Мактабгача таълим тизимига янгича ёндашув

13:17 06 Октябр 2020 Сиёсат
388 0

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимининг барча бўғинларида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, мамлакатимиз келажаги ва равнақида муҳим ўрин тутадиган мактабгача таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу тизим жамиятнинг бирламчи ва энг муҳим бўғинидир.

Фарзандларимиз 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган даврда оладиган барча маълумотларнинг 70 фоизини ўзлаштириши мутахассислар томонидан тасдиқланган экан, демак, таълим тарбиянинг асоси ва пойдевори бу мактабгача таълим ва тарбиядир.

Узоқ йиллар қайсидир маънода эгасиз ва қаровсиз қолган бу тизим сўнгги йилларда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли болани қараб, боқиб турадиган ташкилотдан, ҳақиқий таълим-тарбия масканига айланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага оид қабул қилинган қарор ва фармонлар натижасида чекка қишлоқларда ҳам янги замонавий боғчалар барпо этилиб, қисқа вақт ичида мактабгача таълим ташкилотлари сони 3 баробар ошди. Энг муҳими, болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 28 фоиздан 54 фоизга етди.

Соҳага давлат-хусусий шериклик механизми жорий этилиши туфайли 223 мингдан ортиқ ўринга эга бўлган 7 минг 400 та хусусий боғча ташкил қилинди. Бу мақсадлар учун 1 триллион 850 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилиб, 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Яқинда Президентимиз чинакам маънода умумхалқ байрамига айланган 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбирида барча таълим тизими жонкуярлари учун зарур вазифаларни белгилаб берди. Янги Ўзбекистондаги бўлғуси Ренессанснинг биринчи ҳалқаси мактабгача таълим тарбия масканлари, биринчи устуни тарбиячилар деб эътироф этдилар.

Шу ўринда бугунги кунда бир неча минг фарзандлар тақдирига дахлдор халқ ноиби сифатида бир қатор таклифлар билдирмоқчиман.

Биринчидан, тегишли вазирлик ва идоралар барча имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда давлат хусусий шериклик тизимини ривожлантириб, нодавлат секторнинг улушини ошириш керак.

Иккинчидан, аввал боғча бўлиб фаолият юритган ва бугунги кунда бошқа ташкилотлар балансига ўтиб кетган биноларни хатловдан ўтказиб мактабгача таълим ташкилоти бўлиб қайтадан фаолият юритишини таъминлаш, айниқса, 2 ёки 3 гуруҳ бўлиб фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотларини давлат дастури асосида реконструкция қилиш, қўшимча бинолар қуриш ҳисобига қувватни кўпайтириш чораларини кўриш лозим.

Учинчидан, Мактабгача таълим вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси мактабгача таълим тизими объектларини қуриш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи сифатида ҳудуддаги боғча ёшидаги болалар сонига мувофиқлаштирилган, илғор хорижий тажрибага асосланган лойиҳа ишларини ташкил этишда катта масъулият билан ёндашиш зарур.

Шунингдек, маҳаллий кенгаш депутатлари мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлмаган ҳудудларда янги таълим ташкилотларини қуриш учун ҳар йилги қабул қилинадиган давлат дастурига таклиф киритиши ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари тақсимланишида мазкур ҳудудларга алоҳида эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир.

Туман, шаҳар ҳокимлари хусусий боғча очиш истагини билдирган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши, мазкур вазифалар ижросида фаол иштирокчи бўлишлари ғоя муҳимдир. Зеро, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига 100 фоиз қамраб олиш, боғчалар учун билимли педагоглар, етук кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг амалдаги тизимини жаҳон талабларига жавоб берадиган даражага етказишимиз энг муҳим вазифалардан биридир.

Хулоса қилиб айтганда, Учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратиш учун бизга кичик Хоразмий, Беруний, Термизий, Мотуридий, Навоийлар тарбиялайдиган таълим масканлари керак. Бу юксак маррани забт этишга маърифатга «илиги туқ» халқимиз, илм-фан, таълим ва тарбияни ривожлантириш учун барча куч, маблағ ва имкониятимиз бор.

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?