуби бўлган, — дейди Олтинкўл туманининг Қўштепасарой қишлоғилик меҳнат фахрийси Мадаминжон Зокиров. — Бизнинг ана шундай маданият масканимизда ҳам маданий-маърифий тадбирлар кўтаринки руҳда ўтган. Эл суйган санъаткорларнинг овози жаранг сочган. Ўтган йиллар мобайнида клубга бўлган эътибор сусайди. Ҳайҳотдек икки қаватли бино 2007 йили сотиб юборилди. Айни пайтда унинг тенг ярми ачинарли аҳволда. Бино қаровсиз, кимсасиз, фойдаланишга яроқсиз. Ваҳолонки, бир пайтлар бу ер нафақат маданият тадбирлари маскани, балки халққа зиё тарқатувчи манзил ҳам бўлган. Унинг таркибидаги кутубхонада ўн минглаб китоблар мавжуд бўлиб, юзлаб ўқувчисига эга эди. Ҳаваскорлик гуруҳларидан таркиб топган ансамбллар қобилият эгаларини кашф этиб, уларнинг истеъдодини шакллантиришга хизмат қилган. Турли фан тўгараклари орқали ёшлар камолот сари йўл олган эдилар. Қишлоққа оид ҳар қандай тадбир шу ерда ўтган. Ҳеч бир маслаҳат шу бинодан ташқарида бўлмас эди. Қисқаси, клубимиз қишлоқнинг юраги жойлашган манзил бўлган.
Бугунги кунга келиб қишлоқ аҳолиси сони 30 минг нафардан ортиб кетди. Мана шундай кўп халқни ўзига бирлаштира олган ҳудуднинг бирорта ҳам маданият маскани йўқлиги кишини ажаблантиради. Бир пайтлар қишлоқ клуби вазифасини ўтаган бинони таъмирлаб, ундан маданият ва аҳоли дам олиш маскани сифатида фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди... 

— Дарҳақиқат, ҳаётимизни маънавиятсиз, маданиятсиз тасаввур этолмаймиз, — дейди Касби туманидаги “Қамаши” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғофир Мавлонов. — Илгари бундай масканлар, айниқса, қишлоқлардаги ёшларнинг севимли жойи бўлган. Чунки маданият уйида кинофильмлар намойиш этиларди, китоб ўқийдиганлар учун кутубхона ишлаб турарди. Кўнгилочар тадбирлар учун жуда мос жойлар эди. Яхши эслайман, ўша даврларда қишлоққа бир санъаткор келибди деса, бутун қишлоқ аҳли маданият уйига йиғиларди. Бўш вақтларимизни шу ерда ўтказиб, ҳеч бўлмаса, бир қизиқарли китоб ўқирдик. 

Ҳозир маҳалламизда 3,5 мингдан ошиқ хонадон бор. Уларда истиқомат қилаётган 18 минг аҳолининг асосий қисми ёшларни ташкил этади. Қишлоқдаги собиқ хўжалик давридан буён бекор турган икки қаватли маданият саройи эса “ҳувиллаб” ётибди. Агар шу бино қайта тикланса, қишлоқ аҳли учун яна қанча хизмат қилган бўларди. Бу ерда илгари замонавий кинозал, доирачилар, рубобчилар тўгараклари, кутубхона бўлган. Кинофильмлар намойиши учун ҳам шароит бор эди. Лекин ушбу муассасалар қаровсиз. 
Ёшларни тўғри йўлга бошлаш, зарарли одатлардан, турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, оилалардаги маънавий муҳитни яхшилаш бўйича ташкил қилинадиган бир қанча маънавий-маърифий тадбирлар учун, қолаверса, қишлоқ аҳлининг маданий ҳордиқ чиқариши учун мана шундай маданият масканлари жуда зарур. Лекин афсуски, тайёр жойлардан ҳам унумли фойдаланилмаяпти. Ҳозирги вақтда маданият бўлимлари балансида сақланиб турган бундай маданият масканларини халқимизга қайтаришнинг аллақачон вақти келган. Фақат бу ишлар қачон амалга оширилиши номаълум бўлиб қолмоқда. 

— Қишлоғимиздаги маданият саройи бир пайтлар аҳоли дам олиб, маданий ҳордиқ чиқарадиган сўлим маскан эди, — дея хотирлайди Боғот туманидаги Миришкор қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Худоёр Омонов. — Бу клуб саҳнасида туриб юртимизнинг машҳур санъат усталари жонли ижрода қўшиқлар куйлаган, ўзбек шеърияти дарғалари ўз ижод намуналарини ўқиган. Дам олиш кунлари оиламиз билан шу ерга келиб, ўзбек ва жаҳон киноси дурдоналарини катта экранда томоша қилардик, маданий-кўнгилочар тадбирлардан бир олам таассурот билан қайтардик. Афсус, мана шундай маънавият маскани кейинги йилларда эътиборсиз қолиб, қаровсизликдан анча ташландиқ ҳолатга келди. Кўп қишлоқлардаги клублар, маданият саройлари эса хусусийлаштирилиб, тўйхона ёки ошхоналарга айлантириб юборилди. Бир қисми эса ҳеч қандай тадбир ўтказилмагач, пўпанак босиб ётибди.

— Қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб бораётган бир пайтда бундай иншоотлар ва у ердаги шароитлар ҳам шунга мос бўлиши керак, — дейди Хоразм вилояти маданият ишлари бошқармасининг етакчи мутахассиси Баҳром Бекметов. — Афсус, маданият муассасаларининг аксарияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Бинолар таъмирталаб, асбоб-ускуна ва жиҳозлар эски. Хоразм вилоятида шаҳар ва туман марказларидаги кинотеатрлар ҳам хусусийлаштирилгач, фаолият йўналиши ўзгартирилиб, бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда. Тўғри, бугунги техника тараққиёти замонида бадиий фильмларни уй шароитида томоша қилиш имконияти чегараланмаган. Бироқ бу қулайлик кинони катта экранларда томоша қилиш завқини бера олмайди. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “2018-2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кино ихлосмандлари учун ажойиб хушхабар бўлди. Мазкур қарорга асосан, Урганч шаҳрида 2 қаватли ва Хива, Ҳазорасп, Шовот туманларида бир қаватли кинотеатрлар барпо этилади. Шунингдек, Урганч шаҳрида битта ёзги кинотеатр қурилиши ҳам кўзда тутилган. Умуман, вилоятда маданият ва дам олиш марказлари, кинотеатрлар қурилиши борасида белгиланган манзилли дастурларнинг рўёби фуқаролар, айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, мароқли дам олиб, ҳордиқ чиқаришларига замин яратади.

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан китоб ва китобхонликка катта эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этиляпти. Албатта, буларнинг барчаси китобхонлик маданияти ошиши, ёш авлоднинг тафаккур ва маънавий олами кенгайишида ўзининг ижобий натижаларини беради. Қолаверса, китоб ўқиш ҳам меҳнат, унга боғланган кўнгил эса қинғирликлардан йироқ бўлади. 

Табиийки, ушбу мулоҳазалар барча ҳудуддаги аҳвол шундай экан, дейишга асос бўлмайди. Жойларда қад ростлаётган кутубхоналар, ўқувчилар қадами аримаётган зиё масканлари йўқ эмас. Аммо тан олайлик, баъзи жойларда маданият уйлари, қишлоқ клубларидан ном-нишон ҳам қолмаган. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида ёшлар тарбияси, китоб ўқиш, истеъдодларни кашф этиш ҳамда қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу бермоқда. Бу эса ҳар биримизни уйғоқликка ундайди, ўз ҳаётимиз учун ўзимиз масъул эканлигимизни англатиб, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишга даъват этади. 
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
Саминжон ҲУСАНОВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
Одилбек ОДАМБОЕВ,
“Халқ сўзи” мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар