Маҳалладан маълумотнома олиш амалиёти бекор қилиниши мумкин

17:01 07 Июль 2018 Жамият
851 0
Фото: Xabar.uz

Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг (маҳалла) маълумотномалари ва бошқа ҳужжатларини тақдим қилиш талабини бекор қилишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик изоҳига кўра, турли ҳаётий вазиятларда фуқаролардан маҳаллалар (ўзини ўзи бошқариш органлари) томонидан бериладиган маълумотномалар талаб этилади. Амалдаги қонунчилик бундай маълумотномалар 51 ҳолатда берилишини кўзда тутади. Бироқ амалиётда маҳаллалар томонидан аҳолига бериладиган маълумотнома ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни бериш тартиби ҳаддан зиёд бюрократлаштирилган, баъзи ҳолларда эса уларни бериш учун ноқонуний тўлов олиш ҳоллари кузатилиб, бу фуқароларнинг асосли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, ушбу органларда маълумотлар йўқлиги сабабли, ушбу маълумотномалардаги ахборотларни асосли ва тўғри деб бўлмайди. Ўз навбатида қонунчилик билан ўзини ўзи бошқариш органларининг фактларни ўрнатиш бўйича ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилмаган.

Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида 49 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган, маҳалла маълумотномалари ва бошқа ҳужжатларни олиш талабларини бекор қилиш назарда тутилади.

Жумладан, турар жойдан (прописка), жумладан биргаликда, ишсизлик (вақтинча ёки доимий), болаларни, ёлғиз шахслар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича вақт ва шахс ҳақида тавсифнома берилишининг бекор қилиниши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан тегишли хизматларни кўрсатиш учун зарур бўлган тасдиқловчи маълумотни тегишли маълумотлар базасини (реестрлар, рўйхатга олиш китоблари, архивлар ва х.к.) юритишга ваколатли давлат органларидан сўраш кераклиги белгилаб берилади.

«Лойиҳанинг қабул қилиниши аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратилишини, давлат хизматларининг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлайди», — дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Ўз навбатида маҳаллаларнинг оиланинг моддий аҳволи, аъзолари (қариндошлик даражаси) ва бошқа ҳужжатлар (кафолат ва кафиллик хатлари, ёзма тавсиялар ва илтимосномалар) бериш ҳуқуқи сақланиб қолади. Бунда ушбу ҳаракатлар халққа энг яқин тузилма ҳисобланган ўзини ўзи бошқариш органлари вазифаларига тўлиқ мос келиши ҳисобга олинди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва марказлашган маълумотлар базаси (архивлар, реестрлар ва ҳ.к)ни ташкил қилиш натижасида бундан кейин маҳаллалардан маълумотнома олишга бўлган эҳтиёж кисқариб бораверади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар