Мана 5 ой ўтса ҳамки, вазирлик ва унинг қуйи бўғинларидаги иш тизимида сезиларли ўзгариш ё бир янгилик эшитмадик​ — депутат

16:39 12 Август 2020 Сиёсат
392 0

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилганда кўпчилик, ниҳоят, маҳаллалардаги муаммолар барҳам топадиган бўлди, дея қувонган эди. Узоқ йиллардан бери жамғармаларнинг озгина ойлигига қаноат қилиб яшаган маҳалла раислари, жамоатчилик асосида ташкил этилган кенгашлар фаолиятини унчалик ҳам самарали, деб бўлмасди. Алоҳида вазирлик ташкил этилгач эса, улар давлат одамига айланиши, маошлари ҳам рисоладагидай, иш ҳам тизимли ташкил этилишига умид боғланганди-да.

Афсуски, мана 5 ой ўтса ҳамки, вазирлик ва унинг қуйи бўғинларидаги иш тизимида сезиларли ўзгариш ё бир янгилик эшитмадик. Гўёки номи ўзгардию аммо, ишлаш тартиби, камчиликлар, коррупция ҳали ҳам ўша-ўша кўринишда.

Мисол учун, яқинда узоқ тортишувлардан сўнг, давлат раҳбари топшириғи билан карантин даврида даромадсиз қолиб, кўмакка муҳтож бўлиб қолган аҳолига миллиардлаб ёрдам пули ажратилди. Уларни тарқатишда маҳалла раислари ҳам масъул этиб тайинланди. Аммо айнан улар масъул қилиб тайинланган айрим ҳудудларда муаммо, норозилик кўпайди. Нега? Чунки улар йўқсилларнинг ҳақига чанг солишгача боришди. Буни ижтимоий тармоқларда ўнлаб видеомурожаатлардан ҳам фаҳмлаш, сезиш қийин эмас. Энг ёмони, ҳалигача мурожаатларнинг кети узилмаяпти.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги Низомнинг 2-бандида «вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб борувчи давлат бошқарув органи ҳисобланади» деб ёзилган. Демак, маҳалла раислари ва унинг котибидан тортиб мутахассисигача хотин-қизлар ва кексалар, керак бўлса, кам таъминланган оилаларнинг ҳам ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоячиси бўлиши керак. Аммо, амалиётда эса тескариси бўлаётгандек, назаримда.

Сабаби биргина кам таъминланган ҳақиқий кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхати ҳам аксарият ҳудудларда холис шакллантирилмаганидан кейин, қолганини гапирмаса ҳам бўлади. Айримлари ҳатто оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолганлар билан ҳам умуман иши йўқ. Бу масала сайловчилар томонидан учрашувларда кўп маротаба кўтарилган.

Шу ўринда яна бир гап. Низомда вазирликнинг қуйи бўғинларида замонавий бошқарув тизимини йўлга қўйиш вазифаси ҳам юкланган. Лекин нега 5 ойдан бери ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолининг электрон рўйхати шакллантирилмади? Уларнинг номларига пластик карточкалар очилмади? Шаффоф рўйхат, очиқчасига эълон қилинмади? Балки, шунда бутун халқ кўриб, ким ҳақ киритилгану, ким ноҳақ киритилганини пайқаб қолишидан чўчишгандир…

Бундан ташқари, аксарият маҳалла раисларининг фаолиятидан аҳоли норози. Очиқ айтиш керак, аксарият маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга жавобгар бўлган оқсоқоллар ўз вазифасини уддалай олишмаяпти. Нега уларнинг фаолияти мониторинг қилиб борилмайди? Бу бўйича аҳоли орасида ижтимоий сўровномалар ўтказилмайди? Уларга чора кўрилмайди?

Аслида шу даражагача келиб қолишга ўзимиз ҳам айбдормиз. 
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг вилоят бошқармалари, туман бўлимлари бу каби ҳолатларга жимгина кўз юмиб ўтишдан, саволга тутсангиз «Ҳа, бизда кўп маҳалла раислари яхши ишламайди» дейишдан нарига ўтишолмаяпти.

Хўш, унда вазирлик бунга қандай жим қараб турибди? Низомда яна бир чиройли жумла бор. Вазирлик ўз ваколати доирасида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади.

Бу жуда ўринли ташаббус. Негаки, жойлардаги муаммолар, айниқса, ички йўлларнинг йиллар давомида абгор ҳолатга келиб қолгани, ичимлик суви, артезиан қудуқлари, қувурларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолгани ёки эскирган симёғочлар, етарли қувватга эга бўлмаган трансформаторлар каби муаммолар маҳалла раислари ва мутахассисларига бошқаларга нисбатан яхшироқ таниш. Чунки улар ўз ҳудудидаги муаммони икир-чикиригача билишади.

Депутатларимиз ҳам бу борада ўрганишлар олиб бориб, бу каби масалаларнинг кўпини ҳал қилишмоқда. Аммо, вазирликнинг қуйи бўғинлари ўз ҳудуди ҳолати, аҳволидан келиб-чиқиб, маҳаллий дастурларга аниқ таклифлар беришса, иш янада самаралироқ бўларди. Ҳудудлардаги майда муаммолар кундан-кунга болалаб кетмасди.

Фахриддин САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?