Маънавият иқтисодиётдан 10 қадам олдиндан юриши керак —давлат хизматчиси фазилатларига бир назар

13:01 19 Сентябр 2020 Сиёсат
577 0

Дунё аҳлини таҳликага солиб турган коронавирус пандемиясининг келиб чиқиш сабаблари кўп. Фикримча, улардан бири ва аянчлиси аксарият жойларда маънавий жиҳатдан эмас, балки моддий тарафлама бойишга бўлган уриниш бирламчи маъно касб этгани билан боғлиқ.

Худбинлик мафкурасига қарши кураш қачон бошланди?

Чунки кейинги 50-60 йил ичида дунёда худбинлик мафкураси чуқур илдиз отиб, бойлик тўплашга ружу қўйиш, истеъмолчилик руҳияти ниҳоят даражада кучайиб кетди. Инсониятни ҳалокатга олиб борувчи бу иллатлар баъзи мамлакатларнинг амалдорлари туриш-турмушида, айниқса, яққол кўринди. Афсуски, бугунги синовли кунларда ҳам баъзи жойларда берилган ваколатлар доирасига сиғмай, халқ ғамини емай, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб, шахсий бойлик орттириш борасида бошқаларга «ўрнак» бўлаётганлар ҳамон мавжуд.

Сўнгги йилларда юртимиз жамиятида учраб турадиган айнан мана шундай иллатларга қарши курашиш том маънода кучайтирилди. Бунда нафақат адолат, қонун устуворлиги бош мезонга айланди, балки ушбу ўта масъулиятли ҳамда келажакка дахлдор ишларга олимлар, дин пешволари, маърифат аҳли ҳам кенг жалб этилмоқда.

Зеро, қадим-қадимдан мамлакати обод бўлишини хоҳлаган ҳукмдорлар юрт уламоларини эъзозлаб келган. Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз бунга ёрқин мисол бўлади.

Бинобарин, Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган илк кунлардаёқ олимлар, академиклар билан учрашиб, уларга маслаҳат солди, академияга қайта жон бахш этди, ўтган давр давомида собиқ амалдорлар онгига сингиб кетган «давринг келганда юлиб қол» деб юрганларга дадил зарба берди, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган мутлақо янги ғояни илгари сурди.

Албатта, мана шундай янгича ва ҳаққоний талаблардан келиб чиқилса, ўз-ўзидан яна ўша кўҳна ҳамда долзарб савол ўртага чиқади: Хўш, давлат идораларида халққа сидқидилдан хизмат қиладиган мутасаддилар қандай фазилатларга эга бўлиши лозим?

Виждон — бу ўткинчи туйғу эмас

Буюк аждодимиз, шарқда «Муаллими соний» дея танилган Абу Наср Форобий мансабдорлар дунё молларига, динор ва дирҳамларга қизиқмайдиган, мол дунё кетидан қувмайдиган бўлиши, табиатан адолатпарвар бўлиб, одил одамларни севадиган, истибдод ва жабр-зулмни, мустабид ва золимларни ёмон кўрувчи, ўз одамларига ҳам, бегоналарга ҳам ҳақиқат қилувчи, барчани адолатга чақирувчи, ноҳақ жабрланганларга мадад берувчи, барча яхшиликни ва ўзи суйган гўзалликларни раво кўрувчи бўлиши, ўзи ҳақ иш олдида ўжарлик қилмай, одил иш тутгани холда хар қандай ҳақсизлик ва разолатларга муросасиз бўлиши лозим деб таъкидлаган.

Бундай фазилатларга эга бўлиш учун мутасадди оқил инсон бўлиш лозим. Оқил-ошкора қилишдан ҳаё қиладиган ишни махфий ҳолатда ҳам қилмайдиган кишидир. Оқил одам ҳеч қачон ҳақиқатга қарши бормайди, ўзини ёмон, қабиҳ ишлардан тийиб, яхши ишларни севувчи, бир сўз билан айтганда хаёли ва виждонли бўлади.

Виждон — бу ўткинчи туйғу эмас, бу шундай ҳолатки, унда инсон ўзини Худо олдида тургандек тутади.

Илм зулматда қуёш, ваҳшатда ҳамроҳдир

Замонавий менежмент қоидаларига кўра раҳбар барча нозик масалаларни таҳлил қила билиши лозим. Ана шундагина муассаса муваффақиятли ишлайди. Мустақил равишда таҳлилдан ўтказиш салоҳиятидан мосуво раҳбар одамларнинг ғийбатларини эшитишга мажбур бўлади. Демакки, холис эмас, балки ўзига ёқадиган маълумотларни танлайди. Бундай вазиятда муваффақиятга эришмаслик муқаррардир. Ҳар қандай ташкилот ютуқларни қўлга киритиши учун раҳбар мақсадни аниқ белгилаши, унга эришиш йўллари ва воситаларини тўғри танлаши, жамоани ўз атрофида жипслаштириб, қўйилган вазифаларни бажаришга сафарбар эта олиши керак.

Яъни, ишни ўз вақтида бажарадиган, гапни ўрнига қўйиб айтадиган бўлиши лозим. Бундай ҳикмат соҳибига айланиш учун эса биринчи шарт илмга чанқоқлик, изланувчанликдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.): илм ўрганинглар, илм зулматда қуёш, ваҳшатда ҳамроҳ, ёлғизликда йўлдош, бегона юртда сафдош, оғир дамда раҳбар, душманга қарши қуролдир деб таълим берганлар.

Афсуски, ҳаётда илмга қизиқмайдиган, муваффақиятни фақат пул, моддий бойликда деб тушунадиган шахслар ҳамон учраб туради. Пул бундай одамларни тўлиғича ўзига бўйсундириб олади ва касбий, маънавий ўсиш учун унга имконият қолдирмайди. Аслида, буюк немис шоири Иоганн Вольфганг Гёте айтганидек, турли-туман тарбиявий ҳикоятлар, ҳикматли сўзларни жамлаш тенгсиз давлатдир. Давлат раҳбари 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида «Энг катта бойлик — бу илм, энг катта мерос — яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — билимсизлик» деб ҳақ гапни айтган.

Аслида одамдан кам эмас одам...

Ҳаётда таниш-билишчилик туфайли ақл ва руҳига нисбатан юқори лавозимга кўтарилиб қолган одамдан даҳшатлиси бўлмайди. У замон маънавий мулкини ўз қаричи билан ўлчаб, унга сиғмайдиганларини четга суриб қўйишга одатланади. Саҳобалар қиёмат аломатлари ҳақида сўраганларида жаноби Пайғамбаримиз (С.А.В): Агар иш ўз эгасига берилмаса, қиёматни кутаверинглар деган эканлар.

Амир Хусрав Деҳлавий эса раҳбарлик лавозимларини кимга муносиб кўриш мумкинлиги ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берган:

Аслида одамдан кам эмас одам,
Чунки барчамизнинг отамиз Одам.
Кимнинг қалб гавҳари бўлса илму фан,
Унинг таги баланд, ўзи муҳтарам.

Демак, раҳбарлик лавозимларига қалб гавҳари илму фан бўлган, изланувчан, дину диёнатли, қалбининг энг тўрига Худони жойлаган, иймони бутун шахсларни муносиб кўриш лозим. Зотан, илм ўрганишдан мақсад фақат билимли бўлиш эмас, балки одамларнинг оғирини енгил қилиб, бошқаларга ўрнак бўлишдир. Бундай одамнинг дунёда яшашдан олий мақсади халқнинг розилигига эришиш бўлади. Президент ҳам халқимиз биздан рози бўлсин деб бежизга талаб қилмайди.

Бахт ўлчови фақат пулдами?

Халқ ўз ҳукуматидан рози ёки норози эканлигини аниқлаш учун ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига баҳо берилади. Европа олимларининг бахт ҳақидаги тадқиқотларида иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Жозеф Стиглиц услубига биноан, 100 дан ортиқ мамлакатлар аҳолиси ўртасида «Бахт ўлчови» сўровномаси ўтказилган. Бахт рейтинги аҳоли кайфиятига ҳал қилувчи таъсир ўтказадиган бешта мезон бўйича аниқланган. Булар: таълим, соғлиқни сақлаш, турмуш сифати, иқтисодий ўсиш динамикаси, сиёсий иқлимдан иборат.

Европа олимларнинг бахт ҳақидаги тадқиқотларида моддий кўрсаткичлардан ташқари бошқа кўрсаткичлар ҳам ўрганилади. Олимлар шундай хулосага келдиларки, саноатнинг ўсиш суръатлари, ялпи ички маҳсулот, истеъмол саватчаси, ўртача иш ҳақи даражаси каби иқтисодий кўрсаткичлар аҳолининг турмушидан розилик даражасини баҳолаш учун етарли эмас. 20-асрнинг 60-йилларидан бошлаб АҚШда жадал иқтисодий ўсиш кузатиляпти, аҳоли даромадлари ўсмоқда, бироқ бахт кўрсаткичи ўзгармаяпти. Бахтнинг замонавий мезонлари қаторига тадқиқотчилар ҳокимиятнинг қонунларга риоя қилишини, коррупциянинг йўқлигини, сиёсий эркинликлар даражасини, аҳоли ва ҳокимият ўртасидаги ишонч даражасини киритишяпти.

Иқтисодиёт бўйича 2015 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган Энгус Дитон бойлик ва камбағаллик ўртасидаги нисбат, уни ўлчаш масалаларини тадқиқ қилиб, бойлик ва бахт ўртасидаги муносабат ҳақидаги асарини эълон қилган. Унинг таъкидлашича, пул фаровонликнинг маълум даражасига етгунча бахт келтиради, ундан кейин эса ташвишга айланади.

10-синф ўқувчиси ва Суқрот

Атоқли ингуш файласуф ёзувчиси Фозил Искандар бундай деган: «Инсон ақли икки турга — технологик ва ахлоқий турларга бўлинади. Технологик ақлнинг ривожланиши беқиёсдир. Ҳозир ҳар бир 10-синф ўқувчиси техника оламини Суқротга нисбатан миллион марта яхшироқ билади. Бироқ замонавий файласуф Суқрот қўйган ахлоқий масалаларни базўр тушунади».

«Атрофингиздаги одамлар камбағалчиликда ночор ҳаёт кечираётган бўлсаю, сиз бой бўлсангиз, ўзингизни бахтли деб биласизми?» деган савол билан замондошларимизга мурожаат қилсак, жавоблар бир хил кўриниш оладими? Албатта йўқ. Бу икки карра икки тўртдек, равшан. Чунки беш қўл баробар эмас.

Кимки иллатга жазо бермаса, унинг ҳимоячисидир

Коронавирус туфайли юртимизда вужудга келган оғир синовли вазиятда ҳам беморларга зарур бўлган дори-дармонлар, аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотларини оширилган нархларда сотиб шахсий бойлик орттиришга уринаётган айрим тадбиркорлар ҳақида эшитиб қоламиз. Уларга нисбатан лоқайд бўлмаслик, уларга қарши курашиш керак. Леонардо да Винчи айтганидек, кимки иллатга жазо бермаса, унинг ҳимоячисидир. Хорун ар-Рашиднинг дўсти Бахлул доно «Эй халойиқ! Гуноҳ ва ёмон ишлардан узоқ бўлинг!» деб барчага насиҳат қилар экан.

Шунинг учун баъзи одамлар уни ёқтирмай, Хорун ар-Рашидга шикоят қилишибди: «Дўстингизнинг насиҳатларидан тўйиб кетдик. Биз гуноҳ иш қилсак, унга нима? Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади», дейишибди. Ҳукмдор «Тушунарли» деб, бир қўйни сўйдириб, кўчага остириб қўйибди. Бир неча кун ўтгач, осилган тана сасий бошлабди. Халқ яна подшоҳнинг олдига келиб: «Қўйни бу ердан олдириб ташланг, бадбўйидан безор бўлдик» дебди. Хорун ар-Рашид: «Сизга нима, ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади» дебди. Шундагина одамлар хатоларини тушуниб етишган экан.

Таранг тортилган гайкаларнинг вақти ўтди

Юқоридагиларни умумлаштириб, хулоса қилиш мумкинки, дунёқарашимиз, мафкурамизни тузатмагунча, коронавирусдан ҳам, коррупциядан ҳам қутулиб бўлмайди. Зотан, ҳуқуқни ҳимоялаш органларини ислоҳ қилиш, амалдорларни бошқа лавозимга ўтказиш билангина коррупцияни енгиб бўлмайди. Боиси бу иллатнинг илдизи биринчи навбатда маънавиятнинг пастлигига бориб тақалади.

Тарихда халоскор номини олган рус императори Александр II «Миллатни таранг тортилган гайкаларда ушлаб туриб бўлмайди. Ҳаддан ташқари қаттиқ тартиблар, назоратчиларнинг кўплиги одатда эзгулик тантанасига, коррупция устидан ғалабага эмас , балки унинг кучайишига олиб келади» деган эди.

Бинобарин, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги барча янгиланишлар аввало илму маърифатга асосланмоқда, улар нафақат ҳаётга, балки одамлар қалбига ҳам кириб боряпти. Зеро, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев «Маънавият соҳасидаги ислоҳотлар иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлардан 10 қадам олдинда юриши лозим» деб бежиз айтмаган.

Юсуф Хос Хожиб раҳбар ва халққа қандай талаблар қўйган эди?

Хулоса ўрнида мавзуга худди шу нуқтаи назардан ёндашган ҳолда, шарқнинг буюк мутафаккири Юсуф Хос Хожибнинг олтин ўгитларига мурожаат этамиз. Зеро, улар бугунги кунда ҳам долзарбдир.

Буюк аждодимиз мамлакат обод бўлиши, халқ фаровон яшаши учун юрт раҳбарига 3 та талаб қўйган эди:

— пулнинг курсини кўтариш, унда олтин ва кумушнинг софлигини ошириш ва буни кузатиб туриш;

— эл учун ишончли, мустаҳкам ва тўғри, халққа хусусий мулк ҳуқуқини таъминлайдиган қонунлар чиқариш;

— йўлларни қароқчилардан, хароб қилувчилардан тинч ва осойишта сақлаш.

Шундай экан, ўтган тўрт йил ичида мамлакатимизда халқаро меъёорларга мос ҳуқуқий асос яратиш учун долзарб қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжатларда жамиятда мулкдорлар синфини кенгайтириш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбек сўмининг эркин валюталарга нисбатан барқарор курси таъминланди, қўшни мамлакатлар билан чегаралар очилди ва ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўз навбатида Юсуф Хос Хожиб давлат раҳбари номидан халққа учта талаб қўйган:

— ҳар қандай ёрлиқ (қонун) чиқарсам, уни ҳамма сўзсиз ва тез бажариши;

— давлат солиқларини ўз вақтида сахийлик билан давлат хазинасига топшириши;

— бутун халқ дўстимга — дўст, душманимга — душман бўлиши лозим.

Замонавий тушунчалар бўйича бу талабларнинг мазмуни шуки, ҳар бир фуқаро жамиятдаги ўрни, лавозимидан қатъий назар қонунларга бўйсуниши лозим. Ҳар бир фуқаро даромадларини яширмай солиқларни ўз вақтида тўлаши шарт. Президент эл-юртимиз ривожига тўсқинлик қилаётган коррупцияга қарши аёвсиз курашиш лозим деб қайта-қайта таъкидлаяптими, демак, бутун халқ коррупция ва коронавирусга қарши бир тан, бир жон бўлиб, ўзаро метиндек жипслашиб, астойдил курашиши лозим. Ана шунда ҳар икки офатни ҳам енгиб ўтамиз.

Нуритдин Йўлдошев,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
«Менежмент» кафедраси мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?