“Мафтункор ранглар жилоси”: 6 йиллик танаффусдан сўнг...

14:12 02 Ноябрь 2019 Маданият
299 0

Бугун пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Мафтункор ранглар жилоси” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Ушбу танлов Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамияти ҳамкорлигида “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Маълумотларга қараганда, мазкур танлов 1996 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинган. Аммо айрим сабабларга кўра орада бир оз танаффус бўлди. Хўш, бунга сабаб нима эди?

Комил АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти бошқаруви раиси:

— Кўрик-танловнинг ўзига яраша тарихи бор. Ҳақиқатан ҳам бу тадбир мунтазам уюштириларди. Орада танаффус бўлганининг сабаби шуки, 2013 йилда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қайта ташкил этилганидан сўнг, танлов ўтказилиши ҳам ўз-ўзидан тўхтаб қолди. Ўтган 6 йил мобайнида “сукут” сақлаган бу тадбир жорий йилда Адлия вазирлиги ташаббуси билан қайтадан ташкил этилди. Дастлаб танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят босқичларида истеъдодларнинг ижодий ишлари сараланди. Танловнинг аҳамияти жуда катта. Негаки бу рассомчиликка озгина бўлса-да, иқтидори ва истеъдоди бўлган имконияти чекланган ёшларнинг меҳнатини юзага чиқаришга кўмак беради. Келгусида танлаган соҳаси бўйича таълимни давом эттиришига ҳам замин яратади.

Президентимизнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда 2 фоизли квота ажратиш тартиби жорий этилган эди.

Ҳужжатга мувофиқ, биргина ўтган йилнинг ўзида мингга яқин ана шундай имконияти чекланган ёшлар олий ўқув юртларига грант асосида талабаликка қабул қилинди. Жорий йилда эса бу кўрсаткич бир баробар ошиб, қарийб 2 мингга яқин ногиронлиги бўлган ёшлар талаба бўлди.

Танловда жами ҳудудлардан 14 нафар иштирокчи ўз ижодий ишлари билан қатнашди.

Бухоролик Пётр Поров танлов қатнашчиларидан бири. У 32-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси. 8 синфда ўқийди. Унинг санъат асарларида натюрморт, пейзаж етакчилик қилади.

— Ҳаётни мана шундай ёрқин рангларда тасвирлашга интиламан, — дейди ёш рассом. — Келгусида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига кириб, Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Кўрик-танлов 7 ёшдан 17 ёшгача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшларни бирлаштирди. Танлов доирасида ногиронлиги бўлган болалар томонидан яратилган санъат асарларининг кўргазмасида иштирокчилар бир-бирларининг ишига баҳо беришди.

Танловнинг алоҳида ажралиб турадиган фарқли жиҳати шундаки, танловда ҳеч ким иккинчи ва учинчи ўринни эгалламади. Аксинча, танловда иштирок этган болалар уларнинг имкониятлари чекланганлигига қарамасдан ҳаётга бўлган қизиқишлари юқори даражада эканлиги ҳамда бу борада бошқаларга ўрнак бўлганликлари сабабли уларнинг барчаси 1-даражали диплом билан тақдирландилар.

Наргиза ЮНУСОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019