МАГАТЭ вакили Фукусима ва Чернобиль ҳалокатларининг инсон саломатлигига нисбатан таъсири ўта оширилганини билдирди

11:46 20 Август 2019 Жамият
84 0

 Онлайн нашримизда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

Унга бошчилик қилаётган ушбу ташкилот бош директори ўринбосари – Ядро энергетикаси департаменти раҳбари Михаил Чудаков кеча журналистлар билан учрашуви чоғида “Ўзбекистоннинг атом энергетикасини ривожлантириш ҳақидаги қарори энг тўғри қарордир”, дея таъкидлади. 

“Олтмиш йилдирки Ядро физикаси институти қошида реактор эксплуатация қилиб келинмоқда. Шу вақт давомида тўпланган материаллар, бажарилган улкан ишлар  Ўзбекистон учун катта тажриба бўлди. Мамлакат МАГАТЭ билан ҳамкорликни йўлга қўйганига энди 25 йил бўлди”, - деди дея эксперт фикридан иқтибос келтиради Спутник.

У атом энергетикаси - бу атмосферага зиён етказмасдан, экологик тоза электр энергиясини олиш мумкин бўлган ягона тўғри йўл эканлигини қайд этди.

“Гап инсоният тараққиёти, иқлим ўзгаришлари ҳақида борар экан, атом энергетикаси ҳақида, албатта, гапирилади. Гувоҳи бўлиб турибсиз, йилдан-йилга иқлим ўзгармоқда - ҳаво ҳарорати юқорилаб бормоқда. Ҳозирда дунёда мавжуд атом станциялари йилига 2 миллион гигатонна карбонад ангидрид газининг атмосферага улоқтирилишининг олдини олади. Бу бир йилда 400 миллион автомобилларни йўллардан олиб ташлаш билан тенг. АЭСнинг экология олдидаги хизмати шунда", - дея тушунтирди Чудаков.

Эскперт шунингдек, одамларда ваҳима уйғотаётган Фукусима ва Чернобиль воқеалари борасида ҳам ўз қарашларини билдирди.

“Бу ҳодисалар бўлганини ҳеч ким инкор этмайди, бироқ уларнинг инсон саломатлигига таъсири ўта оширилган. Дейлик, Фукусимада ҳеч ким радиация туфайли ҳалок бўлмаган, икки киши цунами оқибатида чўккан, холос. Чернобилда эса расман 28 киши ҳалок бўлган. Яна бир неча ўнлаб кишиларнинг ҳалок бўлгани савол остида. Айтмоқчиманки, Голливудда ишланган "Чернобиль" фильмда сўзлаб берилгани каби минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмган эмас”, - деди Чудаков. 

МАГАТЭ расмий вакили, шунингдек, атом энергетикасини ривожлантиришга қарши "ҳайқириқлар" ортида муқобил энергия манбалари турганига шубҳа қилмайди.

"Улар - келажак фақат атом энергетикасиники эканини, айнан ядровий энергетика углерод энергетика манбаини "сўнгги манзилга кузатиши"ни жуда яхши билишади. Умуман, жаҳонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам атом энергетикаси энг истиқболли соҳалардан биридир, у ривожланишда давом этади ва атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик ядро энергетикаси инфратузилмасини мустаҳкамлаш бўйича қатор дастурларга эга ва бунда Ўзбекистонда кўмак беришга тайёр", - дея хулоса қилди Чудаков.

Ташрифнинг биринчи кунида Фанлар академияси Ядро физикаси институтида МАГАТЭ экспертларининг ЯИФ билан ҳамкорликдаги миссияси - Omarr mission бўйича келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Россия президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Владимир Путин Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасига старт беришган эди.

АЭС қуриладиган майдон сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдонлардан бири танлаб олинди.

Халқаро атом энергияси агентлигининг мустақил ҳукуматлараро ташкилот сифатидаги фаолияти - атомдан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Ўзбекистон мазкур ташкилот билан илмий-техник ҳамкорлик доирасида атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019