Мактаб қурилишлари нега пайсалга солинмоқда, муаммо Молия вазирлигидами ёки Халқ таълимида?

10:18 26 Август 2020 Сиёсат
222 0

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида 2020 йил 1-ярим йил якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Йиғилишни фракция раҳбари Алишер Қодиров бошқарди ва бугун муҳокама қилинадиган масалалар жуда долзарблигини таъкидлади.

Маълумки, пандемия дунё иқтисодиётига жиддий зарар етказди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонга ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади. Лекин пандемия таъсирини юмшатиш, тадбиркорлик субъектларига молиявий имтиёзлар бериш, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар сабаб, мамлакатимиз иқтисодиётида прогноз қилинган натижаларга эришилмаган бўлсада, ижобий кўрсаткичлар қайд этилди.

2020 йил 1-ярим йиллик якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 255,3 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 фоизга ўсиш кузатилди. Карантин чоралари таъсири 2020 йил январь-июнь ҳолатига аҳоли умумий даромадларида ҳам ўз аксини топди. Натижада аҳоли умумий даромадлари 176,0 трлн. сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан реал ўсиш 101,5 фоизни ташкил этди. Аҳоли даромадлари таркибида деярли ўзгариш бўлмади.

Йиғилишида депутатлар партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий соҳалар, жумладан, халқ таълими, мактабгача таълим тизими фаолияти билан боғлиқ масалаларга асосий эътиборни қаратди.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 34 665,5 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатлари эса 16 401,0 млрд. сўмни ташкил қилди.

Депутатлар халқ таълими вазирлиги бўйича 1919 та умумтаълим мактабларида қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун 1 132,8 млрд. сўм ажратилгани, шундан 459,9 млрд. сўм ўзлаштирилгани, бу йиллик кўрсаткичнинг 41 фоизини ташкил қилганига тўхталиб, молия вазирлигидан бунга изоҳ сўрадилар.

Йиғилишда онлайн иштирок этган Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев ажратилган маблағни ўзлаштиришда вазирликда муаммо бўлмаганини қайд этди.

Халқ таълими вазирлиги молия бошқармаси вакили депутатларга бу ҳақда тушунтириш берар экан, тендер масаласида, яъни пудратчи ташкилотларни танлашда қийинчиликлар юзага келгани, шу боис, ажратилган маблағ тўла ўзлаштирилмаганини қайд этди. Депутатлар мутасадди раҳбарнинг изоҳидан қониқмадилар.

— Маълумки, «Миллий тикланиш» демократик партияси халқ таълими ва мактабгача таълим вазирлигини ривожлантиришни устувор вазифа деб билди, — деди фракция раҳбари А.Қодиров. — Маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ўз округидаги таълим муассасаларини мунтазам ўрганиб келади. Улар берган маълумотларга қараганда, ҳудудларда қурилиши бошланган мактабларнинг деярли 90 фоизида иш тўхтаган. Учта мактаб ўқувчиларини битта мактабда ўқитилган ҳолатлар бор. Шунингдек, бу ўқувчилар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Болаларнинг катта йўлдан ўтишда фожиа билан якун топган ҳолатлар ҳам бор. Ваҳоланки, мактаб қурилишини олти ойда бемалол тугатиш мумкин. Демак, бу халқ таълими тизимида ишлар яхши йўлга қўйилмаганидан дарак беради, — деди фракция раҳбари.

Йиғилишда депутатлар энергетика, пенсия таъминоти, талаба ёшларга кредит ажратиш билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратиб, бу борада ҳам белгиланган вазифалар тўла бажарилмагани, ажратилган маблағлар охиригача ўзлаштирилмаганини танқид қилдилар.

Юқоридагилар билан бир қаторда депутатлар жойлардаги ўрганишлар натижаларига асосланган ҳолда ҳудудларнинг ресурс салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш, бюджет маблағларидан янада самарали фойдаланишни таъминлаш, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш борасида ҳудудларда мавжуд имконият ва ресурсларни тўла ишлатишга эътиборни янада кучайтириш лозимлигига эътибор қаратдилар.

Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?