Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Рамазон ҳайити муносабати билан халқимизга мурожаат қилди

19:47 22 Май 2020 Жамият
198 0

Ҳурматли юртдошлар! 

Рамазон ҳайити барчангизга муборак бўлсин! Юртимизда тинчлик,оилалар ва маҳаллаларимизда хотиржамлик, хуш кайфият ҳукмрон бўлсин! 

Бугун бутун дунёда бўлгани каби халқимиз ҳам синовли кунларни бошидан ўтказмоқда. Аммо давлатимиз томонидан коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган кескин чоралар натижасида республикамиздаги юз минглаб аҳоли ҳамда бир қанча ҳудудлар коронавирус хавфидан сақлаб қолинди. 

Кўплаб давлатларда янги-янги инфекция ўчоқлари пайдо бўлаётган бир пайтда юртимизда бу борада кундан кун яхши натижаларга эришилмоқда. Халқимизнинг ўрнатилган карантин чекловларига қатъий амал қилгани мавжуд вазиятнинг ижобий тарафга ўзгаришида жуда катта ёрдам берди. 

Азиз ҳамюртлар! 

Шу кунларда муборак Рамазон ойининг сўнгги қутлуғ кунларини барчамиз катта хурсандчилик ва мамнуният билан ўтказяпмиз. Чексиз шукроналик ва ихлос билан дилдаги яхши ниятларимизнинг амалга ошиши учун Яратгандан офият сўраб, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида бир-биримизга эзгу тилаклар билдиряпмиз. 

Муборак айём — Рамазон ҳайити кунлари барчамиздан ана шу эзгу ниятларни кўпайтириш асносида мамлакатимизда жорий қилинган карантин қоидаларини тўла адо этишимиз учун баъзи жиҳатларга жиддий эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. 

Муҳтарам Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорида ҳам бу йилги Рамазон ойи коронавирус пандемияси туфайли оила даврасида, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликда ўтгани ҳолда, Рамазон ҳайити байрами ҳам карантин талабларига мувофиқ ўтказилиши айтиб ўтилган. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёнотида ҳам бу ҳақида сўз юритилиб, ҳайит кунлари ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш, ҳайит билан табриклаш, миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш тавсия этилган. 

Шунга амин бўлишимиз керакки, бу чекловлар вақтинча бўлиб, халқимиз саломатлигини сақлаш, коронавирус инфекцияси тарқалиши, шу билан бирга санитар-гигиена талаблари бузилишининг олдини олишга қаратилган. 

Биринчиси, вафот этган яқинларимиз учун ҳайит кунлари хонадонларимизда ўтказишни режалаштираётган маърака маросимларини кейинга қолдирайлик. Бу тартибга, албатта, юқорида келтириб ўтилган хавфсизлик нуқтаи-назаридан қарашимиз, ўзимиз ва унда қатнашмоқчи бўлган яқинларимиз саломатлигини асраш мажбурияти, деб тушунишимиз лозим. 

Шунингдек, кенг жамоатчилигимиздан хонадонларда ташкил этилган бу каби маърака маросимларига қатнашмаслик бўйича шахсий намуна кўрсатишларини илтимос қиламиз. Бунда маҳаллалардаги нуроний отахону онахонларнинг, маҳалла фаолларининг ўрни катта эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. 

Иккинчиси, миллий урф-одатларимиз сирасига кирувчи— хонадонга янги келган меҳмонни кўриш ва қўлидан бир пиёла чой ичиш удуми қадриятларимизнинг бир бўлагига айланган. 

Аммо ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, бу ниятларимизни ҳам кейинги ҳайитларга қолдирганимиз, назаримизда, ҳар томонлама, жумладан, ўзимиз ва ўзгаларнинг саломатлигини асраш борасида адолатли қарор бўлади. 

Кўп одам тўпланиши карантин талабларига мутлақо зид эканини, шунингдек, бизнинг қуда-андаларимиздан кутаётган орзу-ҳавасга йўғрилган эътиборимиз оилаларда ижтимоий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутмайлик. 

Қадрли ватандошлар! 

Бугунги синовли кунларда ўзимиз ҳамда атрофдаги инсонлар соғлиги ва бахти учун қилинаётган бу эҳтиёт чоралар ҳақида, ўйлаймизки, барчангиз теран мушоҳада юритасиз ҳамда уларга қатъий амал қилишни аввало, ўзингиздан бошлайсиз. Ишонамизки, кейинги ҳайит байрамларида юқорида айтиб ўтилган барча ниятларимизни биргаликда амалга оширамиз. 

Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити айёми барчангизга муборак бўлсин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?