Маҳалла ва кўчалар ҳуснига тушган доғлар

16:28 02 Август 2018 Жамият
245 0

Мени Россиядаги жаҳон чемпионати ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқаган Бельгия билан мағлубиятдан сўнг япон спортчилари ечиниш хонасини тартибга келтиришгани ва рус тилида “раҳмат” деган ёзувни қолдиришгани ҳақидаги хабар ҳавасимни келтирди. Буни эшитгач, ёдимга урушда мағлубиятга учрагач, ўзини тиклаб олиш учун ҳукуматга барча тақинчоқларини топширган япон оналари келди. Уларнинг авлоди ахир — ўйин тугагач, стадиондаги чиқиндиларни ҳам бирма-бир тозалаб чиқиб кетишди. Ана-а тантилик! Алишер Навоий бобомиз:

Табиатда ҳар неки одат бўлур,
Чу эскирди одат табиат бўлур,

деганлари бежиз эмас. Яхши одатлар намунали феъл-атворни шакллантиришига японлар яққол мисол бўла олади. Шу баҳонада Японияда бизда ҳали-ҳануз муаммо бўлиб турган чиқиндиларнинг қандай йиғилиши билан қизиқдим.

У ерда ҳамма чиқиндиларни саралашга мажбур. Ёндирилувчи чиқиндилар учун алоҳида контейнер, елим учун алоҳида идиш қўйилади. Елим идишларнинг қопқоқлари олиниб, махсус қутига солинади. Токиода пиёдалар йўлаги четида махсус халталар пайдо бўлади. У ерга илк бор борган кўплаб сайёҳларни кўчалардаги тозалик ва чиқинди қутиларнинг йўқлиги ҳайратга солади. Бу тозалик — тозаланадиган жойда эмас, одамлар ифлос қилмайдиган жойда, деган нақлни эслатади. Ҳукумат фуқароларга мунтазам равишда ноқонуний чиқинди ташлаш жиноят эканлигини, бунинг учун 5 йилгача муддатда озодликдан маҳрум қилиш ва 10 миллион иен жарима жазосига маҳкум бўлишини уқтиради.

БугунЯпонияда шиша идишларнинг90 фоизи қайта ишланиб, янги маҳсулот ишлаб чиқарилади.Маълумотларга кўра, 2020 йилдаги Олимпиада чоғида япон термаси ҳам бошқа спортчилар каби утилизация қилинган чиқиндилар сепилган оролларда яшаб, машқ қилади ва уларнинг либослари қайта ишланган елимдан тайёрланади.

Бизда-чи?..

Ишга шошаётиб, ариқ ҳатлайман. Чиройли бетон ариқча сув оқиши учун мўлжалланган. Аммо унинг ичи тўла чиқинди. Бундай ариқчаларни кўплаб жойларда одамлар чиқиндихонага айлантириб олишганини кўрганман. Серёмғир кунларда сув оқмай, ҳаммаёқ тўлиб-тошиб ётади кейин. Бундай ариқчаларнинг вазифаси нима эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмагани боис, уларда сув юришини таъминлашга хизмат қиладиган қувурлар-ку, аллақачон кўмилиб-йўқолиб кетган. Республикамизнинг деярли барча шаҳарларида кўп қаватли уйлар олдида шунақа аҳволни кўришингиз мумкин.

Энди мен ўзим ҳар куни гувоҳ бўладиган Жиззахнинг маҳалла ва кўчаларига қайтсам. Шаҳарнинг “Жиззахлик” маҳалласи, Убайдулла Тўрақулов кўчасидаги, яъни Собиқ “Оқбозор” (курант соат) ҳудудидаги йўлнинг ҳар икки томонидаги ариқда ҳам аҳвол шу.Жиззах шаҳридаги энг катта ишламайдиган соат жойлашган бинонинг олдида катта-ю кичик тўпланиб, “Гандумтош” маҳалласи йўналиши бўйича қатнайдиган такси, автобусни кутади. Чиқиндига тўлиб қолган лоток ариқдан жирканиб сакраб ўтадилар, иложи бўлса, баъзилари бу аҳволдан фойдаланиб, қўлидаги музқаймоқ қутиси ёки бўшаган идишларини ташлаб кетишга уринади.Бу йўлнинг Жиззах олимпия захиралари спорт коллежига қараб кетадиган томонидаги ариқда сув доимий балчиқ ҳосил қилган. Исига ҳам, кўринишига ҳам чидаб бўлмайди.

— Шу қатордаги тадбиркорлар ҳар ўн беш кунда пул йиғиб, мардикор ёллашади, — дейди бу ҳодисанинг доимий гувоҳи бўлган пайнет шохобчасида ўтирган йигит. — Бу гал чиқиндилар олиб кетилмаганига бир ойлар бўлиб қолди.

Жиззах бозорлари ҳар куни одамлар билан гавжум. 2016 йилда буюм ва деҳқон бозорлари олдида, “Ўзбекистон” кўчасида бўйи 27, эни эса 6 метрни ташкил этадиган ер ости йўли қурилиб, пиёдалар учун анча қулайлик яратилганди. Бироқаҳоли ундан фойдаланмай қўйган, ҳисоб. Чунки ер ости туннелининг ҳозирги хароб ҳолини кўриб, кайфиятингиз тушиши аниқ. Айниқса, пешобдан ҳосил бўлган бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди... Шаҳарнинг қоқ маркази, “Зебо” савдо мажмуасининг охирги дўкони бурчагида эса йўловчилар ташлаб кетган турли идиш-у қоғозлардан иборат чиқиндилар туфайли у ерга яқин йўлаб бўлмайди.

— Шаҳримиз марказидаги кўчаларда ҳар куни эрталаб соат4-4,5ларда, бир кунда икки маротаба чиқинди йиғадиган машиналаримиз қатнайди, — дейди Жиззах шаҳар ҳокимлигига қарашли ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Толиб Абдувоҳидов. — Биз билан шартнома тузган маҳаллаларда тозалик ишлари олиб борилади. Йўл четидаги лотоклар масаласига келсак, мунтазам равишда аҳолига тушунтириш ишлари олиб борамиз, лекин фойдаси бўлмаяпти. Ҳатто жойларга биттадан назоратчи ҳам қўйиб кўрдик. Курант соат тагида жойлашган дўкондорларга шунча айтилишига қарамай, чиқиндиларни машина жўнаб кетгандан сўнг чиқариб йиғиб қўяди. Уларнинг ҳар бири дўкон атрофидаги 5-10 метр жойнинг тозалигига масъулдирлар. “Зебо” савдо мажмуасига келсак, бир пайтлар унинг ортига бўш контейнерлар ўрнатдик. Аммо фойдаси бўлмади, дўкон эгалари ҳамма чиқиндиларини олд томонга йиғиб қўяди. Лекин у ерга ҳам чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилиши учун назоратчи тайинлаганмиз. Бозор ҳудуди, “Ўзбекистон” кўчасида қурилган туннель бизга тегишли бўлмаса-да, супуриб сидириб туриш учун бир аёлни бириктириб қўйганмиз. Лекин ер ости йўлининг деворидаги ёзувлар, бузилган жойларига биз масъул эмасмиз.

Жиззах шаҳар ҳокимлигига қарашли ободонлаштириш бошқармасида 17 нафар масъул ходим(бригада бошлиқлари) ва 372 нафар ишчилар ишлайди. 22 та трактор бор, яқинда 4 та катта “Ман” русумли чиқинди ташувчи машина олинди. Бу техникалар шаҳар ҳудудини тозалаш учун етарли эса-да, Толиб аканинг маълумотига қараганда, айрим маҳаллаларни обод қилиш жуда мушкул иш. Низом Қўшоқов, Олим Азимов номидаги кўчаларда аҳоли бундай ишларга мутлақо бефарқ қарашади.

— Бундан ташқари, шаҳар чеккасидан келиб, йўл четига чиқинди тўкиб кетишади, — дейди Толиб ака. – Доимий тозаликка амал қилиш учун менимча, одамларнинг ўзларининг фикрини ўзгартириш керак.

Маълум бўлишича, бу икки кўча катта йўл ёқасида жойлашган бўлиб, Ҳамид Олимжон ва Навоий, “Сангзор” маҳаллалари ҳудудида экан.

— Аҳоли ўртасида кўп маротаба тушунтириш ишлари олиб борганмиз, — дейди Биз Ҳ.Олимжон маҳалласи раис ўринбосари Тўлқин Умрзоқов. — Шунга қарамай, атрофни ифлослантириш ишлари тўхтамаяпти. “Навоий” маҳалласи фуқаролари ҳам чиқиндиларини 22 -мактаб атрофига чиқаради.Бизнинг маҳаллада ҳафтада икки марта чиқинди йиғувчи машина юради.Айримлар чиқинди учун пул тўлашдан қочиб, ён-атрофга тўкиб келади. Ҳатто СЭС вакиллари билан уларни пойлаб ҳам ушлай олмадик. Ҳозирда маҳалла раисимизнинг ўзи чиқинди тўплаш масаласи бўйича шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан шартнома тузиш учун уйма-уй юрибди.

— Аҳолининг ярмиси ободонлаштириш бошқармаси билан шартнома тузган, — дейди ушбу маҳалла фаоли Мавлуда Каримова. — Сешанба ва шанба кунлари келиб,чиқиндилар олиб кетишади. Бир хонадонга одам бошига бир ойга 2200 сўм тўланади. Уйларга кириб одамларга шартнома кўрсатсак, кимсан дея дўқ уриб, шартномани йиртиб ташлашгача боришади. Менимча, шартнома тузмаганлар чиқиндиларни кўчага чиқаради. Бундай фуқароларга катта жарима солиш керак. “Навоий” маҳалласи асосан марказий кўчага ташлайди. Маҳаллаларимиз, кўчаларимиз тоза бўлиши учун болаликдан одамлар онгига тозаликни сингдириш керак. Бу борада оила, маҳалла ҳамкорлиги ҳақида кўп гапирилади, аммо амалий натижа кам. Кўпчилик чиқиндиларни тўкиш учун боласига бериб юборади. Ўтган йилларда СЭС ходимлари келишарди, бу йил ҳали уларни кўрмадим.

Шундан сўнг Жиззах шаҳар давлат санитария эпидемиология маркази мутахассислари билан боғланиб, бу борадаги фикрларини билишга уриндик. Марказнинг санитария бўлими мудири Мамараҳим Эрманов 2016 йилдан буён чиқиндилар билан ишлаш тўлақонли равишда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига юклатилганини, марказ фақат умумий назоратни юритиш билан шуғулланишини маълум қилди. Биз болалар майдончалари ва сув ҳавзаларининг назоратига масъулмиз, деди.

Шу аснода яна бир-икки ташкилот билан боғландик. Бири биз туманлар билан ишлаймиз, шаҳар бизга тегишли эмас деса, яна бири “телефонингизни қолдиринг”дан нарига ўтмади. Ҳамма шу йўл билан вазиятдан, назоратдан силлиққина чиқиб кетавергани сабабли шундай ҳолатлар юзага келмадими?

Ҳеч эътибор берганмисиз, шаҳримизда қайсики хиёбон қурилсин, бир йилга бормай ўриндиқлари синган, чиқинди қутилари қўпорилган бўлади.Ҳали қурилганига бир йил бўлмаган Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари жойлашган боғ ўриндиқлари тўла писта пўчоғи. Ваҳоланки, ҳар бир ўриндиқлар ёнида биттадан чиқинди қутилари ўрнатилган. Чиндан ўйлаб кўрайлик: бир пайтлар обод бўлган бу манзилларни ким бундай ҳолга солди? Албатта, одамлар, албатта ўзимиз айбдор. Фаровон ҳаётимизнинг бир бўлаги бўлган бу иншоотлар, бу гўзалликларни ўз қўлимиз билан барбод этмоқдамиз.

—Ислом дини инсонларни покликка чақириб, тозалик имондан эканини уқтиради, — дейди Шароф Рашидов тумани бош имом хатиби Адҳам Зулфиев. —Бир дўстимиз кўп йиллардан бери Японияда оиласи билан яшайди. Ўтган ёзда юртимизга меҳмонга келишди. Улар билан хиёбонда айланиб юрганимизда болаларга музқаймоқ олдик, еб бўлгандан сўнг ярим соатлар ўтса ҳамки, Япониядаги боғчада таҳсил оладиган уч яшар қизча қўлидаги музқаймоқ қоғозини ташламади. Ташлагин десак, “Чиқинди қути қаерда?” деб бизни сўроққа тутди. Ҳаммамиз лол қолдик. Аслида биз мусулмонлардан бошқалар ўрнак олишлари керак-ку! Кўчаларда кимдир машинасидан кераксиз идиш ёки қоғозни улоқтиради, кимдир уйидан чиқариб ташлайди. Кўзимизни очайлик, қайси Ватанда яшаяпмиз, боболаримиз ким эканини эсимиздан чиқармайлик. Пайғамбаримизнинг“Албатта, Аллоҳ покдир, покликни севади, У тозадир, тозаликни севади”, деган сўзларини эслайлик, имонимизни мустаҳкамлайлик.

Дунё кўрган одамларнинг айтишларича, ривожланган мамлакатларнинг аксариятида маданият тушунчаси аввало ўзларининг меҳнатини қадрлашдан бошланар экан. Бу дегани ўзларининг маблағи, тўлаган солиқлари эвазига барпо этилган инфратузилманинг, умумжамоат жойларининг, маданият масканларининг барчага тегишли бебаҳо мулк эканлигини англаб олишдир. Бу дегани, фаровон ҳаёт, намунали турмуш деганидир. Аксинча бўлганда эса, барча орзу-умидлар хомхаёллигича қолаверади.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Муаллиф олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар