Маданият вазири парламент сўровига жавоб берди

19:38 08 Сентябр 2020 Сиёсат
367 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан мамлакатимиз ҳудудидаги маданий мерос объектларини ЮНEСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ва Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида парламент сўрови юборилган эди.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири О. Назарбековнинг мазкур парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди.

Айни пайтда ЮНEСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги 4 та меъморий мажмуа, яъни Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари киритилган. ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига эса 8 та объект, яъни Бойсун маданий макони, Шошмақом мумтоз мусиқаси, Катта ашула, Аския санъати, Наврўз, Палов маданияти ва анъаналари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази ва Хоразм рақси киритилган. Аммо ўзбек халқининг бой ўтмишига оид кўплаб моддий ва номоддий маданий мерос объектлари мазкур рўйхатларга киритилмаган. Уларни ҳам ушбу рўйхатга киритиш масаласини атрофлича кўриб чиқиш зарур. Албатта, уларни ҳам ЮНEСКО рўйхатларига киритиш мамлакатимиз учун жуда долзарб аҳамиятга эга. Бу биринчидан, Ўзбекистоннинг бой тарихини жаҳон ҳамжамияти томонидан янада кенгроқ эътироф этилишига хизмат қилса, бошқа томондан ушбу объектларнинг халқаро миқёсда муҳофаза қилинишига эришилади.

Маданият вазири парламент аъзолари томонидан маданий мерос, моддий ва номоддий объектлари бўйича ўртага қўйилган 3 та асосий масала хусусида ҳисобот бераркан, аввало, илк масала ЮНEСКО рўйхатларига киритишга тавсия этилиши мумкин бўлган, 2030 йилга қадар бўлган манзилли рўйхатни шакллантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга тўхталди.

Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудидаги маданий мерос объектларини ҳам мазкур рўйхатларга киритиш бўйича қилинаётган амалий ишлар ҳамда учинчи масала – юртимиздаги маданий мерос объектларини ушбу рўйхатларга киритиш учун таклифлар тайёрлашда ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан, Марказий Осийдаги қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бажарилаётган чора-тадбирлар юзасидан атрофлича ҳисобот берди.

Маданият вазирлигининг парламент сўрови юзасидан берган ҳисоботида ЮНEСКО рўйхатига киритиш учун номзод номлар тайёрланаётгани бой тарихимизга бўлган юксак ҳурматнинг ифодасидир. 

Дилбар УСМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар ва парламетлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?