Маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди

14:01 10 Декабрь 2018 Маданият
661 0

Архив фото

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар, жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари халқимизнинг нафақат турмуш тарзини, балки дунёқарашини ҳам тубдан ўзгартирмоқда.

Бундай эзгу жараённи маданият ва санъат ривожига, ижод аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги икки йилда мазкур соҳага тааллуқли 20 га яқин Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар ижроси юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Президентимизнинг жорий йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ушбу жабҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Қолаверса, тараққиётнинг чинакам самараси бойлик ёки куч-қудрат даражаси билан эмас, миллий маданиятнинг нақадар юксакликка кўтарилгани билан ўлчаниши хусусида тарихий мисоллар кўп. Масалан, инглиз санъатшунос олими Ф. Р. Мартин “Темурийлар сингари санъати ва маданиятини қадрлайдиган ҳукмдорлар Марказий Осиёда ҳеч вақт бўлмаган”, деб ёзади. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир ташаббуси тафаккур тарзимиз, ҳаётга муносабатимиз, миллат ва халқнинг бугуни, эртасини, навқирон авлод маънавий камолотини, одамларимизнинг нурли келажагини яратишга қаратилган ишларимизнинг туб илдизларини ҳам ўз ичига қамраб олади, десак, янглишмаган бўламиз.

Инфографика: "Халқ сўзи"

Концепция беш бобдан иборат. Унда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, тизимдаги муассасалар ҳуқуқий мақомини белгилаш, ижодкорларни ижтимоий ҳимоялашнинг ҳуқуқий базасини, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш, маданият ҳамда санъат муассасалари моддий-техника имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини тўлиқ татбиқ этиш, халқаро фестиваль ва кўрик-танловларда чинакам истеъдод эгалари иштирокини таъминлаш, хорижий ташкилотлар билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш каби қатор чора-тадбирлар белгиланган. Қарор асосида 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар дастури, 2019 — 2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва тўлиқ жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати ҳам тасдиқланди.

Албатта, буларнинг барчаси миллий маданиятимизни янада ривожлантириш концепцияси мамлакатимиз маданий ҳаётида нақадар катта аҳамият касб этишини ифодалаб турибди. Зеро, у соҳада тўпланиб қолган жиддий муаммоларни бартараф этишда ҳам дастуриламал бўлади. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 1777 та маданият уйи ва клуб муассасаси негизида 2013 йилда ташкил этилган 894 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази маданият марказларига айлантирилади. Бундан ташқари, Концепцияни амалга ошириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида Маданият вазирлиги ва “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти мутахассислари ҳамкорликда тайёрлаган, маданият марказлари мавжуд бўлмаган чекка ва олис тоғли ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига маданий хизматлар кўрсатишга мўлжалланган, махсус мусиқий ва техник ускуналар билан жиҳозланган ихтисослаштирилган “Автоклуб” транспорт воситаси 2019 йилда Навоий ва Андижон вилоятларига Давлат бюджети ҳисобидан олиб берилиши режалаштирилган. Келгусида эса республикамизнинг барча ҳудуди шундай автоклублар билан таъминланади.

Маданий хизматнинг бундай замонавий усули халқимиз маънавий-руҳий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришда ўзининг ижобий натижасини бериши, шубҳасиз. Чунки автоклублар концерт-томоша фаолияти билан чекланиб қолмай, чекка ҳудудлар аҳолисига китоблар, газета-журналлар етказиш, таниқли ёзувчилар, шоирлар, театр арбоблари, сиёсий шарҳловчилар билан мулоқотлар, ижодий кечалар ташкил этади. Яна бир масала: шу пайтгача юртимизда мавжуд 894 та собиқ маданият ва аҳоли дам олиш марказининг 252 таси наридан-бери таъмирланиб, номигагина фаолият олиб боряпти. Қолган 642 тасида эса таъмирлаш ишлари деярли тўхтаб қолганди. Мусиқий чолғулар, овоз кучайтириш воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш масалалари ҳам ачинарли ҳолатда. Қарорда ана шу муҳим ва ўта долзарб масалалар ечими ҳам ўз ифодасини топган.

Концепцияга биноан, 2019 — 2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 26 та маданият маркази янгидан қурилади, 45 таси реконструкция қилинади ва 76 таси капитал таъмирланади. Шундай қилиб, уч йил ичида 147 та маданият маркази зарур воситалар билан тўлиқ таъминланган замонавий биносига эга бўлади. Қолганлари ҳам босқичма-босқич янгиланади, таъмирланади ва жиҳозланади. Шу билан бирга, қарорда Маданият вазирлиги томонидан анъанавий равишда “Халқ чолғулари ижрочилари”, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” ва Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танловларини ўтказиш, ҳар йили 21 — 27 март кунлари “Театр томошалари ҳафталиги”ни аҳоли учун бепул ташкил этиш, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатидан Буюк Ипак йўлининг мамлакатимиздан ўтган қисмини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси воҳаси” ва “Ипак йўли: Фарғона — Сирдарё ҳавзаси” номи ҳамда ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган Хоразм “Лазги”сини “Хоразм рақси — Лазги” номи остида ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш каби қатор вазифалар ҳам белгилаб қўйилган.

Юртимизда халқимиз маданиятини юксалтириш, санъатни янада равнақ топтириш борасида яратилаётган беқиёс имкониятларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Буларни дилдан ҳис қилиб, теран идрок этишимиз жоиз. Зотан, асрларга татигулик бундай ибратли ишлар билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Биздан талаб этиладигани эса миллий маданиятимизнинг янада равнақ топиши учун фидокорона хизмат қилишдир. Чунки миллий маданияти юксак халқ жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам мавқега эга бўлади.
Азамат ҲАЙДАРОВ,
Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш
илмий-методик маркази директори, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019