Мамлакатни технологик ривожлантириш имкониятлари

10:15 24 Май 2018 Иқтисодиёт
392 0

Бугунги шиддат билан кечаётган замонда мамлакатимизда давлат бошқаруви, умуман, бошқарув тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар ва чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқарув тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, соҳада мавжуд -муаммолар ҳамда ишлатилмаётган имконият ва захираларни чуқур ҳамда атрофлича таҳлил қилиш асосида унинг энг илғор, замонавий шакллари ва усуллари жорий қилинаяпти.

Миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш бўйича аниқ ва стратегик вазифаларни тўлақонли рўёбга чиқариш учун бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, бошқарув жараёнларида оптимал қарорлар қабул қилинишига, унинг самарадорлиги ва -натижадорлигига эришиш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу билан бирга, янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Айни пайтда Президентимиз тавсияларига биноан депутатлар ва сенаторлар томонидан жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида устав фондида давлат улуши бўлган айрим корхоналар фаолиятида корпоратив бошқарув ва замонавий менежмент усулларидан етарли даражада фойдаланилмаётгани, ресурсларнинг самарали ишлатилмаётгани, улар фаолиятини тизимли таҳлил ва назорат қилишдаги камчиликлар каби ечимини кутаётган масалалар борлиги кўзга яққол  ташланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Давлат активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан ана шу масалалар ечимига, хусусан, устав фондида давлат улуши кўп бўлган давлат корхоналари ва бошқа юридик шахсларни бошқариш тизимининг самарадорлигини таъминлаш ва фаолиятини такомиллаштиришга,  улар томонидан ўз вазифаларини тўлиқ бажариш ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожлантиришга кўмаклашиш имкониятларини янада кучайтиришга, ушбу корхоналар учун замонавий корпоратив ва лойиҳа бошқаруви соҳасидаги билимларга эга кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали тизим яратишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Бинобарин, қарор билан мазкур корхоналарда корпоратив бошқарув жараёнида манфаатлар уйғунлигини таъминлаш, оптимал бошқарув қарорлари қабул қилинишига эришиш, ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, бошқарувнинг шаффофлигини ошириш, молиявий ва хўжалик фаолиятини мунтазам таҳлил қилиб бориш асосида уларга юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши ҳамда натижадорлигини назорат қилишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этишга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати, давлат корхоналари фаолиятини ташкил этишда кенг кўламли ўзгаришлар, янгиланишларни рўёбга чиқариш, шунингдек, давлат активларининг қийматини ва уларни бошқариш самарадорлигини кучайтиришни назарда тутувчи давлат корхоналарини трансформация қилиш дастурларини амалга оширишнинг халқаро тажрибасини жорий этиш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини корпоратив ва лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари масалалари, замонавий менежмент усуллари бўйича ўқитиш ва малакасини юксалтиришни ташкил этиш тизими такомиллаштирилмоқда. 

Булар эса, ўз навбатида, мамлакатимизда муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган корхона ва компаниялар фаолиятини мутлақо янгича ташкил этишни, бошқариш тизими самарадорлигию натижадорлигини таъминлайди ҳамда уларнинг рақобатдошлигини ошириш, ташқи бозорларда сифатли товарлар билан иштирок этиш, ички бозорни хавфсиз, арзон ва харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш каби вазифалар рўёбида ўта -долзарб ўрин тутади.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида белгиланган чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилиши устувор соҳаларда, энг аввало, ёқилғи-энергетика, агросаноат, тоғ-кон комплексларида, машинасозлик, транспорт, кимё саноати, телекоммуникация соҳаларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожлантиришга кўмаклашиш имкониятларини янада оширади. Шу боис биз, депутатлар парламент назорати институтидан кенг фойдаланган ҳолда ушбу ҳужжат ижросини таъминлашда фаол иштирок этишимиз, жойларда унинг мазмун-моҳиятини мутахассислар ва аҳоли ўртасида кенг тушунтиришимиз мақсадга мувофиқ.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимизда қисқа давр мобайнида бошқарувнинг янги миллий модели ҳаётга татбиқ этилиши барча йўналишда мукаммал тизимлар яратилишига, демократик ўзгаришлар ва янгиланишларнинг мустаҳкам бўлишига, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси ва мавқеи янада ортишига, энг муҳими, халқимизнинг осойишта ҳаёти таъминланишига, унинг фаровонлиги юксалишига хизмат қилади. 

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ, 
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар