Маънавият, маданият ва санъат анжумани

15:27 04 Апрель 2019 Маданият
408 0

Бахшичилик — ноёб санъат. Халқ оғзаки ижоди намуналари, достон ва эпослар эл-юртимизнинг ўтмиши, қадим маданияти ҳамда юксак маънавиятидан дарак бериб туради.

Президентимиз ташаббуси билан 5 — 10 апрель кунлари Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ўтказилиши дунё бахшилари, фольклоршунослари, маданият ва санъат намояндаларини қадим Сурхон воҳасига чорламоқда. Халқимиз ҳам ушбу нуфузли санъат анжуманини катта иштиёқ ва интиқлик билан кутяпти. 

Мухбирларимиз халқаро фестиваль арафасида соҳа вакиллари ва юртдошларимизнинг айримларидан дил сўзларини ёзиб олди.

Жанибек ПИЯЗОВ, Қорақалпоғистон Республикаси халқ жирови:

— Инсон Ватан туйғусидан, киндик қони тўкилган масканидан қувват олиб улғаяди. Аждодлардан мерос қадриятлар эса ана шу туйғу янада юксалишига хизмат қилади.

Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилиши ана шундай буюк кучни қалбимизга индирди, руҳимизга қувват бағишлади. 

Илк бор ўтказилаётган мазкур нуфузли тадбир замирида аждодларга эҳтиром, улар қолдирган беназир дурдоналарни асраб-авайлаш, ривожлантиришга интилишдек эзгулик мужассам.

Албатта, достонларимизни тинглаган, қисса ва термалар маъносини уққан ёшлар қалбида боболаримиздан фахрланиш ҳисси жўш уриши табиий. Зеро, уларда Ватанга садоқат, аждодлар қаҳрамонлиги, эзгу амаллар куйланади. 

Шахсан ўзим юртимизда бўлиб ўтган “Бойсун баҳори”, “Алпомишнинг 1000 йиллиги” тадбирларида иштирок этиб, бунга чин дилдан амин бўлганман. Ўлмас қадриятларимиз боқий яшасин!

Шерван Арна бахши ЖУМА (Афғонистон): 

— Термизда ўтказиладиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига таклиф этишганида бажонидил рози бўлдим. Ўзим асли Афғонистоннинг Бадғис вилоятиданман. Санъатга бўлган меҳрим, иштиёқим туфайли дастлаб Боло-Мурғоб уездидаги “Мурча” махсус мактабида, сўнгра Туркманистоннинг Ашхобод шаҳридаги мусиқа билим юртида таҳсил олиб, бахшилик санъати сирларини устозлардан ўзлаштирдим. 

Халқ оғзаки ижоди маҳсули бўлган қисса, достонлар ҳар бир миллатнинг ўзига хос фазилатларини, миллий анъана ва қадриятларини ифода этади. Юртингизда бўлгани каби Афғонистонда ҳам халқ бахшиларига алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Аксар тўй-тантаналаримиз бахшиларсиз ўтмайди. 

Айни пайтда Афғонистон туркманлари олий кенгашида фаолият олиб бориш билан бирга, туркман, ўзбек ва дарий тилларида мумтоз қўшиқ, достон, ашулаларни ижро этиб келмоқдаман. Ҳозирги кунга қадар Эрон Ислом Республикаси ва Туркманистонда ўтказилган мусиқий фестивалларда қатнашиб, мухлислар олқиши ва эътирофига сазовор бўлганимдан бахтиёрман.

Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, тарихи, маданияти, қадриятлари бир-бирига туташ ўзбек — афғон халқлари ўртасида ўзаро борди-келди алоқалари йўлга қўйилгани туфайли қўшни Ўзбекистонда ўтказилаётган санъат фестивалида қатнашишга муяссар бўлмоқдаман. Икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилаётганидан жуда мамнунман. Термиз шаҳрига келиб, шаҳар ҳаёти билан яқиндан танишдим. Таассуротларим — бир олам. Ўйлайманки, дунё жамоатчилиги учун Термиз шаҳри келгусида бахшичилик санъати анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш бўйича ўзига хос таянч масканга айланади.

Акбар ҚЎШАЛИ (Озарбайжон):
— Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференцияда мен ҳам ўз маърузам билан қатнашаман. Юртингизда халқ оғзаки ижоди намунаси — достон айтувчилар “бахши” деб аталса, Озарбайжонда улар “ошиқлик” номи билан эл орасида ниҳоятда қадрланади. Ошиқлик анъанаси нафақат Озарбайжон, балки бутун туркий халқлар санъатининг энг қадимги ёдгорликларидан саналади. Улар доимо халқ билан ҳамнафас, ўзи яшаб турган ҳудуд, мамлакатнинг географик, ижтимоий-сиёсий, маданий ва илмий жиҳатларини тўла англаб етган санъат вакили сифатида эл-юртнинг орзу-армонлари, миллий хусусиятларини ўз достонларида куйлашган. Улар кишиларни яхшиликка бошлаб, ёмонликдан қайтарган.

Ошиқлик ижрочидан юксак иқтидор, жумладан, мусиқа назарияси, шеърият, тақлид санъати, рақс, пантомима, театр санъати ва етук педагогик маҳорат соҳиби бўлишни талаб этади. Кўп йиллик тадқиқотларим натижасида ушбу санъат турининг назарий ва амалий жиҳатларини пухта ўрганишга астойдил киришганман. Бу борада Термиз давлат университети ўқитувчи-профессорлари билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Термизлик кўплаб олимларнинг бахшичилик санъати мавзуига оид маъруза матнларини озар тилига ўгириб, маҳаллий нашр ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиб боряпман. Термизда ўтказилажак халқаро конференция дунё олимларининг бир даврада жамланиб, илмий баҳс-мунозара, фикр алмашишлари учун қулай имконият яратади, деган умиддаман. Зеро, туркий халқларнинг бахши-шоир ва ошиқларини мен халққа маърифат таратувчи, барчани Ватанни севиш, мардлик ва ҳалоллик каби инсоний фазилатларга етакловчи эзгулик куйчилари, деб биламан.
«Халқ сўзи».

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019