Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

07:50 22 Май 2018 Ҳужжатлар
749 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида изчил сиёсат амалга оширилмоқда.

Хусусан, қисқа муддатда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш, умумий қуввати йилига миллион тоннадан ортиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Кўрилган чора-тадбирлар аҳолини санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан қамраб олиш кўламининг ўн баравардан зиёд ортишига имкон берди.

Шу билан бирга, экологик хавфсизликни таъминлашга қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини лозим даражада шакллантиришга айрим тизимли муаммолар тўсқинлик қилмоқда, хусусан:

биринчидан, тегишли инфратузилмани қониқарсиз ҳолатга ва аҳоли пунктлари хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишининг таъминланмаслигига олиб келувчи маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат-хусусий шериклик етарли даражада жорий этилмаган;

иккинчидан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмасликка олиб келаётган иккиламчи моддий ресурслардан фойдаланиш ҳолати, шунингдек, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди;

учинчидан, аҳоли яшаш пунктларининг ифлосланишига сабаб бўлаётган полимер плёнкали материаллардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилган ва улар тарқалган, шунингдек, муқобил биологик чирийдиган материаллардан фойдаланиш тизими мавжуд эмас;

тўртинчидан, содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар, жумладан, атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун жавобгарликка тортилмаслик ҳиссининг пайдо бўлишига олиб келаётган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга чора кўриш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш тизими самарасиз;
бешинчидан, соҳада мамлакатнинг ҳақиқий санитария-экологик ҳолатини баҳолаш имконини берувчи замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологиялари мавжуд эмас.

Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг сифатли санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан таъминланганлиги даражасини ошириш, шунингдек, экологик муаммоларни ҳал этишдаги мавжуд имкониятларни ишга солиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 
21 апрелдаги ПҚ-2916-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб юритилади) тадбиркорлик субъектларининг чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтиришни назарда тутиш вазифаси юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Давлат экология қўмитасининг мазкур соҳага инвестиция киритиш учун қулай шароит яратиш орқали маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш фаолиятига тадбиркорлик субъектларини давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 августдан:
маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш фаолиятини амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳудудлари (кейинги ўринларда — ҳудудлар) тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида чиқинди тўплаш шохобчаларида лозим даражадаги тозаликни таъминлаш, шунингдек, маиший чиқиндиларни мустақил равишда саралаш шарти билан бириктириб берилади;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида бириктириб бериш фақат танлов асосида, ноль ставкадан бошланувчи электрон аукцион йўли билан “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади;
жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари оммавий шартномалар асосида кўрсатилади.

Белгилансинки:
маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириб бериш бўйича танлов ўтказилмаган деб топилган ҳолларда, тегишли ҳудудлар “Тоза ҳудуд” ДУК ёки “Махсустранс” ДУКга танлов ўтказилмаган ҳолда бириктириб берилади;
Давлат экология қўмитаси маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасига инвестицияларни жалб қилишга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тадбирларни мувофиқлаштиради.

4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Давлат экология қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириб бериш материалларини йиғиш ва ваколатли органлар билан келишиш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизимининг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини, шунингдек, унинг “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига интеграция қилинишини;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларни электрон аукцион ўтказиш йўли билан тадбиркорлик субъектларига бириктиришнинг “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали ташкиллаштирилишини таъминласин.

5. 2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар тақиқланади:
полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш (тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш (экспорт учун ишлаб чиқариладиган, тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган, хўжаликда фойдаланиш учун рулонларда сотиладиган полимер плёнкали пакетлар, шунингдек, биологик чирийдиган 
полимер материаллардан тайёрланган пакетлар бундан мустасно);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига полимер плёнкали пакетларни (ТИФ ТН бўйича 3923 21 000 0, 3923 29 100 0, 3923 29 000 кодли) олиб кириш, жисмоний шахслар томонидан товарлар ва шахсий буюмларни ташиш ва қадоқлаш учун олиб кириладиган пакетлар, шунингдек, тамғаланган юк бўлинмасида транзит тарзида олиб ўтиладиган товарлар бундан мустасно.

Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси мазкур бандда белгиланган талабларга риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.

6. Давлат экология қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий тажриба ва жамоатчиликнинг ҳар томонлама муҳокамасини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил 1 январга қадар муддатда фойдаланиш хусусиятини йўқотгандан сўнг атроф-муҳитга зарар етказувчи ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган товарлар гуруҳига экологик йиғимни жорий қилишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан асосланган таклифлар киритсин.

7. 2023 йил 1 январгача бўлган муддатга:
маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар сотиб оладиган, мамлакатда ишлаб чиқарилган янги махсус автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатга олишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига тўланадиган йиғимлардан;

“Тоза ҳудуд” ДУК ва “Махсустранс” ДУК ер солиғи ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) бўшаётган маблағларни уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирган ҳолда;

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, товарларни қадоқлаш ва жойлаш-ўраш учун биологик чирийдиган полимер материалларни ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнида фойдаланиш учун ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар асосида олиб кирилган технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари);

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларини ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар асосида олиб кирилган махсус техника, технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимидан ташқари) озод қилинсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Марказий банкининг:
маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларини ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида хорижий кредит линиялари ҳисобидан ажратилган кредитларни (кейинги ўринларда — ажратилган кредитлар) миллий валютага алмаштириб, уларнинг фоиз ставкасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда белгилаб, реструктуризация қилиш;

кредитларни қайтариш жадвалларига тегишли ўзгартишлар киритган ҳолда, уларнинг сўнгги тўлов муддатларини реструктуризация қилинган санадан бошлаб 7 йил этиб белгилаш;

берилган кредитларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг активлар сифатини таснифлаш тўғрисидаги талабларини қўлламаслик, уларни қайта кўрилган кредитлар ҳисобварақларига ўтказмаслик ва улар бўйича захиралар ташкил қилмаслик тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

9. Қуйидагилар:
2019 — 2021 йилларда “Тоза ҳудуд” ДУКларни Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан махсус техника ва ускуналар билан қўшимча жиҳозлашнинг прогноз параметрлари 1-иловага мувофиқ;

2019 йилда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан чиқинди тўплаш шохобчаларини қуриш ва уларни контейнерлар билан жиҳозлаш бўйича манзилли дастур 
2-иловага мувофиқ;

2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан “Тоза ҳудуд” ДУКларнинг фаолият кўрсатаётган амалдаги полигонларини жиҳозлаш бўйича манзилли дастур 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссиясига мазкур бандда назарда тутилган прогноз параметрлари ва манзилли дастурларга ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси:
а) Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 июлга қадар муддатда:

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини;
жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича намунавий оммавий шартнома лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 августга қадар муддатда:

ҳудудларни ифлослантирганлик учун шахсларни жавобгарликка тортишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқишни, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришни;
жамоат жойларида чиқиндиларни тўплаш учун контейнерлар (чиқинди қутилари)ни ўрнатишга, жумладан, уларнинг намунавий шаклларига, шунингдек, ташкилотларнинг ўзларига тегишли бўлган биноларга яқин ёки туташ ҳудудларга мазкур контейнерлар (чиқинди қутилари)ни ўрнатиш бўйича талабларни назарда тутувчи таклифлар киритсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда:
аҳолига атроф-муҳит ҳолати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини берувчи, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео материалларни жойлаштириш имкониятига эга бўлган махсус веб-портални яратиш ҳамда ҳар бир хабар берилган ҳолат бўйича тезкор чоралар кўриш тизими жорий қилинишини;

Давлат экология қўмитасининг расмий веб-сайтида мазкур соҳада давлат-хусусий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида мамлакат ҳудудлари кесимида аҳоли яшаш пунктлари, яшовчи аҳоли ва мавжуд контейнерлар сонини кўрсатган ҳолда барча чиқинди тўплаш шохобчалари жойлашишининг электрон харитасини кўрсатувчи саҳифа очилишини таъминласин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туман ҳокимлари маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга тегишли бўлган махсус автотранспорт воситаларини уларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган (қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқалар) ишларга жалб қилинишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. М. Мавлонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Т. Кучкаров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти             Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 18 май


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар